Шу йил 29-30 июль кунлари Қоҳирада "Тезкорлик билан ривожланиб бораётган дунёда фатво ва юксак ахлоқни шакллантириш" мавзуcидаги халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда.
Нуфузли тадбирда Миср муфтийси Шавқи Иброҳим Аллам таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Диний идора Халқаро алоқалар бўлими мудири Шавкат Ҳамдамов иштирок этмоқда.
Миср Фатво уйи ташкил этган анжуманда фатво, яъни дин уламолари томонидан чиқарилган шариат ҳукми, шахслар ва жамиятни тўғри йўлга йўналтириш ва юксак ахлоқни шакллантиришда муҳим ўрин тутиши, тезкор ривожланувчи дунёда технологиялар ва жамият қийматлари ўзгариб бораётганда фатволар янги чақириқларга мослашиши ва диннинг асосий тамойилларига асосланган бўлиши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Халқаро анжуманда дунёдаги олим ва соҳа мутахассислари мавзу юзасидан фикр-мулоҳаза алмашиш баробарида ўз маърузалари билан қатнашади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Масжиддаги жамоатда баъзан олдинги сафдаги одамнинг кийими калта бўлгани учун саждада орқаси қисман очилиб қолади ва бехосдан унга кўзимиз тушиб қолади. Шу ҳолатда таҳорат ёки намозимиз бузилмайдими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Уламолар таҳорат ва намозни бузувчи омилларни бирма-бир санаганлар. Улар ичида бировнинг авратига кўз тушиб қолиш сабабли бузилади, деган гап йўқ. Бировнинг, хоҳ аёлнинг, хоҳ эркакнинг авратига қараш сабабли бавл ёки бирор суюқлик чиқмаса, таҳорат синмайди. Аммо бу дегани қараш, назар солиш мумкин экан, деб тушунмаслик керак. Чунки бундай ишлар асло мумкин эмас.
Бир нарсани ёдда тутиш лозимки, намоз ўқиш учун тайёрланаётган инсон намоз ўқиш асносида авратлари очилиб қолмаслигининг чорасини кўриши керак бўлади. Чунки бир рукн (фарз амали) миқдорича авратининг тўртдан бири очилиб турса, унинг намози бузилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази