Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ва Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев Марғилон шаҳрида аҳоли орасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида учрашув ўтказилди.
Зайниддин домла диний-маърифий соҳадаги янгиликлардан бохабар этиш баробарида Ҳақ таоло берган неъматлар шукрини адо этиш, буюк аждодларимизга муносиб бўлиш, илм-маърифат ва касб-ҳунар ўрганишга ҳарис бўлиш сингари мавзуларда мавъиза қилиб берди. Шунингдек, суҳбатда динимизни ишончли устоз ва саҳиҳ манбалардан ўрганиш, ҳар ишда мўътадил бўлиш лозимлиги борасида сўзлаб, гуноҳ иш ва жаҳолатдан сақланиш, хайрли амалларда бардавом бўлишга чақирди.
Иштирокчилар якунда уламоларга ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Марғилон шаҳрида жаҳон тамаддуни ва ислом илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккирлардан бири — Имом Бурҳониддин Марғилоний номи билан боғлиқ янги илмий-маърифий туризм маркази барпо этилмоқда. “Наврўз” маҳалласи ҳудудида ташкил этилаётган мазкур мажмуа нафақат юртимиз, балки халқаро миқёсда ҳам аҳамиятга молик лойиҳалардан бири сифатида кўрилмоқда.
Бош режа асосида қурилаётган марказда Бурҳониддин Марғоний илмий-тадқиқот маркази, замонавий шаклда ташкиллаштириладиган музей, миллий услубда барпо этиладиган “Отабек ва Кумуш” уйи, сунъий кўл, мақом театри, гастрономия ва хизмат кўрсатиш марказлари, савдо дўконлари, меҳмонхоналар ҳамда бозор инфратузилмаси назарда тутилган.
Мазкур қурилишлар келажакда Марғилон шаҳрининг тарихий, илмий ва туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу жой, шубҳасиз, зиёрат ва илмий тадқиқот мақсадида келувчилар учун ҳам жозибадор масканга айланади.
Шу кунларда мазкур ҳудудда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бугунги кунда илмий-тадқиқот маркази биноси билан бир қаторда бошқа муҳим иншоотларнинг ҳам қурилиши бошланган.
Марғилон шаҳрида фаолият юритаётган имом-хатиблар шаҳар бош имом-хатиби Абдулфаттоҳ домла Олимов бошчилигида мажмуа билан яқиндан танишиш мақсадида объектга бордилар.
Ташриф чоғида имом-хатиблар бу ердаги қурилиш ишларининг ҳолати билан танишдилар, лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан масъуллардан маълумотлар олишди.
Мазкур мажмуа нафақат Марғилон, балки Фарғона водийси ҳамда бутун мамлакатимиз учун муҳим маданий-маърифий маскан бўлиб, у келажакда ёшлар тарбияси, диний соҳа ходимларининг салоҳиятини ошириш, миллий ўзликни англаш ва қадриятларни асраш йўлида хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати