Имом Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ал-Қушайрий ан-Нисобурий ҳижрий 206 йили Нисобурда дунёга келдилар. Нисбатлари Қушайрий бўлиб, у Нисобурга қарашли қишлоқдир.
У зот ҳадис илмида китоби «Саҳиҳ» деб тан олинган 6 та имомларнинг биридирлар. Китоблари «Саҳиҳ Муслим» Қуръони каримдан кейинги ўринда турадиган китоблардан биридир. Имомнинг ҳадис илмидаги тутган ўринлари ва олий мартабаларга етишларига сабаб саҳиҳ китобларида бирорта зиёдалик ҳам, ноқислик ҳам бўлмаганлиги, бундан олдин ҳам, бундан кейин ҳам бунинг сингари тартибдаги китобни топилмаслигидир. Имом Муслим ҳадис жамлаш даврида унинг нозик жойларига жуда ҳам эътибор билан қарадилар. Ҳатто бир ҳарф бўлса ҳам ўзгартиришдан сақландилар. Бу зот ҳадисларни аввалидан охиригача узилиш ва иллатдан саломат, иснодлари ишончли бўлсагина саҳиҳ китобларига киритдилар. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари Имом Бухорийнинг китобларига қараганда баъзи томонлари афзаллигини уламолар қайд қилганлар.
Имом Нававий айтадилар: «Ернинг устида, осмоннинг остида Муслимнинг китобларидан кўра саҳиҳроқ китоб топилмайди».
Имом Муслим айтадилар: «Агар ҳадис аҳллари 200 йил ҳадис ёзсалар ҳам кучлари мана шу «саҳиҳ»ни ёзишликка етади, холос». Ва яна айтади: «Ҳар бир ёзган китобимни Абу Заръата ар-Розийга кўрсатдим, агар у зот, мана бу ҳадис иллатли, десалар тарк қилдим, агар, саҳиҳ, десалар китобимга киритдим».
Имом Муслим кўплаб китобларнинг муаллифидирлар. Шулардан энг машҳурлари «Саҳиҳ Муслим» бўлиб, мана шу китоб сабабли улуғ мартабага ва чиройли мақтовларга сазовор бўлдилар. Бундан ташқари, у зотнинг «Жомиъ ал-Кабир алал абвоб», «Китобу муснади ал-Кабир ала асмои рижол», «Китобу Асмои ва куна», «Китобу илал», «Китобу тамйиз», «Китобу ҳадис Амр ибн Шуъайб», «Китобу машойихи Молик», «Китобу авҳомул муҳаддисийн», «Китобу ман лайса лаҳу илла ровин воҳид», «Китобу табақати ат-Тобеъийн», «Китобу муҳозрамийн», «Китобу машойихи ас-Саврий» китоблари маълум ва машҳур.
Бундан ташқари «Саҳиҳи Муслим»га бир неча мухтасар ва шарҳлар ёзилган.
Имом Муслимнинг «Асмо ар рижол» номли китобларига Абу Бакр Аҳмад ибн Али Исфаҳоний шарҳ ёзган.
Имом Муслимдан ана шу даврнинг катта имомлари, жамоатлар ҳадис ривоят қилишди. Улар Абу Ҳотим ар-Розий, Мусо ибн Ҳорун, Аҳмад ибн Салома, Абу Исо ат-Термизий, Абу Бакр Ҳузаймий, Яҳё ибн Саъид, Абу Авона ва бошқалардир.
Имом Муслим (Аллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин) 261 ҳижрий сана, якшанба куни, 55 ёшларида бу оламдан кўз юмдилар. Душанба куни Нисобурда дафн этилдилар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
وَقَالَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: كَانَ مِنْ دُعَاءِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ زَوَالِ نِعْمَتِكَ، وَتَحَوُّلِ عَافِيَتِكَ، وَفُجَاءَةِ نِقْمَتِكَ، وَجَمِيعِ سَخَطِكَ. رَوَاهُمَا مُسلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо деди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларида «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан неъматингнинг завол бўлишидан, офиятингнинг бурилишидан, тўсатдан келадиган офатингдан ва барча ғазабингдан паноҳ тилайман» бор эди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда тўрт нарсадан паноҳ сўралмоқда:
1. Неъматнинг заволидан.
Аллоҳ таоло Ўзи берган неъматни Ўзи кетказиб қўйиши ҳеч гап эмас. Банда учун унга берилган неъматнинг заволга учраши катта бахтсизлик бўлади.
Неъматнинг заволи кўпроқ унга шукр қилмаслик оқибатида содир бўлади. Неъматнинг заволи унинг озайиши, нуқсонга учраши, баракасининг кетиши ёки бутунлай йўқ бўлиши билан бўлади.
Банда ўзига берилган неъмат учун доимий шукр қилиш билан бирга, ушбу дуони ҳам қилиб турса, яхши бўлади.
2. Офиятнинг бурилишидан.
«Офият» сўзи саломатлик, эсон-омонлик, бардамлик, яхши кайфият каби маъноларни ифода қилади.
Кўриниб турибдики, офият ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан бири экан. Унинг бандадан бошқа тарафга ўтиши унинг учун катта мусибат бўлиши турган гап.
Шунинг учун доимо Аллоҳ таолодан офиятнинг бошқа тарафга бурилиб кетишидан паноҳ сўраб туриш лозим бўлади.
3. Тўсатдан келадиган офатдан.
Бундай офат тўсатдан келгани учун банда тавба ҳам қила олмай, балони даф қилиш учун чора ҳам кўра олмай қолади. Бутун дунё бирлашиб, унга ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, заррача ёрдам бера олмай қолади.
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу каби уқубатлардан доимо асрасин.
4. Аллоҳнинг барча ғазабидан.
Яъни Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўладиган ишлардан паноҳ сўралган. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳар қандай ғазабига дучор бўлган банда албатта ҳалок бўлади, ноумид бўлади ва ютқазади.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 35-жузи