Шу йилнинг 25-26-июль кунлари Қозон шаҳрида “Маънавий ипак йўли: Евроосиё маконида анъанавий қадриятлар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон диний соҳа мутасаддилари қатори Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов иштирок этди.
Муҳаммадолим домла ўз чиқишида сўнгги йилларда юртимизда диний соҳа амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар билан ишлаш, диний таълимни ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маъруза қилди. Бундай ўзгаришлар анжуман қатнашчилари томонидан юқори баҳоланиб, эътироф этилди.
Анжуман давомида «Катта Евроосиё халқлари: кундалик диний ҳаётнинг замонавий этнографик тадқиқотлари», «Қуръоннинг замонавий ислом маданияти ва таълимда акс этиш шакллари» каби мавзулар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати