Миср ва ислом оламининг энг буюк қориларидан бири Aҳмад Наина телевидение дастурида болалигиданоқ Қуръони карим ҳаёти ҳақида гапириб, ўзининг Қуръон истеъдодини ҳаётидаги энг буюк илоҳий неъмат, деб таърифлади. Бу ҳақда “IQNA” сайти “Al-Ahram” га таяниб хабар берди.
– Отам пахта савдоси билан шуғулланган. Қуръон илмидан ҳам олим бўлган. Менинг Қуръон ўрганишимга ҳам жуда қизиқарди. Мадрасада Каломуллоҳни ўқишни ўргандим. Искандарияда Шайх Саиддан рухсат олиб, кўзи ожиз Шайх Aмин Хелолийдан таҳсил олдим, – дейди у.
Миср ва ислом оламининг бу буюк қорисининг сўзига кўра, Мисрнинг собиқ президенти Aнвар Садат унинг мутолаасига юқори баҳо бериб, ўзи яқин дўст бўлган Шайх Мустафо Исмоил билан қиёслаган.
Наина, шунингдек, Мисрнинг буюк таржимон олими ва воизи Шайх Муҳаммад Мутавалли аш-Шаровийнинг мухлиси ва унинг шогирди эканлигини айтди. Aш-Шаровий унинг қироатини жуда қадрлаган ва ҳар доим Наина бизни танани эмас, балки қалб ва руҳни даволашга йўналтиради, - дейди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирларига оид Фармонни имзолади.
Ҳужжат Конституциявий суд фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг конституциявий одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда суд ишларини юритишда шаффофлик ва самарадорликни оширишга қаратилган. Унда қуйидагилар назарда тутилган:
– фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш;
– конституциявий шикоят институтини такомиллаштириш ва суд ҳимоясини кучайтириш;
– давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан конституциявий назоратни таъминлаш;
– 2026–2027 йилларда Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш дастурини амалга ошириш;
– суд ишларини юритишда "Э-КСУД" ахборот тизимини жорий этиш, электрон мурожаатлар, онлайн кузатув ва видеоконференсия орқали суд мажлисларида иштирок этиш имкониятларини яратиш;
– суд мажлисларини жонли эфирда узатиш, аудиоёзув орқали қайд этиш ва электрон баённомаларни шакллантириш;
– давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграция орқали фуқаролар ва тадбиркорларни ортиқча овора қилмасдан зарур маълумотларни электрон шаклда олиш амалиётини жорий этиш.
Фармон Конституция устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда суд тизимида замонавий, очиқ ва халққа яқин механизмларни жорий этишга хизмат қилади.