Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм аз-Зобий ан-Нисобурий ҳижратнинг 321 йилида, Робиул-аввал ойининг учинчи куни таваллуд топдилар. Ёшлик пайтларида илм олишни бошлаб, аввал оталаридан, сўнг амакиларидан дарс оладилар. Ёшлари улғайгач, ҳижратнинг 356 йили Ироқ ва Ҳижозга сафар қилиб, ҳаж ибодатини адо этдилар. Кейин Хуросон, Мовароуннаҳрни айланиб, 2000га яқин устоз кўрадилар. Ҳижратнинг 360 йили яна Ҳижоз ва Ироққа сафар қилиб, у ердаги кишилардан ҳадис тўплайдилар. Кейин ўзлари туғилиб ўсган Нисобурга қайтиб келадилар ва қозилик амалига ўтирадилар. Сўнгра Журжонга қози бўлиб тайинланадилар. Шунинг учун ҳам у кишини Ҳоким деб аташган.
Ибн Халликон айтадилар: «Бу зот ўз вақтининг имоми, кўп китоблар муаллифи ва фиқҳ олимларидан эдилар. Фиқҳ илмини Абу Саҳл Муҳаммад ибн Сулаймон ас-Саълукийдан оладилар».
Абу Ҳозим айтадилар: «Нисобурда Муслим ибн Ҳажжождан кейин ҳадис илмида машҳур бўлган одам Имом Ҳоким эдилар». Яна у киши: «Ҳоким ўз асрларида ҳадис илмининг улуғ олимлари Дора Қутний, Ибн Адий, Ибн Музаффарларга тенг келадилар. Ҳозиргача на Ҳижозда, на Шомда, на Ироқда, на Тобаристонда, на Хуросонда бу шахсга тенг келадиган киши топилади».
Қози Абу Самҳ Абдуллоҳ ал-Асмий агар ҳукм ишида бирор бир ишкаллик бўлиб қолса, Имом Ҳокимга мактуб ёзиб, шу ишнинг ҳукмини сўрардилар. Кейин жавобга қараб ҳукм қилардилар.
Имом Ҳокимнинг таълиф этган китоблари: «Илал», «Амолий», «Фавоидул шуйух», «Маърифатул ҳадис», «Тариху уламои Нисобур», «Мадхалу ила илми ас-саҳиҳ», «Мустадрак ала саҳиҳайни», «Музаккий ал-ахбор», «Фазоилу Имоми аш-Шофеъий», «Фазоилу Фотима», «Тарожимуш-шуйух» ва бошқалар.
Ибн Субкий айтадилар: «Тариху уламои Нисобур» китоби менинг ҳузуримда китоблар саййидидир».
Абу Саҳл ас-Саълукий, Абу Бакр Аҳмад ибн Сулаймон, Абулаббос, Даълажа ибн Аҳмад, Ибн Аҳзом, Абу Али Нисобурий, Дора Қутний ва бошқалар Имом Ҳокимнинг устозлари бўлишган, Имом Байҳақий, Абулфаттоҳ ибн Абулфаворис, Абу Зарр ал-Ҳиравий, Абу Солиҳ ал-Ҳиравий ва бошқалар эса Имом Ҳокимга шогирд бўлишган.
Имом Ҳоким ҳижратнинг 405 йили вафот этдилар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гарчи узун туюлсада бу кунлар,
Учраштирар бизни ширин дамларда.
Сизга хушхабар бор! У зот сизга улкан савобларни ваъда қилган. У Зот марҳамат қилади:
﴿فَاسْتَجَابَ لَهُمْ رَبُّهُمْ أَنِّي لَا أُضِيعُ عَمَلَ عَامِلٍ مِنْكُمْ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى﴾
“Роббилари уларнинг (дуоларини) истижобат қилиб: “Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмайман” (Оли Имрон сураси, 195-оят).
Аллоҳ таоло эркакларга қандай ваъда қилган бўлса аёлларга ҳам шундай ваъда қилган. Худди шунингдек эркакларни қандай мақтаган бўлса аёлларни ҳам шундай мақтаган.
Аллоҳ таоло айтади:
﴿إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا﴾
“Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, садақа қилгувчи эркаклар ва садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, фаржларини сақловчи эркаклар ва (фаржларини) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси, 35-оят).
Ушбу оят ҳам сизнинг эркак кишининг туғишган опаси ва улар билан тенг эканингиз ҳамда ажр-савобларингиз Аллоҳнинг ҳузурида эканини билдиради. Шундай экан, сиз уйингизда ва жамиятда сизни Аллоҳнинг розилигига олиб борадиган амалларни қилинг, ушбу уммат фарзандларига энг гўзал намуна ва уларнинг йўлини ёритадиган машъала бўлинг.
Сиз ўз ҳаёт йўлингизда Фиръавннинг хотини Осиёни намуна қилиб олинг. Чунки улар ва улар каби аёллар пок, мўмина, Аллоҳга доимий итоаткор, кундузлари рўзадор ва кечалари намоз ўқийдиган аёллар бўлишган, Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин ва уларни ҳам рози қилсин! Сиз мана шу йўлни маҳкам тутинг. Уларнинг барча учун намуна бўлган ҳаёт йўлларини қайта-қайта мутолаа қилинг, шунда яхшилик, хотиржамлик ва сакинатни топасиз.
Шуъла: Етимнинг кўз ёшини артинг, шунда Раҳмон Зотнинг розилиги ва Унинг жаннатига эришасиз.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан