Арофатга чиқишдан олдин ғусл қилиш суннатдир. Арофатда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз ҳаж бўлмайди. Арафа куни заволдан бошлаб, Арофатда туриш вақти киради. Макони, Арофат деб номланган машҳур жой. Арофат чегарасидан бошқа жойда турса, ҳажи ҳаж бўлмайди. Арофатда Арафа куни заволдан ҳайит куни тонгигача қай ҳолда турса ҳам, бир соат турса соқит бўлади. Бу ерда ҳам талбия айтиб туради. Арофатда ҳам дуога зўр бериш керак, айниқса Жабали раҳмат устиларига чиқиб дуо қилиш тавсия қилинган. Арофатда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб, қаср қилиб ўқилади, пешин вақтида. Ҳаж амири хутба ўқийди. Арофатда қуёш ботгунча туриш вожиб ҳисобланади.
#xabar #haj2025
Бугун кечқурун 15 минг ўзбекистонлик зиёратчилар Маккаи мукаррамадаги меҳмонхоналардан ҳаж ибодатининг асосий амалларини бажариш учун Мино водийсига йўл оладилар.
Айтиш жоизки, бугунги кунгача Ўзбекистон ишчи гуруҳи вакиллари томонидан зиёратчиларимиз улуғ ибодатни бекаму кўст адо этишлари учун Мино, Арофат ва Муздалифа водийларида барча шарт-шароитлар тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган.
Айни мақсадда ишчи гуруҳи ва шифокорларнинг маълум аъзолари мазкур муборак водийларда бир муддат олдин бориб, зиёратчиларимизни кутиб олишга шай бўлиб турибдилар.
Хусусан, бу йил, Ўзбекистон томонининг талабига мувофиқ, Арафот ҳудудидаги чодирлар ёпиқ тарзда барпо этилди. Уларнинг атрофи иссиқ ўтказмайдиган панеллар билан ўралган, совутиш тизими ўрнатилган, гилам ва тўшаклар солинган. Бу ҳозирги ёз кунларида зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратади.
Шунингдек, барча шароитларга эга тиббиёт марказлари, 3 маҳал иссиқ овқат ва 24 соат давомида чой ва салқин ичимликлар билан таъминлаш йўлга қўйилади. Арафотда Муздалифада фойдаланиш учун ҳожиларга махсус тўшак ва соябонлар тарқатиш режалаштирилган.
Айни пайтгача соҳа раҳбарлари томонидан ишчи гуруҳи аъзолари, элликбошилар ва шифокорлар жамоасига ҳаж жараёнларини намунали бошқариш, белгиланган тартибларга риоя этиш ва шаръий масалалар ҳақида батафсил тушунтирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати