Азиз ва қадрли ватандошлар!
Аввало, сизларни, бутун Ўзбекистон халқини Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган ислоҳотларимиз жараёнида жамиятимизда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашни энг устувор вазифаларимиздан бири этиб белгиладик.
Дунёда Халқаро дўстлик куни деб қабул қилинган 30 июль санасини мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни деб эълон қилганимиз ва ўзига хос байрам сифатида кенг нишонлашни анъанага айлантирганимиз ҳам шундан далолат беради.
Дунё миқёсида бағрикенг юрт сифатида эътироф этиладиган жонажон Ватанимизда бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ, ҳамжиҳат бўлиб яшамоқда. 157 та миллий маданий марказ ва 38 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда.
Мамлакатимиздаги таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилмоқда, қардош тилли мактабларда ўқиётган фарзандларимиз давлат ҳисобидан дарслик ва бадиий адабиётлар билан таъминланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ташкил этилган “Дўстлик уйлари” фаолияти ҳар тарафлама қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан ушбу мақсадлар учун зарур маблағлар йўналтирилмоқда, турли субсидия ва грантлар ажратилмоқда.
Миллий маданий марказларнинг моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида улар давлат томонидан замонавий техник ускуналар, мусиқий асбоблар, мебель жиҳозлари, миллий либослар билан таъминланди.
Миллий маданий марказлар фаолияти учун энг кўркам бинолар ажратиб берилди. Бу масканларда мунтазам равишда умуммиллий байрамлар, фестиваллар, концерт ва учрашувлар, таниқли маданият арбобларининг чиқишлари, семинар ва конференциялар ўтказилмоқда.
“Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган эзгу ғоя барча миллий маданий марказларнинг шиорига айлангани диққатга сазовор. Бу жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳити, тинчлик ва осойишталикнинг амалий ифодасидир.
Ўтган йиллар мобайнида юртимизда Халқлар дўстлиги фестиваллари доирасида ўтказилган давра суҳбатлари, ижодий мулоқотлар, турли миллат вакилларининг китоб кўргазмалари, фотокўргазмалар, халқаро конференция ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар миллатлар ва элатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларининг мустаҳкамланишида яна бир муҳим босқич бўлди.
Чет элларда истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда.
“2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси тўғрисида”ги фармонда миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш белгилангани ҳам мазкур йўналишдаги ишларимизнинг бардавом эканини кўрсатади.
“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шароитлар яратиш, уларнинг фуқаролик бурчини ҳис этиши ва англаши, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, бағрикенгликка асосланган миллатлараро мулоқот маданиятини ошириш каби хайрли ишлар олиб борилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сўнгги етти йилда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида улкан ўзгаришлар рўй бермоқда. Буни жаҳон ҳамжамияти, халқаро экспертлар, таниқли давлат ва сиёсат арбоблари ҳам эътироф этмоқда.
Марказий Осиё минтақасидаги қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар қайта тиклангани, азалий ришталар янгича мазмунда давом эттирилаётгани халқимизнинг хоҳиш ва истаклари, орзу-интилишларини яққол ифода этмоқда.
Муҳтарам дўстлар!
Ҳеч кимга сир эмас, бугун дунёда беқарор вазият ҳукм сурмоқда. Халқаро майдонда давлатларнинг бир-бирига ўзаро ишончи сусайиб бормоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаётнинг ўзи биздан мамлакатимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тотувлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни бузғунчи ёт ғоя ва оқимлар, ташқи таъсирлардан асрашга қаратилган ишларимизни янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда.
Кўпмиллатли ва кўпмаданиятли жамиятни оқилона бошқариш соҳасида Ўзбекистон муҳим тажриба тўплади. Бизнинг бу борадаги фаолиятимиз дунё миқёсида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Биз бундан буён ҳам нодавлат ташкилотларнинг ролини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш орқали фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Мамлакатимизда миллатлар ва конфессиялар ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш сиёсатини изчил давом эттирамиз.
Бу олижаноб мақсад йўлида юртимиз бўйлаб бир ҳафта давомида ўтказиладиган Дўстлик фестиваллари халқимизни янада бирлаштиради, минтақамиздаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонаман.
Азиз юртдошлар!
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни, бутун халқимизни Халқлар дўстлиги куни билан яна бир бор чин кўнгилдан муборакбод этаман.
Жонажон Ватанимизда доимо тинчлик-осойишталик ва фаровонлик ҳукм сурсин, кўпмиллатли Ўзбекистон халқига ҳамиша бахту саодат ёр бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати