Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Март, 2026   |   1 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:07
Қуёш
06:25
Пешин
12:35
Аср
16:47
Шом
18:40
Хуфтон
19:52
Bismillah
21 Март, 2026, 1 Шаввол, 1447

Имом Муслим

22.07.2016   24637   25 min.
Имом Муслим

 Имом Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ал-Қушайрий ан-Нисобурий ҳижрий 206 йили Нисобурда дунёга келдилар. Нисбатлари Қушайрий бўлиб, у Нисобурга қарашли қишлоқдир.

  У зот ҳадис илмида китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган 6 та имомларнинг биридирлар. Китоблари «Саҳиҳ Муслим» Қуръони каримдан кейинги ўринда турадиган китоблардан биридир. Имомнинг ҳадис илмидаги тутган ўринлари ва олий мартабаларга етишларига сабаб саҳиҳ китобларида бирорта зиёдалик ҳам, ноқислик ҳам бўлмаганлиги, бундан олдин ҳам, бундан кейин ҳам бунинг сингари тартибдаги китобни топилмаслигидир. Имом Муслим ҳадис жамлаш даврида унинг нозик жойларига жуда ҳам эътибор билан қарадилар. Ҳатто бир ҳарф бўлса ҳам ўзгартиришдан сақландилар. Бу зот ҳадисларни аввалидан охиригача узилиш ва иллатдан саломат, иснодлари ишончли бўлсагина саҳиҳ китобларига киритдилар. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари Имом Бухорийнинг китобларига қараганда баъзи томонлари афзаллигини уламолар қайд қилганлар.

 Имом Нававий айтадилар: «Ернинг устида, осмоннинг остида Муслимнинг китобларидан кўра саҳиҳроқ китоб топилмайди».

 Имом Муслим айтадилар: «Агар ҳадис аҳллари 200 йил ҳадис ёзсалар ҳам кучлари мана шу «саҳиҳ»ни ёзишликка етади, холос». Ва яна айтади: «Ҳар бир ёзган китобимни Абу Заръата ар-Розийга кўрсатдим, агар у зот, мана бу ҳадис иллатли, десалар тарк қилдим, агар, саҳиҳ, десалар китобимга киритдим».

 Имом Муслим кўплаб китобларнинг муаллифидирлар. Шулардан энг машҳурлари «Саҳиҳ Муслим» бўлиб, мана шу китоб сабабли улуғ мартабага ва чиройли мақтовларга сазовор бўлдилар. Бундан ташқари, у зотнинг «Жомиъ ал-Кабир алал абвоб», «Китобу муснади ал-Кабир ала асмои рижол», «Китобу Асмои ва куна», «Китобу илал», «Китобу тамйиз», «Китобу ҳадис Амр ибн Шуъайб», «Китобу машойихи Молик», «Китобу авҳомул муҳаддисийн», «Китобу ман лайса лаҳу илла ровин воҳид», «Китобу табақати ат-Тобеъийн», «Китобу муҳозрамийн», «Китобу машойихи ас-Саврий» китоблари маълум ва машҳур.

 Бундан ташқари «Саҳиҳи Муслим»га бир неча мухтасар ва шарҳлар ёзилган.

 Имом Муслимнинг «Асмо ар рижол» номли китобларига Абу Бакр Аҳмад ибн Али Исфаҳоний шарҳ ёзган.

 Имом Муслимдан ана шу даврнинг катта имомлари, жамоатлар ҳадис ривоят қилишди. Улар Абу Ҳотим ар-Розий, Мусо ибн Ҳорун, Аҳмад ибн Салома, Абу Исо ат-Термизий, Абу Бакр Ҳузаймий, Яҳё ибн Саъид, Абу Авона ва бошқалардир.

 Имом Муслим (Аллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин) 261 ҳижрий сана, якшанба куни, 55 ёшларида бу оламдан кўз юмдилар. Душанба куни Нисобурда дафн этилдилар.

 

Бошқа мақолалар

Рўзадорларга мукофотлар муборак бўлсин!

09.04.2024   19425   2 min.
Рўзадорларга мукофотлар муборак бўлсин!

1. Жаннатдаги “Райён” эшиги муборак бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда бир эшик бор, уни “Райён” деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киришади улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


2. Дўзахдан узоқ бўлиш муборак бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутар экан, Аллоҳ таоло унинг юзини шу туфайли етмиш куз (етмиш йиллик масофага) дўзахдан узоқ қилади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


3. Рўзанинг шафоати муборак бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади", деганлар (Имом Аҳмад ривояти).


4. Аллоҳ таолога рўбарў бўлгандаги хурсандчилик муборак бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “... Роббисига йўлиққанда, рўзаси ила хурсанд бўлади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).


5. Дўзахдан омонлик муборак бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).


6. Ўтган гуноҳларингиз кечирилгани муборак бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон билан, савоб умидида Рамазон рўзасини тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Насоий ривояти).


7. Қабул бўлган дуолар муборак бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Рўзадорнинг дуоси рад этилмайди”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).


8. Аллоҳнинг мукофоти муборак бўлсин!

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “...фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло Ўзи муваффақ этиб тутган рўзаларимизни Ўзининг розилиги билан мукофотласин!

Даврон НУРМУҲАММАД