Басмала – “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” – “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман)” жумласининг қисқартма шаклидир. У Намл сураси 30-оятининг бир бўлаги ҳисобланади. Ҳар бир хайрли ишни басмала билан бошлаш суннатдир. Жумладан, Қуръони карим қироатини ҳам. Суралар бошида басмалани айтиш суннат. Ўқувчи сура ўртасидан бошлаб қироат қилганида эса ихтиёрлидир, хоҳласа, айтади, йўқса, “истиоза” билан кифояланади. Лекин басмала билан бошлагани афзал.
Ваҳий – луғатда “тезлик билан махфий ишора қилиш” деган маънони англатади. Истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг пайғамбарлардан бирига нозил қилган Каломидир. Ушбу атамани пайғамбар (алайҳиссалом)лардан бошқага нисбатан қўллаш мумкин эмас. Яъни, пайғамбар бўлмаган одамга ваҳий тушди, дейилмайди.
Ийҳоъ – ваҳий сўзидан умумийроқ бўлиб, набий ва расуллардан бирига ваҳий нозил қилиш ҳам, пайғамбар бўлмаган кишиларга ишора қилиш ёки қалбига бирор нарсани солиш ҳақида гап кетганда ҳам қўлланилади. Шунинг учун бу лафзни набийга ва набий бўлмаганларга нисбатан ишлатиш мумкин.
Истиоза – “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим” (“Қувғин этилган шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрайман”) жумласининг қисқартмасидир. Луғатда “паноҳ тилаш” маъносини англатади. Истилоҳда эса қироатни бошлашдан олдин Аллоҳ таолодан шайтон ёмонлигидан паноҳ сўрашдир. Суранинг хоҳ аввалидан, хоҳ ўртасидан бошлаб қироат қилганда “истиоза”ни айтиш мустаҳабдир. Айрим уламолар вожиб дейишган.
Қироат – арабча “قرأ” сўзи ўзагидан олинган бўлиб, “Қуръон тиловат қилиш, ўқиш” каби маъноларни ифодалайди.
Қори – арабча “قرأ” сўзи ўзагидан олинган бўлиб, “Қуръон қироат қилувчи, ўқувчи” маъноларни англатади.
Қуръон – арабча “قرأ” сўзи ўзагидан олинган бўлиб, “ўқиш, жамлаш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса, Қуръон Аллоҳ таолонинг Жаброил (алайҳиссалом) воситасида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га туширган, тиловати ибодат ҳисобланган Каломидир.
Маданий – ҳижратдан кейин Мадина ва бошқа жойларда нозил бўлган cуралар. Бу атама 26 та сурага нисбатан қўлланилади. Маданий оятлар адади 1456 та бўлиб, Қуръоннинг 37 фоизини ташкил этади. Маълумки, Қуръони карим оятлари бир жойда эмас, балки Макка, Мадина, Тоиф, Жуҳфа, Байтул Мақдис, Ҳудайбия каби шаҳарларда ва Мино, Арафот, Бадр, Уҳуд каби ерларда туширилган.
Маккий – Маккада ҳижратгача нозил бўлган суралар. Бу атама 88 та сурага нисбатан қўлланилади. Маккий оятлар адади 4780 та бўлиб, улар Қуръоннинг 63 фоизи ташкил этади.
Мусҳаф – луғатда “саҳифаланган” маъносини англатади. Истилоҳда эса, ўзида бир қанча саҳифани жамлаган китобга “мусҳаф” дейилади. “Мусҳаф” ибораси асосан Қуръони каримга қўлланилади. Бу Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)нинг Мусҳафи бўлиб, қолган Мусҳафлар ундан кўчирилган. У зот халифалик даврида ваҳий котиби бўлмиш Зайд ибн Собит ва бир қанча саҳобалар (розияллоҳу анҳум)га бир неча Мусҳаф кўчиришни буюради. Мусҳафлар тайёр бўлгач, бирини ўзи ва Мадина аҳли учун сақлаб, қолганларини Макка, Шом, Куфа, Басра каби жойларга юборади. Ана шу Мусҳафлар “Усмон Мусҳафи, Имом Мусҳафи” дейилади.
Оят – луғатда “мўъжиза, аломат, ибрат, далил” сингари маъноларни англатади. Истилоҳда эса, сураларнинг тугалланган маънога эга бўлаги “оят” дейилади. Қуръони карим 6236 оятдан иборат.
Пора – форсча сўз бўлиб, “қисм, жуз, бўлак” каби маъноларни англатади. Қуръони карим 30 порадан иборат. Ҳар бир пора 20 бетни, яъни 10 варақни ташкил этади. Пора маълум сура ёки оятлар адади билан белгиланмайди. Мисол учун, Бақара сураси 2 порадан зиёдроқдир. Айрим поралар эса ўз ичига бир неча сурани олган, жумладан, 30-порада 37 та сура жой олган.
Рубъ – Бир поранинг тўртдан бир қисми, яъни 5 бет. Қуръони карим 240 рубъдан иборат.
Сура – луғатга кўра, “шараф, мақом, қўрғон” каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса, “сура” деб Қуръони карим оятларининг бошланиши ва тугаши белгиланган қисмига айтилади. Қуръони карим 114 сурадан иборат.
Тажвид – луғатда, “чиройли қилиш, сифатини ошириш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса, тажвид деб, ҳар бир ҳарфнинг махраж, сифат, мад, тарқиқ, тафхим каби тажвид қоидаларидан иборат ҳақини бериш тушунилади. Тажвидни назарий жиҳатдан билиш фарзи кифоя, унга амал қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун фарзи айндир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!” (Муззаммил сураси, 4-оят).
Тафсир – луғатда “очиб бериш, баён қилиш, шарҳлаш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса, Қуръони карим лафзларини талаффуз этиш кайфияти (қироатлар), уларнинг (луғавий) маънолари, муфрад ва таркибий ҳукмлари (сарф, наҳв ва балоғат қоидалари), таркиб ҳолатида далолат қиладиган (ҳақиқий ва мажозий) маънолари ва у илмнинг тўлдирувчилари (носих, мансух, нозил бўлиш сабаблари ва қиссалар)дан баҳс қиладиган илмдир. Бу илмга луғат, сарф, наҳв, балоғат, усулул фиқҳ ва қироат илмларини чуқур ўрганиш билан эришилади.
Ҳизб – Қуръони каримнинг олтмишдан бир қисми, яъни ярим пора.
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.
Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.
Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.
Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.
Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз.
Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қатламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.
Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул насобиҳ”), деб тавсия берганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қилади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар!
Ғайрат БОЗОРОВ,
Деҳқонобод тумани
“Оқработ ота” жоме масжиди
имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди