Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июн, 2025   |   27 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
23 Июн, 2025, 27 Зулҳижжа, 1446

Аллоҳ мўминларга раҳмли зот

24.07.2016   14543   16 min.
Аллоҳ мўминларга раҳмли зот

 

عن ابن عمر رضى الله عنهما قال: قال سمعتُ رسولَ الله صلى الله عليه وسلم يقولُ: " إنَّ الله يدنى المؤمن فيضعُ عليهِ كنفَهُ ويستُرهُ فيقولُ: أتعرِفُ ذَنبَ كذا أتعرِفُ ذنبَ كذا؟ فيقولُ: نعم أى ربِّ، حتى إذا قرَّرهُ بذنوبهِ، ورأى فى نفسه أنه قد هلك قال سترتُها عليك فى الدنيا، وأنا أغفُرها لك اليومَ، فيعطى كتابَ حسناتهِ، وأما الكافرُ والمنافقُ فيقولُ الأشهادُ : هولاء الذينَ كذَبوا على ربهمْ ألا لعنة الله على الظالمينَ".

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ (Қиёмат куни) мўминни ўзига яқинлаштириб, бир томонини қўйиб тўсади-да, фалон гуноҳингни ва пистон гуноҳингни биласанми?- дейди. У мўмин: “Ҳа, эй Раббим! деб гуноҳларига иқрор бўлади. У ҳалок бўлдим, деб ўйлайди. Шунда Аллоҳ таоло унга қарата: “Дунёдаги ҳаётингда ўша гуноҳингни яширганим каби бу кунда ҳам ўша гуноҳларингни кечираман”,- деб яхшиликлар китобини берилади. Аммо кофир ёки мунофиқ кимсага “Гувоҳлар”: “Ундай кимсалар (қиёмат кунида) Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва барча гувоҳ: “Мана шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларини сўзлаганлар” дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур”, дейди. (Ҳуд-18)

Шарҳ: Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) кетаётсалар бир киши йўлда унга йўлиқиб: “Қиёмат куни банда билан Рабб ўртасида бўладиган сўзлашув ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитганмисиз?” деган эди, Ибн Умар (розияллоҳу анҳу): Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан мана шу ҳадисни эшитганман, деб юқоридаги ҳадисни зикр қилдилар.

Бу ҳадисда Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган икки қўрқинчли мавқеъни айтмоқдалар.

Биринчи мавқеъ: Аллоҳ мўмин бандага яқинлашиб, уни тўсиқ билан иҳота ва беркитиб сир қилган ҳолда: “Сен фалон куни, фалон жойда содир этган гуноҳингни эслайсанми?”- деса, мўмин киши титраб, ҳижолат чеккан ҳолда: “Ҳа эй Раббим, эслайман”, дейди. Яна Аллоҳ таоло: “Ана бу гуноҳингни эслайсанми?" -деса мўминни хавфи кучайиб, қалби ағдарилган ҳолда: “Ҳа, эй Раббим эслайман”, дейди. Мана шу каби Аллоҳ мўмин бандасига гуноҳларини санайверганидан банда изтиробда гуноҳларига иқрор бўлаверади. Бу қўрқинчли ҳолат давом этавергач, у мўмин гуноҳига яраша азобланишга аниқ ишониб қолади. У содир этган гуноҳи сабабли аниқ ҳалок бўлгувчиман, деб фикр қилиб турганида, гуноҳларни кечирувчи меҳрибон бўлган Раҳим Зот Аллоҳ нидо қилиб: “Эй бандам! Мен сени дунёдалик пайтингда гуноҳингни беркитган эдим. Бугун эса гуноҳингни кечираман. Эй фаришталарим, унга яхшиликлар китобини беринглар ва жаннатга элтинглар”, дейди.

Иккинчи мавқеъ: кофир ва мунофиқларнинг мавқеъси бўлиб, уларни пешоналаридан тутиб, саф ичига киритиб, худди ҳайвонни бўғизлаш ўрнига олиб борилгани каби олиб борилади. У ердагилар у кимсага қараб туришади. Шу ҳолда уни адолат маҳкамасига олиб борилади, у Аллоҳ ҳузурида ноумид бўлиб туради. Раббиси: “Сенга неъмат бермаганмидим? Сенга элчи жўнатмаганмидим? Ундай ва бундай нарсаларни бермаганмидим? Мендан ҳаё қилмасдан ёмонлик қилиш билан курашдинг-а? Яхшиликларни ато қилсам ҳам Мендан бошқага ибодат қилдинг-а? Фалон куни фалон нарса қилгандинг-а?” дейди. Кофир ёки мунофиқ кимса ўнг томонига қарайди. Дўзахдан бошқа нарса кўрмайди. Атрофини азоб берувчи, қўпол фаришталар ўраб олади. У “Эй Раббим нафсимга ижозат бермасам ҳам гувоҳлик бермоқдаку? дейди. Аллоҳ таоло: “Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир”- деб, оғзига муҳр уриб қўйилади. Аъзоларига сўзла! дейилади. У гуноҳ ва хатоларини сўзлайди. Кейин у билан сўзи ўртасини ҳоли қилиб қўйилади. Аъзоси: “Сенга ор бўлсин, мен билан доим курашар эдинг. Мана энди адолатли подшоҳ томонидан ҳукм фаришталарга берилмоқда. “Уни ушлаб кишанланглар. Сўнгра дўзахга ташланглар. Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар.(Ал-ҳаққо сураси,30-32- оятлар), дейилади. У ерда гувоҳ бўлганлар “Мана шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларини сўзлаганлар” дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлур” (Ҳуд сураси, 18- оят), деб айтишади.

Яратган Раббимизнинг меҳрибончилиги нақадар улуғ! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳнинг улуғ сифатлари билан хулқланинглар!”-деб марҳамат қилганлар. Ҳа азизлар, келинглар ўзаро кечиримли, бағрикенг ва олийжаноб бўлиб яшайлик.

Жалолиддин Ҳамроқулов

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Марҳумлар учун Қуръон тиловати

23.06.2025   17   2 min.
Марҳумлар учун Қуръон тиловати

Уламолар Қуръон тиловатининг савоби дунёдан ўтганларга етади деганлар.  Ҳанафий мазҳабининг имомларидан Абу Жаъфар Таҳовий “Ақидату Таҳовия” китобида: “Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўлганларга манфаат бордир”, деб келтиради.

“Рўза, намоз, Қуръон қироати ва зикр каби баданий ибодатларни қилиб ўтганларга бағишласа савоби етадими, йўқми” деган масалада бироз ихтилоф бор.  Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва жумҳур уламолар “Баданий ибодатнинг савоби ўлганларга етади”, деганлар.  

Ибн Ҳож “Мадҳал” китобида: “Ким қироати ҳеч хилофсиз майитга етишини хоҳласа, шу ишини “Эй Аллоҳ! Қироатимнинг савобини фалончига бергин”, деб дуога айлантирсин”, дейди.

Ибн Ҳож агар Қуръон тиловатидан кейин дуо қилиб, унинг савоби марҳумга бағишланса, бу ерда  ихтилоф қолмайди, демоқдалар. Юртимизда урф бўлган маросимларда ҳам худди мана шундай йўл тутилади ва бу амал шаръан жоиз ҳисобланади.

Динимизда инсон ўлиши билан унут бўлмайди, уларнинг тириклар зиммасида ҳақлари бўлади. Шунинг учун ҳам Исломда ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга тарғиб этилган. Қуръони каримда ўтганларнинг ҳақига мағфират сўраб дуо қилган мўминлар зикр қилинади. 

Аллоҳ таоло Ҳашр сураси 10‑оятда шундай марҳамат қилади: “Улардан кейин келган зотлар айтурлар: «Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!”.

Ушбу илоҳий таълим асрлар оша мусулмон оламида амалда жорий бўлиб келган. Шу билан бирга, ўтганларнинг номидан яхши амаллар қилиб, савобини уларга бағишлаш ҳам бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари билан жорий қилинган амалдир. Бу мавзуга оид таълимотларни чуқур ўрганган уламолар Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларнинг ҳақига бағишлаш ҳам мазкур шаръий кўрсатма остига дохил эканини таъкидлайдилар. 

Хулоса шуки, бир қанча манбаларда Қуръон қироатининг савоби вафот этганларга етиб бориши айтилган. «Ҳидоя», «Бадоиъ», «Баҳр» ва бошқа китобларда бу ҳақда етарлича маълумотлар топилади. Шундай экан, бу борадаги ҳар хил нотўғри фатволарга эътибор бермаслик керак.

Тўрақўрғон тумани "Яндама" жоме масжиди имом хатиби Абдурахим Суроббаев

Манба: http://t.me/Softalimotlar

МАҚОЛА