Бир куни ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларидан чиқиб, уйларига келдилар. Қарасалар, Расулуллоҳнинг қизлари – Фотимаи Заҳро юнг ва тивитни чархда йигириб, ип қилиб ўтирган эканлар. Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) эса, уни тўқиш билан машғул эдилар. Шунда Фотимаи Заҳрога қараб: “Эй аёлларнинг олийжаноби, эрингизни таомлантирадиган бирор нарсангиз борми? – деб сўрадилар.
Фотимаи Заҳро: “Аллоҳга қасамки, уйимизда егуликдан ҳеч вақо йўқ. Фақат мана бу олти танга бор, холос. Салмон Форсийга юнг ва тивит йигиргандим, эвазига шуни бердилар. Аммо буларга Ҳасан ва Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо)га таом харид қилмоқчи эдим”, – дедилар. Шунда Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) у тангаларни олиб, егулик сотиб олмоқ учун бозор томон йўл олдилар. Кетаётиб, бир одамга дуч келдилар. У бундай деяётган эди: “Аллоҳга бирор нарса қарз берадиган киши борми?” У зот бу ҳолатни кўргач, Аллоҳ розилиги учун қўлларидаги ўша олти тангани унга ҳадя қилдилар. Шу боис, бозордан ҳеч нарса ололмасдан қайтишга мажбур бўлдилар. Фотимаи Заҳро у зотнинг қуруқ қўл билан уйга келганларини кўргач, беихтиёр йиғлаб юбордилар.
Ҳазрат Али сўрадилар: “Эй аёлларнинг олийжаноби, сизни нима йиғлатди?”
Фотимаи Заҳро: “Эй Абул Ҳасан, бўш келдингиз, қўлингизда ҳеч қандай егулик кўрмадим, шунга фарзандларимизнинг оч қолаётганига тоқат қилолмай йиғлаяпман”, – дедилар.
Ҳазрат Али: “Эй Фотима, мен ўша тангаларни Аллоҳга қарз бериб келдим. Иншоаллоҳ, тез орада қайтариб беради”, – дедилар.
Ҳазрат Фотима: “Мен ҳам шундай бўлишини билгандим, шунга сабр қиляпман”, – дедилар.
Шунда Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бормоқчи бўлиб йўлга чиқдилар. Узоқдан бир аъробийни кўриб қолдилар. У бир туяни етаклаб келаётганди. Яқинлашгач, ҳазрат Алига кўзи тушиб: “Эй Абул Ҳасан, бу туяни сотмоқчиман, шуни сиз олинг”, – деди.
У зот: “Ёнимда пул йўқ”, – дедилар.
Аъробий: “Насияга бўлса ҳам сотаман, олаверинг”, – деди.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) сўрадилар: “Ўзи қанчага сотмоқчисан?”
Аъробий: “Юз тангага”, – деди.
Шунда ҳазрат Али уни сотиб олдилар. У аъробий туяни у зотга топширганича кетди. Шундан сўнг, яна бир аъробий пайдо бўлди ва туяга харидор эканини айтиб, баҳосини сўради.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Уч юз танга”, – дедилар
Аъробий рози бўлиб, уч юз тангани санаб бергач, туянинг нўхтасидан ушлаб олиб кетди.
Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) Фотимаи Заҳро (розияллоҳу анҳо)нинг ёнларига ўша уч юз тангани кўтариб келдилар. Расулуллоҳнинг қизлари буни кўргач, табассум-ла: “Эй Абул Ҳасан, қўлингиздаги нима?” – дедилар.
Ҳазрат Али бир туяни насияга, юз тангага олиб, нақдга, уч юз тангага сотганларини айтгандилар, Фотимаи Заҳро: «Ҳа, тўғри топибман”, – дедилар.
Сўнг, Али (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига борган эдилар, у зоти бобаракот ҳам табассум қилиб: “Эй Али, бўлиб ўтган воқеанинг тафсилотини мен сизга айтайми ёки ўзингиз менга сўзлаб берасизми?” – дедилар.
Ҳазрат Али ҳурмат билан: “Ё Расулуллоҳ, ўзингиз менга айтиб беринг”, – дедилар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Али, сизга туяни келтириб, насияга, юз тангага сотган биринчи аъробий ким экани-ю, нақдга, уч юз тангага сотиб олган иккинчи аъробий кимлигини билдингизми?” – деб сўрадилар.
Ҳазрат Али: “Йўқ, Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, – дедилар.
Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Али, сизга жаннат бўлсин, Аллоҳ таолога олти тангани қарзга бердингиз, Аллоҳ таоло эса, сизга уч юз танга ато этди, ҳар бир тангангиз эвазига эллик танга берди. Биринчи аъробий Жаброил (алайҳиссалом), иккинчиси эса, Микоил (алайҳиссалом) эдилар”, – деб жавоб бердилар.
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ