Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

Жамарот

29.07.2016   22582   1 min.
Жамарот

Минога келгач тош отиш бошланади. Ҳайитнинг 1 – куни етти дона тош отилади. Тошни Муздалифадан ё хоҳлаган бошқа жойдан териб олса бўлади. Тош ҳажми нўхатдек бўлади. Тош олдин отилган бўлмаслиги керак. Тош отиш Иброҳим (а.с) дан қолган бўлиб, у зот ўғлини қурбонликка сўйишга олиб кетаётганларида шайтон иғво қилмоқчи бўлганда, Иброҳим а.с. уни тош отиб қувган.

Ҳайитнинг 1 – куни Жамратул ақобада тош отилади. У жамратул кубро, жамратул ухро деб ҳам аталади. Тош ақобадан беш газ узоқликдан туриб, бармоқларнинг учи билан отилади. Ҳар бир тош “Аллоҳу акбар” деб отилади. Тош агар махсус жойга тушмаса, қайта отиш вожиб бўлади. Биринчи тошни отган заҳоти “талбия”ни тўхтатади. Тош отиш вақти субҳи содиқдан, кейинги куннинг субҳигачадир. Тош отган заҳоти у ердан кетиш керак бўлади. Кейинги кун субҳигача отилмаса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Кечаси отиш макруҳ. Аммо аёллар, қарилар, касаллар кечаси отгани афзал. Тош отаётган жой 2 қаватли бўлиб, қайсидан отса ҳам бўлаверади.

Узрли кишиларни тошини бошқа отса ҳам бўлади, фақат аввал ўзиникини отиши шарт. Тош отилгач, ифрод ҳажни ният қилган киши соч олдиради. Лекин у агар қурбонлик қилмоқчи бўлса, аввал қурбонлик қилиб кейин сочини олдиради. Қирон, Таматтуъдагилар шундай қилиши шарт. Энди эҳромда ман қилинган ишларнинг аёллардан бошқаси ҳалол бўлади.

Ҳаж ва умра
Бошқа мақолалар
Мақолалар

​"Эй ўғилгинам..."

18.09.2026   1692   3 min.
​

Луқмоннинг фарзандига айтган насиҳатларидаги буюк ҳикматлар


Баъзи сўзлар борки, орадан қанча асрлар ўтмасин, ўз қимматини йўқотмайди. Чунки улар инсон қалбига йўл топади, уни яхшиликка чорлайди ва ҳаётда тўғри йўлни танлашга ундайди.

«Эй ўғилгинам...»


Луқмоннинг фарзандига айтган бу мурожаатида чуқур меҳр, самимият ва улкан ҳаёт ҳикмати мужассам. Унинг насиҳатлари нафақат бир фарзандга, балки ҳар бир инсонга тегишли бўлган ибратли ўгитлардир.


Луқмон фарзандига аввало энг муҳим ҳақиқатни эслатади:


«Эй ўғилгинам! Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилма. Албатта, ширк катта зулмдир».


Инсон ҳаётидаги энг муҳим пойдевор — тўғри эътиқод. Дунёдаги бойлик, мансаб, обрў ва барча неъматлар вақтинчалик. Аммо инсоннинг Аллоҳ билан бўлган муносабати унинг бутун ҳаётига таъсир қилади. Шунинг учун фарзанд тарбияси, аввало, унинг қалбига иймон ва Аллоҳга бўлган муҳаббатни сингдиришдан бошланади.


Шундан сўнг Луқмон:

«Эй ўғилгинам! Намозни тўкис адо эт...»

деб насиҳат қилади.


Намоз — инсоннинг Роббиси билан боғланишидир. У қалбни поклайди, инсонни яхшиликка ундайди ва ҳаётига тартиб бағишлайди. Фарзандга намозни ўргатиш — унга фақат бир ибодатни эмас, балки масъулият, поклик ва маънавий тартибни ҳам ўргатишдир.


Луқмон фарзандини яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришга ҳам чақиради. Чунки ҳақиқий эзгулик фақат ўзимиз учун эмас, атрофимиздагилар учун ҳам манфаатли бўлиши керак. Баъзан бир оғиз яхши сўз инсоннинг кўнглини кўтарса, бир самимий насиҳат унинг ҳаётини ўзгартириши мумкин.


Аммо яхшилик йўли доимо осон эмас. Шунинг учун Луқмон:


«Бошингга тушган мусибатларга сабр қил», дейди.


Инсон ҳаётида турли синовлар учрайди. Баъзида режаларимиз амалга ошмайди, баъзида кутилмаган қийинчиликларга дуч келамиз. Ана шундай пайтларда сабр инсонга куч беради. Сабр — таслим бўлиш эмас, балки қийинчиликка қарамай тўғри йўлда давом этишдир.


Луқмоннинг яна бир муҳим насиҳати — кибрдан сақланиш:


«Кишилардан кибр билан юз ўгирма ва ер юзида манманлик билан юрма».


Инсонга берилган бойлик, илм ёки мартаба уни бошқалардан устун қилиб қўймайди. Аксинча, инсон қанчалик кўп неъматга эга бўлса, шунчалик камтар бўлиши лозим. Чунки ҳақиқий улуғлик — ўзини бошқалардан баланд қўйишда эмас, балки инсонларга ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлишдадир.


Насиҳатларда ҳатто инсоннинг юриши ва овозигача эътибор қаратилган:


«Юришингда ўртача бўл ва овозингни пасайтир. Албатта, овозларнинг энг ёқимсизи эшакларнинг овозидир». Бу бизга одобнинг катта ишлардагина эмас, балки кундалик одатларимизда ҳам намоён бўлишини кўрсатади. Вазминлик, мулойимлик, меъёр ва чиройли муомала инсонни безайди.


Бугун бизга ҳам керак бўлган насиҳатлар


Луқмоннинг фарзандига айтган ўгитлари асрлар олдин айтилган бўлса-да, бугунги кун учун ҳам ниҳоятда долзарб.


Бугун фарзандларимизга яхши касб эгаси бўлиш билан бирга, яхши инсон бўлишни ҳам ўргатишимиз керак. Уларнинг қалбига иймон, тилига яхши сўз, хулқига камтарлик, ҳаётига сабр ва меҳрни сингдиришимиз зарур.


Чунки фарзандга қолдириладиган энг қимматли мерос — мол-дунё эмас.


Энг буюк мерос — иймонли қалб, гўзал ахлоқ ва тўғри тарбиядир.


Шу боис Луқмоннинг:


«Эй ўғилгинам...» деб бошланган насиҳатлари ҳар биримиз учун ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган. Уларни ўқишгина эмас, ҳаётимизга татбиқ этиш биз учун энг катта ибратдир. 
 

Ҳумоюддин Ҳусниддин ўғли, 

Масжидлар билан ишлаш бўлими

                 етакчи мутахассиси таржимаси 


                                      

Мақолалар