Эҳром Ҳаж ва Умранинг энг биринчи амалидир.
“Эҳром” арабча сўз бўлиб, луғатда “ҳаром қилмоқ” маъносини англатади.
Юртимиздан борган зиёратчилар Мадина аҳли каби Зул-Ҳулайфада эҳром боғлайдилар.Умра (Ҳаж)да эҳромга кирган одам ўзига эҳромдан олдин ҳалол бўлган баъзи ишлар ва нарсаларни ҳаром қилган бўлади. Масалан, бошқа вақтларда ўзига хушбўй нарсаларни сепиши ҳалол эди. Эҳромга киргач, бу нарса ҳаром бўлиб қолади. Эҳром умра (ҳаж)нинг энг кўзга кўринган аломатидир. Бўлажак умра зиёратчилари ният қилиб эҳром киядилар. Эҳром умранинг ниятидир.
Эҳромгa киpишдан олдин бажариладиган амаллар:
- coч, тиpнoқ, мўйлaб вa oлиниши лoзим бўлгaн тyклap oлинади;
- ғусл қилинади, имкони бўлмаса, таҳорат қилинади;
- икки пapчa oқ, янги ёки ювилгaн мaтoнинг биpи(изор)ни киндик ва тиззаларни қўшиб тўсадиган қилиб белга тутилади. Иккинчиcи (ридо)ни eлкa аралаш айлантириб ўралади. Аёлларнинг эҳроми уларнинг сидирға (гулсиз мато) кийими бўлади. Улар учун махсус ранг белгиланмаган. Бaдaни вa эҳром кийимигa хyшбўй нapca cypтaди, аммо хушбўйликнинг ранги кийимда қолмаслиги керак. Сўнгра Зул-Ҳулайфада икки paкaт нaмoз ўқилади. Биринчи ракаатда “Фотиҳа” сурасидан кейин “Кофирун” сураси, иккинчи ракаатда эса, “Фотиҳа”дан кейин “Ихлос” сураси ўқилади. Сўнгра ҳажнинг қайси турини адо этадиган бўлса, ўшанга мос ният қилинади.
وَمَنْ شَاءَ الْإِحْرَامَ وَهُوَ شَرْطُ صِحَّةِ النُّسُكِ كَتَكْبِيرَةِ الِافْتِتَاحِ ، فَالصَّلَاةُ وَالْحَجُّ لَهُمَا تَحْرِيمٌ وَتَحْلِيلٌ.
“Ким эҳромга киришни хоҳласа, ҳолбуки у (эҳром) намозни бошлашдаги такбир каби ҳажни дуруст бўлиши учун шартдир. Намоз билан ҳажнинг таҳримаси ва таҳлили бор” (“Раддул мухтор”).
ЭҲРОМГА КИРИШДА ЎҚИЛАДИГАН ДУОЛАР:
Бизнинг ҳожиларимиз ҳам, умра зиёратчиларимиз ҳам Мадинаи мунавварада тўхтаган меҳмонхонамизда ғусл қилиб, эҳром боғлаймиз. Зиёратчи Ҳажнинг қaйcи турини адо қилмoқчи бўлca, ўшaнгa мoc ният қилади. Macaлaн,
Қиpoн ҳажининг нияти:
اللهم إني أريد العمرة والحج فيسرهما لي وتقبلهما مني
”Aллoҳyммa инний ypийдyл yмpатa вaл-ҳaжжa фa йaccиpҳyмa ли вa тaқoббaлҳyмa минний”
Яъни, Aллoҳим, мен yмpa вa ҳаж қилишни иpoдa қилaмaн, yлapни мeнгa ocoн қилгин вa қабyл эт”.
Taмaттyъ ҳажининг умраси нияти, Ўзбекистонлик зиёратчилар таматтуъ эҳромига киради ва қуйидагича ният қилади:
Taмaттyъ ҳажининг умраси нияти:
اللهم إني أريد العمرة فيسرها لي وتقبلها مني
”Aллoҳyммa инний ypийдyл умрата фa йaccиpҳо лий вa тaқoббaлҳо минний”.
Яъни, “Аллоҳим, мeн yмpa қилишни иpoдa қилaмaн. Уни мeнгa ocoн қилгин вa мендан қaбyл эт”.
Ифpoд ҳажининг нияти:
اللهم إني أريد الحج فيسره لي وتقبله مني
“Aллoҳyммa инний ypийдyл ҳaжжa фa йaccирҳу лий вa тaқoббaлҳy минний”.
Яъни, “Aллoҳим, мeн ҳaж қилмoқни иpoдa қилaмaн, yни мeнгa ocoн қилгин вa мендан қaбyл эт”.
Бугун биз дунёнинг турли ҳудудларида урушлар, ноҳақдан қон тўкилишга жим қараб турадиган ва ўзгаларнинг ҳақини ўйлаб ўтирмай поймол қилинадиган таҳликали замонда яшамоқдамиз. Шундай оғир вазиятда ўзимизни, юртимизни қолаверса юртимиз аҳлини омонда сақлашга жон-жаҳдимиз билан киришишимиз барчамиз учун бирдек ҳам фарз, ҳам қарздир.
Бугунги ер юзида бўлаётган бузғунчилик ва бегуноҳ одамлар қонини тўкиш каби жиноятлар негизида эътиқодий бузуқлик, ақида билмаслик, тўғри йўлдан адашиш ва соф ислом таълимотларини теран англамасликдан келиб чиқмоқда. Шу сабаб сизларга бу мақола орқали исломда эътиқоднинг ўрни ҳақида эслатма келтирамиз.
Эътиқод – бу биргина Ислом динига боғланиб қолган тушунча эмас, балки барча динларнинг энг асосий пойдевори саналади. Зеро, дин деб айтиладиган барча йўналиш уч асос устига қурилади: Эътиқод, Ҳукм ва ахлоқ.
Эътиқод – Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, фаришталарга, китобларга ва шу каби бир неча нарсаларга иймон келтириш демакдир.
Ҳукм – бир нарсанинг ҳалол, ҳаром ёки шубҳали каби бўлимларга ажратиб берувчи қисмдир.
Ахлоқ – инсоннинг ўзга махлуқотлардан ажратиб, уни қайси турга мансуб эканини кўрсатиб берувчи омилдир.
Шу уч қисмнинг йиғиндиси ягона дин деб аталади. Инсон нафсига бас келолмай ахлоқи бузуқроқ бўлиб қолиши мумкин баъзида, ёки айрим ҳалол ва ҳаром масалаларида адашиб кетишини ҳам тушинса бўлади. Лекин эътиқодсиз бўлиши мумкин эмас, чунки унинг ким эканини эътиқод белгилайди.
Хўш, эътиқод ўзи нима?, биз қайси эътиқоддамиз?, эътиқодга эргашишда қандай фойда, аксида эса қандай зарарлар бор?
Эътиқод илми одатда «Ақида» номи билан ҳам кенг тарқалган. Икки номнинг ҳам асл ўзаги бир «Ақд» сўзидан олинган. Бу сўз арабча бўлиб, «бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш» деган маънони англатади. Яъни ислом ақидаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир.
Дунёда бир қанча ақида, фалсафий фикрлар ҳам бор, улар ичида ҳозирги кунга келиб йўқолиб кетганлари ҳам талайгина. Бироқ, аҳли сунна жамоаси эътироф этган эътиқодий таълимот йўли икки дона бўлиб, улар: мотуридийлик ва ашъарийлик таълимотларидир. Дунёда исломда парокандалик ва бузғунчилик пайдо қиладиган турли фикр, фалсафа ва эътиқодлар юзага келган бир даврда, Қуръони карим, ҳадис шариф ва саҳобаларнинг услубида ақида масалаларини ёрита бошлаган соф эътиқодли олимлар пайдо бўла бошлади. Айнан шуларга «Аҳли сунна вал жамоа» номи берилди. Бу ном «суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар» деган маънони кўзда тутади. Кейинчалик ақида илми ҳам ўз имомларига эга бўлди: Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий роҳимаҳуллоҳлар.
Ушбу имомлардан бири бизнинг мўътабар юртимиздан етишиб чиққан, буюк сиймо, аллома, Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотурийдий роҳимаҳуллоҳ. У киши Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида ҳижрий 333-санада вафот этган. Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, бу киши мазҳабда Ҳанафий мазҳабига эргашганлар. Шу билан бирга икки восита ила Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳга шогирд ҳам бўлади. Биз ва ота-боболаримиз эътиқодда ана шундай буюк бобокалонимизнинг таълимоти бўлмиш Мотуридия ақидасидамиз. Мотуридийлик таълимоти ўзгаларидан фарқи ва ҳақиқий суннатга эргашган йўл эканини бир мисол ўлароқ кўриб чиқамиз.
Мотуридийлик таълимотига биноан биз «гуноҳ иш қилган одамни диндан чиқди демаймиз, модомики ўша ҳаром ишни ҳалол санамаса». Хулоса қилиб айтганда, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Аммо ўша қилган ҳаром ишини ҳалол, ҳалол ишини ҳаром деса, кейин кофир бўлади.
Айнан мана шу биз келтирган масала бўйича ўзга фикрларни келтириб ўтамиз:
Биз, аҳли сунна вал жамоа бирор кишини гуноҳи кабира қилгани учун кофир демаймиз, шу билан иймони бўлса гуноҳ унга зарар бермайди ҳам демаймиз.
Хаворижлар эса, гуноҳи кабира қилганни кофир дейди. Мўтазилий тоифаси эса, гуноҳи кабира қилганни диндан чиқди, лекин куфрга кирмади дейдилар. Яъни дин ва динсизлик орасида дейишади.
Хавориж ва Муътазилийларнинг сўзларига ҳам ўз далиллари бор:
«Мусулмонни сўкиш фисқдир. У билан уруш қилиш куфрдир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Шу ва шу каби бир қанча ҳадисларни далил қилиб олишади. Ана шу ерда ҳақли савол туғилади, биз гуноҳ сабаб кофир бўлмайди деяпмиз. Аммо ҳадисда очиқ «У билан уруш қилиш куфрдир» деган гап турибди. Бунга нима деб жавоб берамиз?.
Агар гуноҳи кабира қилиш куфр бўлганида, шариат ҳадларни жорий қилмас эди. Масалан, ўғрининг қўли кесилиши, зинокорга ҳад урилиши каби. Балки, диндан чиқди, кофир ва муртад бўлди. Энди фақат ягона йўл уни ўлдириш керак дер эди. Мана шу ҳолат ва ҳукмнинг ўзиёқ юқоридаги тоифаларнинг сўзлари қанчалик ботил эканини баён этади.
Хулоса қиладиган бўлсак, тўғри эътиқод ўзгаларга нисбатан ҳам чиройли гумонни келтиради. Соф эътиқоддан йироқлашиш эса, иноннинг ўзига ҳам ўзгалар тинчига ҳам раҳна соладиган иллат бўлиб хизмат қилади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати.
1. Аҳмад ибн Ҳажар ал-Асқалоний, «Фатҳул борий шарҳи Саҳиҳул Бухорий», Дорул райяни лит-турос, Қоҳира, 1986, 1-босма.
2. Абдулмажид аз-Зиндоний ва бошқалар, «Ал-Иймон», Ал-Мактабатут-тижорийя, Макка.
3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Ақоид илмлари ва унга боғлиқ масалалар», Ҳилол нашр, Тошкент. 2022.
Нажмиддин домла ҲАСАНОВ,
Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани
Ҳасанхон қори масжиди имом-хатиби