Минога келгач тош отиш бошланади. Ҳайитнинг 1 – куни етти дона тош отилади. Тошни Муздалифадан ё хоҳлаган бошқа жойдан териб олса бўлади. Тош ҳажми нўхатдек бўлади. Тош олдин отилган бўлмаслиги керак. Тош отиш Иброҳим (а.с) дан қолган бўлиб, у зот ўғлини қурбонликка сўйишга олиб кетаётганларида шайтон иғво қилмоқчи бўлганда, Иброҳим а.с. уни тош отиб қувган.
Ҳайитнинг 1 – куни Жамратул ақобада тош отилади. У жамратул кубро, жамратул ухро деб ҳам аталади. Тош ақобадан беш газ узоқликдан туриб, бармоқларнинг учи билан отилади. Ҳар бир тош “Аллоҳу акбар” деб отилади. Тош агар махсус жойга тушмаса, қайта отиш вожиб бўлади. Биринчи тошни отган заҳоти “талбия”ни тўхтатади. Тош отиш вақти субҳи содиқдан, кейинги куннинг субҳигачадир. Тош отган заҳоти у ердан кетиш керак бўлади. Кейинги кун субҳигача отилмаса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Кечаси отиш макруҳ. Аммо аёллар, қарилар, касаллар кечаси отгани афзал. Тош отаётган жой 2 қаватли бўлиб, қайсидан отса ҳам бўлаверади.
Узрли кишиларни тошини бошқа отса ҳам бўлади, фақат аввал ўзиникини отиши шарт. Тош отилгач, ифрод ҳажни ният қилган киши соч олдиради. Лекин у агар қурбонлик қилмоқчи бўлса, аввал қурбонлик қилиб кейин сочини олдиради. Қирон, Таматтуъдагилар шундай қилиши шарт. Энди эҳромда ман қилинган ишларнинг аёллардан бошқаси ҳалол бўлади.
Вилоят ҳокими А.Бобоев Набавий мерос бўйича халқаро анжуманда иштирок этиш учун Самарқандга ташриф буюрган Малайзиянинг Перлис штати валиаҳд шаҳзодаси Туанку Саййид Файзуддин Путра ибн Туанку Саййид Сирожиддин Жамолуллайл бошчилигидаги делегация билан учрашди.
«Зарафшон» нашри хабарига кўра, мулоқот аввалида А.Бобоев меҳмонларни Самарқандга ташрифи билан қутлаб, кейинги йилларда давлат раҳбарларининг самарали ташқи сиёсати ва дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожлаб бораётганини таъкидлади. Хусусан, туризм соҳасидаги алоқалар йил сайин мустаҳкамланиб, қамрови кенгаймоқда.
– Йил бошидан буён Самарқандга келган малайзиялик сайёҳлар аввалги йилга нисбатан уч баробар ошгани кўп нарсадан далолат беради, – деди А.Бобоев. – Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш мақсадида ҳар йили делегациялар ташрифлари амалга оширилмоқда. Янгидан барпо этилган Имом Бухорий мажмуаси ҳудудидаги меҳмонхоналардан бири бугунги кунда малайзиялик тадбиркор томонидан бошқарилмоқда. Ушбу давлатдаги “Насирул Қуръон” нашриёти Имом Бухорий мажмуаси учун 20 минг дона Қуръон совға қилгани диний-маърифий, зиёрат туризми йўналишидаги алоқаларимиз мустаҳкамланиб бораётгани натижасидир. Перлис штати муфтийси, профессор, Дато доктор Муҳаммад Асри Зайнул Обиддин жанобалари эса Ўзбекистоннинг Малайзиядаги туризм элчиси ҳамда Самарқанднинг яқин дўсти ҳисобланади.
Перлис штати валиаҳд шаҳзодаси Набавий мерос бўйича X халқаро анжуман Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ўтказилаётгани учун миннатдорлик билдириб, бу Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги таълим, илм-фан ва диний-маърифий соҳалардаги яқин ҳамкорликнинг натижаси эканлигини қайд этди.
– Пайғамбаримиз илмий меросига бағишланган нуфузли анжуман доирасида яна Самарқандда бўлиш, буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш бахти насиб этганидан хурсандман, – деди Туанку Саййид Файзуддин Путра ибн Туанку Саййид Сирожиддин Жамолуллайл. – Мен Ўзбекистонга, жумладан, Самарқандга бир неча бор келганман. Лекин бугун келиб шунга амин бўлдимки, 2012 йилдаги охирги ташрифимдан кейин бу юртда оламшумул ўзгаришлар амалга оширилибди. Айниқса, Имом Бухорий мажмуасининг қайтадан бунёд этилгани, бу қутлуғ қадамжонинг кўрку салобатини кўриб, ҳайратда қолдим. Бу Ўзбекистонинг 1991 йилда мустақил давлат сифатида пайдо бўлишини эмас, балки уч минг йиллик тарих, бой давлатчилик анъаналарига эга мамлакат эканлигини кўрсатади.
Мулоқот давомида томонлар Самарқанд вилояти ва Перлис штати ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати