Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм аз-Зобий ан-Нисобурий ҳижратнинг 321 йилида, Робиул-аввал ойининг учинчи куни таваллуд топдилар. Ёшлик пайтларида илм олишни бошлаб, аввал оталаридан, сўнг амакиларидан дарс оладилар. Ёшлари улғайгач, ҳижратнинг 356 йили Ироқ ва Ҳижозга сафар қилиб, ҳаж ибодатини адо этдилар. Кейин Хуросон, Мовароуннаҳрни айланиб, 2000га яқин устоз кўрадилар. Ҳижратнинг 360 йили яна Ҳижоз ва Ироққа сафар қилиб, у ердаги кишилардан ҳадис тўплайдилар. Кейин ўзлари туғилиб ўсган Нисобурга қайтиб келадилар ва қозилик амалига ўтирадилар. Сўнгра Журжонга қози бўлиб тайинланадилар. Шунинг учун ҳам у кишини Ҳоким деб аташган.
Ибн Халликон айтадилар: «Бу зот ўз вақтининг имоми, кўп китоблар муаллифи ва фиқҳ олимларидан эдилар. Фиқҳ илмини Абу Саҳл Муҳаммад ибн Сулаймон ас-Саълукийдан оладилар».
Абу Ҳозим айтадилар: «Нисобурда Муслим ибн Ҳажжождан кейин ҳадис илмида машҳур бўлган одам Имом Ҳоким эдилар». Яна у киши: «Ҳоким ўз асрларида ҳадис илмининг улуғ олимлари Дора Қутний, Ибн Адий, Ибн Музаффарларга тенг келадилар. Ҳозиргача на Ҳижозда, на Шомда, на Ироқда, на Тобаристонда, на Хуросонда бу шахсга тенг келадиган киши топилади».
Қози Абу Самҳ Абдуллоҳ ал-Асмий агар ҳукм ишида бирор бир ишкаллик бўлиб қолса, Имом Ҳокимга мактуб ёзиб, шу ишнинг ҳукмини сўрардилар. Кейин жавобга қараб ҳукм қилардилар.
Имом Ҳокимнинг таълиф этган китоблари: «Илал», «Амолий», «Фавоидул шуйух», «Маърифатул ҳадис», «Тариху уламои Нисобур», «Мадхалу ила илми ас-саҳиҳ», «Мустадрак ала саҳиҳайни», «Музаккий ал-ахбор», «Фазоилу Имоми аш-Шофеъий», «Фазоилу Фотима», «Тарожимуш-шуйух» ва бошқалар.
Ибн Субкий айтадилар: «Тариху уламои Нисобур» китоби менинг ҳузуримда китоблар саййидидир».
Абу Саҳл ас-Саълукий, Абу Бакр Аҳмад ибн Сулаймон, Абулаббос, Даълажа ибн Аҳмад, Ибн Аҳзом, Абу Али Нисобурий, Дора Қутний ва бошқалар Имом Ҳокимнинг устозлари бўлишган, Имом Байҳақий, Абулфаттоҳ ибн Абулфаворис, Абу Зарр ал-Ҳиравий, Абу Солиҳ ал-Ҳиравий ва бошқалар эса Имом Ҳокимга шогирд бўлишган.
Имом Ҳоким ҳижратнинг 405 йили вафот этдилар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугунги глобаллашув жараёнида турли ижтимоий, иқтисодий ва экологик муаммолар авж олиши, айниқса, XX асрнинг 70-80-йилларидан бошлаб фан-техника тараққиётида катта ўзгаришлар юз бериб, жисмоний меҳнат ўрнини ақлий меҳнат эгаллаши чексиз имкониятлар билан бирга инсонлар саломатлигига катта салбий таъсир ўтказмоқда. Аслида, инсон камолотида унинг нафақат маънавияти, балки жисмоний етуклиги ҳам катта аҳамиятга эга. Кишининг жисмонан соғлом бўлиши унинг бош мия фаолияти яхшиланиб, ақлининг тез ривожланиши, маънавий қувватининг ҳам ортишига ёрдам беради.
Мисрлик машҳур олим шайх Махмуд Шалтут айтади: “Инсонинг кучлилиги унинг жисми ва руҳининг қуввати билан боғлиқ. Чунки ҳаёт оғриқлар, аламларва орзу-умидлар билан тўла. У эса оғриқларни енгиши ва орзу-умидларга эришиши керак. Кучсиз, заиф руҳ, истакларга етишда дош бера олмаганидек, оғриқларга ҳам сабр қилишда дош беролмайди. Шунингдек, жисмнинг заифлиги ҳамтўхтовсиз ҳаракатланиш лозим бўлган ўринларда етарлича ҳаракатга чидай олмайди. Шубҳасиз, албатта жисмоний тарбия жисмнинг кучга тўлиши ва иммунитети ортишида катта таъсирга эга”.
Ислом дини таълимотининг caломатлик ва жисмоний баркамол бўлиш борасидаги тарғиботиҚуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлардава ислом уламолари асарларида кенг ёритилган.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
﴿ثُمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيم﴾
“Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз” (Такасур сураси, 8-оят).
Али розияллоҳу анҳу ушбу оятидаги “неъматлар” оятини “У – хотиржамлик, соғлик ва саломатликдир” деб тафсир қилганлар.
Киши соғлом бўлиши, ўзида куч-қувват, шижоат ҳосил қилиши, маънан ва жисмонан етукликка эришиши учунжисмоний ҳаракат қилиши лозим.
Ислом динида инсоннингкучли, бақувват бўлишига катта аҳамият берилган. Бу ҳақда сўз кетганда дастлаб зеҳнга қуйидаги ҳадиси шариф келади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кучли мўмин Аллоҳ таолога кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва суюклироқдир. Барчасида яхшилик бор. Сен ўзинга фойда берадиган нарсага интилгин, Аллоҳдан ёрдам сўра ва суст бўлмагин”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисда назарда тутилган қувват умумий маънода бўлиб, инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ўз ичига олади.Демак, иймони кучли иймони заифдан яхшироқ. Ўз соҳасида кучли суст кишидан яхшироқ, жисмонан бақувват киши кучсиз кишидан яхшироқдир. Агар баданнинг қуввати жисмоний машқлар билан ҳосил бўлар экан, инсон гўзал фазилатларни қўлга киритиши ва Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қозониши учун жисмоний машқларни бажариши лозим.
Инсоният қадим замонлардан саломатлигини сақлаш, жисмоний куч-қувват ҳосил қилиш учун турли воситалардан фойдаланган. Бу борада якка тартибда ёки жамоа бўлиб ҳар хил машқлар бажарган ва ўйинларни кашф қилган.
Ислом дини атрофга ёйилаётган илк даврларда ҳам хилма-хил ҳарбий ўйинлар, ўқ-ёй отиш, чавандозлик мусобақалари ўтказиб туриларди.
Соғлиқ ҳақида турли даврда яшаган алломалар ўз фикрларини айтиб, бу борада жисмоний тарбиянинг ўрни нечоғли муҳим эканини таъкидлабўтганлар.
Хусусан, Абу Али ибн Сино бундай дейди: “Соғлиқни сақлашнинг асосий тадбири бадантарбия. Бадантарбия ўзга тадбирлар билан бирга тўғри ишлатилганда гавдани тўлдирувчи нарсалар тўпланишининг олдини олувчи кучли омиллардан бўлиб, туғма иссиқликни оширади, танага енгиллик беради. Ўз вақтида меъёри билан бадантарбия қилган одамга дард яқин йўламайди. Бадантарбия билан машғул бўлинса, ҳеч қандай дори-дармонга зарурат қолмайди, бунинг учун муайян тартибга риоя қилмоқ ҳам шарт. Бадантарбияни тарк этган одам аксари хароб бўлади, зеро ҳаракатсиз қолган аъзоларнинг қуввати заифлашади”.
Ўрта Осиё олимлари орасида жисмоний машқларни таърифлаш ва ўзига хос тарзда таснифлашдаИбн Синонинг хизматлари беқиёс.
Олим ўзининг машҳур “Тиб илми қонуни” асари учинчи қисмнинг иккинчи бўлимини кишилар саломатлиги учун курашда жисмоний машқлардан фойдаланиш масалаларига бағишлаган. Бу бўлимнинг дастлабки сатрларидаёқ жисмоний машқлар билан шуғулланиш ва ундан кейин овқатланиш ҳамда уйқу режими саломатликни сақлашда энг муҳим шарт экани қайд этилади.
Олим жисмоний машқларни киши саломатлигини сақлашнинг энг муҳим воситаси деб ҳисоблаш билан бирга, жисмоний машқ нафас олиш узлуксиз ва чуқур бўлишига олиб келувчи ихтиёрий ҳаракат эканини, жисмоний машқлар билан меъёрида ва ўз вақтида шуғулланувчи киши ҳеч қандай муолажага муҳтож бўлмаслигини айтади.
Олимнинг жисмоний машқларни қўллаш принциплари тўғрисидаги методик кўрсатмаларининг ахамияти ғоятда катта. “Жисмоний машқларни бошлаётганда бадан тоза бўлиши керак” ва “жисмоний машқлар билан шуғулланувчи киши оч бўлганидан кўра тўқ бўлгани маъқул ҳамда гавда совуқ ва қуруқ бўлгандан кўра иссиқ, нам бўлгани яхши”, дейди Абу Али ибн Сино.
Буюк бобокалонимизнинг ушбу сўзлари ҳозирги техника ривожланган асрда жисмоний саломатлик учун қайғурган ҳар бир киши бадан тарбия машқларига янада эътиборли бўлишини лозимлигини кўрсатади.
Халқпарвар, жадидчи, педагог Абдурауф Фитрат бу хусусида: “Бадантарбия баданни соғлом ва кучли ҳамда аъзоларни мукаммал даражага етказишдан иборат, бусиз бахт-саодатга эришиб бўлмайди”, дея инсон танасининг соғлом бўлишига алоҳида аҳамият берган.
Жисмоний машқлар кишининг касалликларга қарши иммунитетини тиклаб, қон айланиш системаси, ошқозон ҳазми тизимини яхшилайди. Кишининг куч-қувватини ва ўзига бўлган ишончини оширади. Шунингдек, ортиқча вазнни, дангасалик ва руҳий тушкунликни кетказади. У нафақат жисмоний, балки маънавий камолотга етишда ҳам муҳим омилдир. Жисмоний тарбия иродани тоблайди, аниқ мақсад сари интилиш, қийинчиликларни бардош ва чидам билан енгишга ўргатади. Инсон қалбида ғалабага ишонч, ғурур ва ифтихор туйғуларини тарбиялайди.
Ҳозирда фан-техника тараққий этиб, инсон кундалик ҳаётига турли техника воситалари кириб келиши унинг жисмоний ҳаракатларининг чекланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Натижада, турли касалликлар тобора авж олиб бормоқда. Ушбу ҳолатда юқорида айтилганидек, ҳар бир инсон комиллик сари интилиб, доимо руҳий тарбия билан биргаликда ўзининг жисмоний жиҳатига ҳам алоҳида аҳамият бериши лозим. Албатта, жисмоний машқларни бажариш ва ўзаро мусобақалар жараёни одоб-ахлоқ доирасида бўлиши, жисмоний жиҳатдан кучли бўлишга, иштирокчилар ва атрофдагиларни бирлаштиришга хизмат қилишилозим. Рақиблар бир-бирларини масхара қилиши, тахқирлаши ёки машқлар ва мусобақаларда аврат очиқ бўлиши ҳаром амал ҳисобланади. Айни пайтда, юртимизда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун етарлича имкониятлар мавжуд. Ҳар бир киши бу имкониятлардан оқилона фойдаланиши даркор. Зеро, жисмонан соғлом бақувват киши ўз зиммасидаги бурч ва вазифаларни тўла уддалай олади. Оиласи ва жамиятга кўпроқ фойда келтиради.
"Исломда саломатлик" китобидан