Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

«Бақара» ва «Оли имрон»

24.07.2016   22387   20 min.
«Бақара» ва «Оли имрон»

1. ««Бақара» Қуръоннинг чўққисидир, унинг ҳар бир ояти билан саксонта фаришта тушган. «Бақара» сурасининг 255-ояти

اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ

Арш остидан чиқарилиб, «Бақара»га қўшилган». (Имом Аҳмад «Муснад»ларида Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.)

 

2. «Ким еттита узун сураларни ёдласа, у олимдир».(Имом Аҳмад ва имом Ҳокимнинг «Муснад»ларида Оиша онамиздан ривоят қилинган)

 

3. Язийд ибн Асвад айтади: «Кимки «Бақара» ва «Оли Имрон» сураларини кундузи ўқиса, то кечгача мунофиқликдан омон бўлади, ким у иккисини кечаси ўқиса, тонг отгунча мунофиқликдан омон бўлади». (Саъийд ибн Мансур, Байҳақий ва Абу Убайд ривоят қилганлар.)

 

4.     «Ким «Оли Имрон» сурасини ўқиса, у бойдир». (Доримий ва Абу Убайд ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.)

 

5.     «Киши кечанинг охирида ўқийдиган «Оли Имрон» сураси камбағалнинг қандай ҳам яхши хазинасидир». (Доримий, Абу Убайд ва Байҳақий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолатда ривоят қилганлар.)

 

6.     «Қуръонни ўқинглар, чунки у қиёмат куни соҳибларига шафоатчи бўлиб келади. «Заҳровайн» (икки гул) – «Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқинглар, чунки у иккиси қиёмат куни гўё икки булутдек, ёки икки соябондек, ёки сафланган қушларнинг икки бўлагидек бўлиб, соҳиблари ҳақида ҳужжат талашади (бу шафоат қилинишининг муболағали ифодасидир). «Бақара» сурасини ўқинглар, чунки уни олиш барака, тарк қилиш эса надоматдир, унга сеҳргарлар қодир бўлмайди (яни ўқувчисига зарар етказишга қодир бўлмайди)». (Имом Муслим, имом Термизий ва бошқалар Абу Умома Боҳилийдан марфуъ ҳолатда ривоят қилганлар.)

 

7.     «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам элчиларни жўнатдилар, улар бир неча нафар эдилар. Улардан Қуръон ўқишларини сўрадилар, улардан ҳар бир киши ўзи ёдлаган Қуръонини ўқиди, навбат ёши улуғларидан бўлган бир кишига келди. «Қанча Қуръон ёдлагансан, эй Фалончи?» дедилар. У: «Фалон,  фалон ва «Бақара» сурасини ёдлаганман», деди. «Бақара сурасини ёдлаганмисан?» дедилар.У:«Ҳа», деди. «Бор, сен уларнинг амирисан», дедилар.Улуғларидан бўлган бир киши: «Аллоҳга қасамки,«Бақара» сурасини (таҳажжуд намозида) у билан қоим бўла олмай қолишимдан қўрққаним учунгина ўрганмадим, эй Аллоҳнинг Расули», деди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Қуръонни ўрганинглар, уни ўқинглар ва ўқитинглар.Чунки уни ўрганган, ўқиган ва у билан қоим бўлганучун Қуръон мисоли мушк тўлдирилган қопдир.Ҳидини ҳамма жойга таратади(яни қорининг кўкси қоп каби, ундаги Қуръон мушк кабидир.Агар Қуръонни ўқиса, унинг барокати ундан уйига ва эшитувчиларга етади). Ва Қуръонни ўрганиб, у қалбида бўлган ҳолатда ётган одамнинг мисоли мушк солиниб, оғзи ёпиб қўйилган қопга ўхшайди». (Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган)

 

8.     «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Кеча Собит ибн Қайс ибн Шумоснинг уйи чироқлар билан ярқираб турганини кўрмадингизми?» дейилган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Балки у «Бақара» сурасини ўқигандир», дедилар. Собитдан сўралган эди, ««Бақара» сурасини ўқидим», деди». (Ибн Касир ва бошқаларнинг «Тафсир»ларида келганидек, Абу Довуд мурсал йўл билан ривоят қилганлар.)

 

9.        Абу Мунибдан, у амакисидан ривоят қилади: «Бир киши «Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқиди. Намозини тугатганидан кейин Каъб унга: ««Бақара» ва «Оли Имрон»ни ўқидингми?» деди. У: «Ҳа», деди. Каъб: «Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, у иккаласида агар у билан дуо қилинса, ижобат бўладиган Аллоҳнинг исми бор», деди. У киши: «Менга унинг хабарини беринг», деди. Каъб: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, сенга унинг хабарини бермайман. Агар хабарини берсам, у билан мен ҳам, сен ҳам ҳалок бўладиган бир дуони қилишинг мумкин», деди. (Абу Убайд, «Фазоилул Қуръон», 126-бет)

 

10.     Сулайм ибн Омирдан ривоят қилинади: «У Абу Умоманинг «Биродарингизга тушида тоғдаги узун, нотекис ёриқ оралиғида инсонларнинг кетаётгани, тоғнинг тепасида иккита яшил дарахт: «Орангизда «Бақара» сурасини ўқиган борми? Орангизда «Оли Имрон» сурасини ўқиган борми?» деб нидо қилаётгани, агар бир киши «Ҳа», деса, то осилгунича унга яшил шохлари билан яқинлашиб, уни тоғдан ўтказиб қўяётгани кўринди», деяётганини эшитди. (Абу Убайд, «Фазоилул Қуръон», 126-бет)

 

11.     Абу Имрондан ривоят қилинади. У Умму Дардонинг шундай деяётганини эшитди: «Қуръон ёдлаганлардан бўлган бир киши қўшнисиникига бостириб кириб, уни ўлдирди. Қасос олиниб, ўзи ҳам ўлдирилди. Қуръон ундан сурама-сура чиқиб кета бошлади, «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари тўлалигича қолди. Сўнгра «Оли Имрон» ундан чиқиб кетди ва «Бақара» сурасининг ўзи тўлалигича қолди. Унга:

مَا يُبَدَّلُ الْقَوْلُ لَدَيَّ وَمَا أَنَا بِظَلَّامٍ لِلْعَبِيدِ

«Менинг ҳузуримда сўз ўзгармас ва Мен бандаларга зулм қилувчи эмасман» (Қоф сураси 29-оят) дейилди. У («Бақара» сураси) гўё улкан булутдек бўлиб чиқиб кетди».

 

       Абу Убайд айтади: «Ўйлайманки, «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари уни муҳофаза қилиб ва унга улфат бўлиб, қабрида бирга бўлди. Ва иккаласи у билан қолган Қуръон сураларидан охиргиси бўлди». (Абу Убайд, «Фазоилул Қуръон», 127-бет)

 

 

 

 

 

 

 

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари — илмий кенгаш йиғилишида муҳокама қилинди

16.09.2026   1514   4 min.
Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари — илмий кенгаш йиғилишида муҳокама қилинди

Халқаро медиа майдонида йўлга қўйилаётган янги ҳамкорликлар ва илмий-маданий лойиҳалар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро фаолиятини янги босқичга олиб чиқмоқда. Яқинда ўтказилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми доирасида бошланган ҳамкорликларнинг кейинги босқичи сифатида Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида махсус тақдимот, халқаро илмий-амалий конференция ва кўргазма ўтказиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳаларнинг натижалари ва уларга тайёргарлик жараёни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинди.


Йиғилишда Илмий кенгаш аъзолари, олим ва тадқиқотчилар ҳамда тегишли йўналишлар учун масъул ходимлар иштирок этди.


Унда дастлаб халқаро медиафорумнинг натижалари таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, мазкур форум Марказнинг халқаро ахборот ва илмий майдондаги фаолиятини кенгроқ намойиш этиш, хорижий журналистлар, медиа экспертлар, олим ва тадқиқотчилар билан янги профессионал алоқаларни йўлга қўйиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.


Форум давомида Марказнинг илмий-тадқиқот салоҳияти, Ўзбекистон ҳудудида шаклланган исломий илм-фан ва маданият мероси, шунингдек, ушбу меросни замонавий медиа воситалари орқали халқаро аудиторияга етказиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Хорижий ОАВ вакилларининг Марказ фаолиятига билдирган қизиқиши ҳамда ўзаро мулоқотлар келгусидаги ҳамкорликлар учун янги имкониятларни шакллантиргани таъкидланди.


Шу муносабат билан форум доирасида йўлга қўйилган алоқаларни изчил давом эттириш, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш, Марказнинг илмий лойиҳалари ва тадқиқотларини халқаро аудиторияга кенгроқ етказиш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.


Илмий кенгаш йиғилишида Марказнинг халқаро илмий-маданий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган истиқболли лойиҳалардан бири — Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилаётган махсус тақдимот, халқаро илмий-амалий конференция ва кўргазма лойиҳасига тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Мазкур тадбирлар орқали Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг илмий-тадқиқот фаолияти, мамлакат ҳудудида шаклланган илм-фан, маърифат, маданият ва тарихий мероснинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини халқаро илмий жамоатчиликка кенгроқ танитиш мақсад қилинган.


Айни пайтда лойиҳа доирасида халқаро олим ва тадқиқотчиларни тадбирларга жалб этиш, илмий муассасалар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, тақдимот ва конференция дастурини шакллантириш, шунингдек, кўргазма экспозицияларини илмий ва мазмун жиҳатдан тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.


Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов Париждаги тадбирларга тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берди:

“Франциядан 50 га яқин олим ва тадқиқотчига таклифномалар юборилган. Шунингдек, бошқа халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар вакилларини жалб этиш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирнинг яна бир муҳим қисми — ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ташкил этиладиган кўргазма лойиҳаси. Беш экспозициядан иборат кўргазма орқали Ўзбекистон ҳудудида шаклланган илм-фан, маданият ва тарихий мероснинг муҳим жиҳатларини халқаро жамоатчиликка намойиш этиш режалаштирилган. Кўргазма учун 35 та муҳим артефакт ва 200 га яқин қадимий китоб, шунингдек, тарихий обидалар макетларини тақдим этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда”.


Илмий кенгаш аъзолари томонидан мазкур лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, илмий асосланганлиги ва уларни халқаро аудиторияга тақдим этиш усуллари юзасидан ҳам фикр алмашилди.


Хусусан, кўргазма экспозицияларини шакллантиришда тарихий манбаларнинг илмий қиймати, артефактларнинг тарихий аҳамияти ва уларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги ислом цивилизацияси тараққиёти билан боғлиқ жиҳатларини аниқ ва ишончли маълумотлар асосида ёритиш муҳимлиги қайд этилди.


Шунингдек, халқаро аудиторияга тақдим этиладиган материалларда Ўзбекистон заминида юзага келган илмий мактаблар, буюк алломаларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳамда бугунги кунда ушбу илмий-маърифий меросни ўрганиш ва оммалаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар кенг қамраб олиниши зарурлиги таъкидланди.


Йиғилиш якунида халқаро медиафорумда эришилган натижаларни амалий лойиҳалар билан давом эттириш, хорижий ОАВ ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, Париж шаҳридаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳида ўтказилиши режалаштирилган тадбирларга тайёргарлик ишларини юқори савияда ташкил этиш ҳамда Марказнинг илмий-тадқиқот фаолияти ва Ўзбекистоннинг бой исломий илмий-маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди. 

 

iccu.uz

Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари — илмий кенгаш йиғилишида муҳокама қилинди
Ўзбекистон янгиликлари