Минога келгач тош отиш бошланади. Ҳайитнинг 1 – куни етти дона тош отилади. Тошни Муздалифадан ё хоҳлаган бошқа жойдан териб олса бўлади. Тош ҳажми нўхатдек бўлади. Тош олдин отилган бўлмаслиги керак. Тош отиш Иброҳим (а.с) дан қолган бўлиб, у зот ўғлини қурбонликка сўйишга олиб кетаётганларида шайтон иғво қилмоқчи бўлганда, Иброҳим а.с. уни тош отиб қувган.
Ҳайитнинг 1 – куни Жамратул ақобада тош отилади. У жамратул кубро, жамратул ухро деб ҳам аталади. Тош ақобадан беш газ узоқликдан туриб, бармоқларнинг учи билан отилади. Ҳар бир тош “Аллоҳу акбар” деб отилади. Тош агар махсус жойга тушмаса, қайта отиш вожиб бўлади. Биринчи тошни отган заҳоти “талбия”ни тўхтатади. Тош отиш вақти субҳи содиқдан, кейинги куннинг субҳигачадир. Тош отган заҳоти у ердан кетиш керак бўлади. Кейинги кун субҳигача отилмаса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Кечаси отиш макруҳ. Аммо аёллар, қарилар, касаллар кечаси отгани афзал. Тош отаётган жой 2 қаватли бўлиб, қайсидан отса ҳам бўлаверади.
Узрли кишиларни тошини бошқа отса ҳам бўлади, фақат аввал ўзиникини отиши шарт. Тош отилгач, ифрод ҳажни ният қилган киши соч олдиради. Лекин у агар қурбонлик қилмоқчи бўлса, аввал қурбонлик қилиб кейин сочини олдиради. Қирон, Таматтуъдагилар шундай қилиши шарт. Энди эҳромда ман қилинган ишларнинг аёллардан бошқаси ҳалол бўлади.
Ичкарига кирар-кирмас:
– Ниманг бор? Олиб кел, қорним оч, – деб бақирди.
– Овқат қилишга ҳеч вақо қолмаган, болалар ҳам оч…
Аёлини эшитишга тоқати ҳам етмаган эр яна бақирди:
– Сенда доим йўқ, сенга қолса, очликдан ўлсам…
У ғўдрана-ғўдрана яна кўчага равона бўлди. Қўрқиб бурчакда беркиниб турган болалар югуриб келиб онасини қучоқлашди.
Мастурахон турмушга чиққанидан буён кўпинча аҳвол шу. Тонгда туриб томорқада ишлар, баъзан кимнингдир кирини ювар, уйини супуриб-сидирар, хуллас, рўзғор учун пул топиб келарди. Эри эса кўча-кўйда тентираб, ичишдан бошқа нарсани ўйламасди. Бирор кун йўқ, шу аёл хотиржам тонг оттирса, бирор тун йўқ, ҳаловат билан ухласа. Фарзандлари ҳам отанинг бақир-чақиридан қўрқиб-қўрқиб сўзларди. Аёл кечки таомга нима тайёрлашини билмай ошхонага кирар экан, бехосдан дарвоза очилди, тўрт-беш киши эрини кўтариб олиб киришди. Унинг ҳамма ёғи қон эди.
– Қўшни, хўжайинингизни кўча бошида машина уриб кетибди. Сабрли бўлинг, илож қанча?! Банда тақдирда борини кўради, – дея дўконда савдо қиладиган қўшниси далда берди…
* * *
Оилада ўз масъулиятига, вазифасига панжа орасидан қараган эркак ўзини ҳам, қўл остидаги ожиза аёлини ҳам бахтсиз қилиши тайин. Аллоҳ таоло: “Улар (аёлларингиз) билан тотув турмуш кечирингиз” (Нисо сураси, 19-оят), деб амр қилган. Аёлини хўрламаслик, унга азият етказмаслик, эътиборсиз ташлаб қўймаслик эрнинг маънавий бурчи ҳисобланади.
Қуръони каримда яна бундай марҳамат қилинади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Раббимиз эр кишини оилада бошлиқ, раҳбар этиб қўйган. Эркаклар ҳам жисмонан, ҳам маънан шу мақомга масъул. Оиланинг нафақаси, сарф-харажати, фарзандларнинг моддий эҳтиёжи, оилани ҳимоялаш эрнинг зиммасида. У оилани бошқаришда асло қўполлик, зулм қилиши мумкин эмас. Қолаверса, эрнинг раҳбар қилиниши асло аёлни камситиш керак, дегани эмас. Айрим ғанимлар даъво қилаётганидай, унинг ҳуқуқларини чеклаш ҳам эмас, балки оила-рўзғор ташвишларидан аёлни озод қилиш, турмуш машаққатларини табиатан бақувват яратилган эркакка юклашдир.
Динимизда эркак кишининг аёлига яхши муносабатда бўлиши уни инсонларнинг энг яхшилари қаторига қўшади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман” (Имом Термизий ривояти).
Эркакнинг энг муҳим бурчи қарамоғидагилар – оила аҳлининг ўзгалар қўлига қараб қолишларига йўл қўймасликдир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аёл ва фарзандлар таъминоти фарздир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Эркаклар ўз бурчларига риоя қилсалар, оилалар мустаҳкам, аёллар эса бахтли бўлишади!
Ойдиной РАВШАНОВА,
Навоий вилояти Қизилтепа тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws