بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ёшлик ҳар бир инсонга бир марта бериладиган тенги йўқ неъматлардан бири бўлиб, унинг қадрига етмоқ керак. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг илмий ва маънавий салоҳиятини ошириб борган инсон ўз зиммасидаги энг олий вазифани уддалаган ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Ҳар бир фарзанднинг шахсияти оилада шаклланади. Демак, оила баркамол авлод пойдевори ҳисобланади. Шундай экан оилада фарзандларни аҳлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан мукаммал тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.
Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчларидан бири ҳисоблашади. Ватандошимиз буюк муҳаддис Имом ал-Бухорий: «Нажот фақат илмдадур», деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик – жаҳолатдан, жаҳолат эса – такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки динни илмсиз даъво қилса, ўзи ҳам адашади, бировни ҳам адаштиради», – деб айтган ҳадислари ўз мазмунини йўқотган эмас.
Маълумки, Қуръони каримда:
(لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ... (سورة البقرة/256
яъни: «Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…» (Бақара, 256), деб марҳамат қилинган. Дарҳақиқат, Конституциямизда ҳам бирон фуқарони бирон динга мажбурлаб киритиш тақиқланган, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги ва кафолатлангани хусусида шундай дейилган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади.
Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди». Диний бағрикенглик тамойили Конституциямизнинг барча моддаларида ўз аксини топган десак хато бўлмайди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари қонунимиз доирасида аниқланиб, белгилаб қўйилган.
Бағрикенглик билан ўзгаларнинг узрини қабул қилиш, оғирликни ўзига олиб, бошқаларга енгиллик бахш этиш муқаддас динимизнинг таълимотларидан биридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
(خُذِ الْعَفْوَ وَأْمُرْ بِالْعُرْفِ وَأَعْرِضْ عَنِ الْجَاهِلِينَ (سورة الأعراف/199
яъни: «Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!» (Аъроф, 199). Шу оят нозил бўлгач, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил (а.с.)дан уни шарҳлаб беришни сўраган эканлар. Ул зот жумладан: «Аллоҳ таоло Сизга буюриб айтмоқдаки, Сизга зулм қилган кишини Сиз афв этинг, Сизга бермаган кишига Сиз беринг, Сиздан узилиб кетган кишига Сиз яқинлашинг!» – деган эканлар.
Аллоҳ таоло барчани дунёда бирдам ва тенг бўлишга, алоҳида фирқаларга бўлиниб кетмасликка чақиради. Аллоҳ Қуръони каримда фирқа ва оқимларга бўлинишни қаттиқ қоралаб бу йўлдан уларни огоҳлантиради. Қуръони каримнинг:
(وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا ... (سورة آل عمران/ 103
яъни: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” (Оли Имрон, 103), деган оятидаги “арқон”дан мақсад жамоат дейилган. Бошқа бир ўринда “арқон”дан мақсад Қуръон ва суннат деб келтирилган. Бу оят ҳукми билан муфассирлар айнан бу оят барчани фирқаларга бўлинмасликка очиқ далолат қиладиган ҳукм бўлиб, унга эргашиш ҳамда амал қилиш барчага баробар вожиб эканлиги таъкидланган. Мазкур оят ҳукмига биноан, ислом тарихида фирқа ва оқимларнинг фаолияти ва улар томонидан амалга ошириладиган ишлар эътиқодий ёки фиқҳий бўлсин танқидий назар билан қаралган. Уларнинг фаолияти тўхталишига қаратилган қаттиқ чоралар кўрилган. Шунга қарамай, Қуръони каримдаги муташобиҳ оятларга эргашиш, ўз нафслари хоҳишига қараб оят маъносини таъвил қилишга, бу таъвил ортидан катта фитналар келиб чиқишини билган ҳолда унга зўр бериш ҳаракатлари олиб борилган ва бунинг натижасида кўплаб фирқа ва оқимлар ажралиб чиққан. Фирқаларнинг чиқиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврида башорат қилганлар ва бу башорат орадан кўп вақт ўтмай ўз ҳақиқатини зоҳир қилган.
Муҳтарам жамоат! Ёшларимизни турли хил ёт оқимлардан ҳимоя қилишда диний омиллар – Қуръон оятлари ва ҳадислардан кенг фойдаланиш ҳамда диннинг асл моҳиятини англатиш ҳам лозим. Диний экстремизм ва терроризм муқаддас Ислом динига алоқадор бўлмасдан, муайян диний конфессия ва ташкилотлардаги ашаддий мутаассибона унсурларнинг фаолияти мафкурасининг натижаси эканлигини ҳар бир ёш авлодга тушунтириш бугунги куннинг долзарб мавзуларидандир. Ҳолбуки, динда мутаассибона эътиқодда бўлиш ва соф исломий эътиқоддан бехабарлик диний экстремизм ва терроризмнинг асл манбаи ҳисобланади.
Ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Бундай кимсаларга нисбатан Аллоҳ таоло Қуръони каримда хитоб қилиб шундай дейди:
(... كُلُوا وَاشْرَبُوا مِنْ رِزْقِ اللَّهِ وَلَا تَعْثَوْا فِي الْأَرْضِ مُفْسِدِينَ (سورة البقرة/60
яъни: “...Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”. (Бақара, 60).
Диний ақидапарастлик жаҳолатидан ўзини асраш эса ҳар бир эътиқодли инсоннинг мусулмон сифатидаги бурчидир. Чунки Исломнинг ўзида яхшини ёмондан, тафаккурни жаҳолатдан, илмни кўр-кўроналикдан ажратиш меъёрлари белгилаб берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди:
(قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ (سورة الزّﻣﺮ/9
яъни: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?”.
Қадрли намозхонлар! Ҳозирги кунда мафкуравий-ғоявий жиҳатдан диний асосга таянадиган турли инқилобий ҳаракатлар дунёнинг турли жойларида, айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларида митинг, иш ташлаш, намойиш, йиғин, исёнлар ва аҳолининг турли табақалари жамият билан ҳокимият ўртасида ҳарбий қуролли тўқнашувлар тусида амалга оширилмоқда. Шахс ва жамият, диний маслак ўрни тўғрисида тўғри тасаввурга эга бўлмаган ёш йигит-қизлар кўпинча ана шундай инқилобий тўс-тўполонлар ғилдирагини айлантиришга кўмаклашмоқда.
Бузғунчи ғояларнинг тез тарқалишига сабаб бўлаётган ижтимоий тармоқлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир этаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солмоқда. Айниқса, ёшларнинг кўпи “Odnoklassniki”, “Facebook”, “Vkontakte”, “Мой мир”, “Twitter” кабилардан фойдаланишади. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар интернетга кирувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиш ва маълумот алмашишлари учун жуда қулай воситадир.
Ўтган йиллар давомида ижтимоий тармоқлар ривожланиб, такомиллашиб борди. Илк босқичда улар ёрдамида фақат ёзишмалар амалга оширилган бўлса, сўнгги йилларга келиб, иштирокчилар мусиқа ва видео файлларни қўшиш ва кўчириш имконига ҳам эга бўлишди. Интернет саҳифаларидаги айрим ҳаё, одоб-ахлоқ, андиша каби миллий урф-одатларимизга хилоф мазмундаги нарсалар оила тинчлиги, мустаҳкамлиги ва фаровонлигига ҳамда фарзандларимиз тарбиясига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Биз учун оила муқаддас ҳисобланиб, ундаги тартиб-қоидалар долзарб аҳамиятга эга. Умуман, оилада ўрнатилган ўзига хос қоидалар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим бўлиб келган. Масалан, Марказий Осиё ҳудудига ислом дини ёйилгач, оилага доир қонун-қоидалар ушбу дин таълимотлари асосида шаклланди. Яъни, оилада эрнинг мавқеи баландлиги, шу билан бир қаторда, хотин ҳам тенг ҳақ-ҳуқуқларга эга экани, фарзандлар билан ота-оналари ўртасида одоб, ҳурмат чегараси борлиги, ўзаро яхши муомалада бўлиш кабилар.
Ижтимоий тармоқдаги турли кимсалар азалдан шаклланиб келаётган ана шундай қоидаларни фарзандлар онгида ўзгартиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу билан уларни ўз ота-оналарига қарши қилиб қўйишмоқда. Натижада ана шундай руҳда катта бўлган ўғил-қизлар вақти келиб, оила қурганларида ҳаёт синовларига чидолмасдан, енгил ҳаётни афзал кўриб, оилалар бузилишига сабаб бўлмоқда.
Муҳтарам жамоат! Бизнинг Мовароуннаҳр мусулмонлари ислом дини кириб келган вақтдан бошлаб Имоми Аъзам (ҳанафий) раҳматиллоҳу алайҳ мазҳаби кўрсатмаларига риоя қилиб келганлар. Ўтган уламоларимизнинг деярли ҳаммаси ҳам шу мазҳаб асосида асарлар битиб қолдирганлар. Халқимиз ҳам шу мазҳаб йўл-йўриқларига амал қилишга ўрганиб қолганлар. Уларга бошқа мазҳаб ҳукмларидан гапирилса ёки бошқа мазҳабдаги мусулмонларнинг бошқача намоз ўқиётганликларини кўрсалар, таажжубга тушишлари табиий.
Аммо ақидапараст оқим тарафдорлари диёримиз мусулмонларининг ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли манбалардан ўқиган ёки эшитган бошқа мазҳабларга оид ёки динимиз таълимотларига зид фикрларни оммага тарқатиб, мўмин-мусулмонлар орасида иккиланишларни келтириб чиқаришмоқда. Ҳатто, бу борада бошқалар билан баҳс-мунозараларга ҳам киришадилар. Аллоҳ таоло бундай дейди:
(وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا (سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/70
яъни: «(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсаларга эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (Исро, 36).
Мустақиллик йилларида динимизга берилган имкониятларни, афсуски, суиистеъмол қилган баъзи ёт тоифа ва фирқалар кишилар ўртасида турли ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлдилар. Буни биринчи бўлиб, ўзини «соф ислом таълимоти ҳимоячиси» сифатида таърифлаган оқимлар бошлаб берди.
Бу оқимлар ўзининг илк фаолиятини ҳанафий мазҳаби кўрсатмаларига қарши курашишдан бошлади. Улар ҳаёт моҳиятини ҳали англаб етмаган, ғўр ёшларни ўз таъсирига торта бошладилар. Чунки умри давомида маълум мазҳабда ибодат қилиб келган, кўп йиллик ҳаёт тажрибасига эга бўлган кексаларни йўлдан оздириш улар учун маҳол эди. Бу оқим динга эътиқод қилишда ҳеч қандай мазҳабга ёки имомга эргашишни шарт қилмайди. Қуръон ва ҳадисдан ҳар ким ўзи мустақил фатво олиб эътиқод ва ибодат қилиши лозим, деган даъвони илгари сурди. Шунингдек, асосий ҳужумни масжид имомларини танқид ва айблаб, соддадил ва ғўр мусулмонларни ўз ортларидан осон эргаштирди.
Лекин улар ўзлари қилаётган даъволарига зид равишда, «раҳнамо»ларининг фикри ва фатвосига қараб иш тутардилар. Биринчи ихтилоф намоз ибодатини адо қилиш борасида юзага келди.
Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабида қабул қилинмаган: намозда «Фотиҳа» сурасидан сўнг «омин»ни баланд овоз билан айтиш, «рафъул-ядайн», яъни рукудан олдин ва кейин икки қўлини кўтариш каби амалларни намозхонлар орасида ёйишга уриндилар.
Натижада маҳаллий мусулмонлар орасида тамойиллар жиҳатдан ихтилоф юзага келди. Бу нарса соғлом эътиқодли мўмин-мусулмонларнинг қалбини ларзага солди. Улар ўз мазҳабларини ҳимоя қилишга киришдилар.
Аммо баъзи «аҳли илм»ларнинг масжидда ҳар ким хоҳлаганича намоз ўқиши мумкин, кексаларнинг ёшлар билан иши бўлмасин, асосийси, қанақа йўл билан бўлса ҳам намоз ўқияпти-ку, дея ихтилофларга лоқайд муносабатда бўлишлари оқим тарафдорлари тегирмонига сув қуйди. Улар янги-янги зиддиятларни авж олдиравердилар, намозда оёқни кериб туриш, суннат намозини ўқимаслик, фарз намозидан кейин бошқалар суннатни ўқиётган пайтларида ўтириб олиб, тасбеҳ айтиш ва ҳоказо янгиликларни бирин-кетин киритавердилар.
Муҳтарам жамоат! Мусулмонлар «Аҳли Сунна вал-Жамоа» сифатида бирор-бир мазҳабга эргашишлари лозим. Аммо ихтилоф юқорида зикр қилинган «аҳли илм»лар ўйлаганидек, фақат намоз масаласида бўлиб қолмади, балки у мафкуравий зиддиятга айланиб кетди. Оқим тарафдорлари ҳанафий мазҳабига зид тарзда, ўзгаларни кофирга чиқариш, Аллоҳга ширк келтиришда асоссиз айблаш каби бузуқ ақидаларни тарқата бошладилар.
Хўш, оқим аъзоларининг бундан мақсадлари нима эди? Нима учун кофирликда айблаш улар учун керак бўлиб қолди? Шу ўринда дунёдаги қўпорувчи оқимлар учун хос бўлган ва бир-бирига боғлиқ икки иллат тўғрисида тўхталиш ўринли:
Бундай иллатлар барча бузғунчи оқимларда учрайди. Зеро, бузғунчилар ўз тарафдорларини ғоявий жиҳатдан бошқалардан ажратиб олиш мақсадида ўзига эргашмаганларни кофир деб айблайдилар. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида одамларни «кофир» деб ҳақоратлашдан қайтариб шундай деганлар:
.(عن أبي هريرة رضي الله عنه قال قال النبي صلى الله عليه وسلم: "أيُّمَا رَجُلٍ قَالَ لِأَخِيهِ يَا كَافِرُ فَقَدْ بَاءَ بِهَا أحَدُهُمَا" (متفق عليه
яъни: “Бирор киши ўз биродарига: “Эй кофир! деса, бу сўз иккаласидан бирига тегишли бўлади”, дедилар, (яъни, агар кофирликда айбловга ҳақ бўлса, айбланувчи кофирлигича қолади, башарти ҳақ бўлмаса, у ҳолда ўзи кофир бўлади).
Шунингдек, бузғунчилари инсонлар орасида фитна қўзғаш, парокандаликни юзага келтириш ҳамда шу орқали ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш учун турли хил услуб ва воситалардан фойдаланмоқда. Шулардан бири, маълум бир давлатни «куфр диёри» деб атаб, у ердан «ҳижрат» қилиш лозим, шунингдек, бундай «куфр диёрлари»га қарши уруш олиб бориш керак, деган ғоядир. Марҳум Муҳаммад Рамазон Бутийнинг “Фиҳқ ас-сийра” китоби 96-бетида ҳижрат қилиш ҳақида шундай дейилган: “Дорул-исломдан ҳижрат қилишнинг ҳукми вожиб, жоиз ва ҳаром ўртасидадир. Вожиб ҳижрат қайсики, мусулмон киши намоз, рўза, азон ва ҳаж каби ислом арконларини адо этиши мумкин бўлмаган тақдирида бўлади. Жоиз ҳижрат эса мусулмон киши бошига уни қийин аҳволга солиб қўядиган бало офат келганда бўлади. Шу ҳолларда унга бошқа жойларга ҳижрат қилиши жоиз бўлади. Аммо мумкин бўлмаган ҳижрат, бу мусулмон кишининг ўзига вожиб бўлган ислом арконларини бажаришда бепарво бўлишга олиб келса. Масалан, ота-онаси ва оиласини нафақа билан таминлаш каби вожиботлар”.
Бундан мақсад ўз юртида тинч ва осуда яшаб турган дили пок одамларнинг кўнглига ғулғула солиб, «сизлар нотўғри йўлдасизлар» деб, уларни ўз юртидан кетиб, жангариларга қўшилишлари учун ўйлаб топилган ёлғон йўл саналади. Чунки Ислом давлатига ўз армиясини аскарлар билан тўлдириш учун ёшлар керак, улар инсоний заҳираларини тўлдиришлари даркор. Бинобарин, мазкур бузғунчи ташкилот аъзолари ҳижратни ўз қора мақсадларига мос равишда талқин қилиб, масжидларда жамоат билан беш маҳал намоз адо этилиб турган, мусулмонлар ислом арконларига эмин-эркин амал қилиб келаётган мамлакатларни ҳам «дорул ҳарб» (уруш диёри) ёки «дорул куфр» (куфр диёри)га чиқармоқдалар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоят йўлида бардавом айласин. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидаги солиҳ бандалари қаторида бўлиб, турли фирқа, адашган оқим ва залолат йўлларидан барчамизни хифзу ҳимоясида сақласин. Яратганнинг Ўзи келажагимиз, орзу умидимиз бўлмиш ёшларимизни турли ёт ғоя ва фикрлардан узоқда қилиб, илму маърифат, одобу ахлоқ фазилатлари билан зийнатласин. Омин.
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси