Шу йил 30 июль куни пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Шоҳона” тўйхонасида диний соҳа ходимлари, турли мутасадди ташкилот вакиллари, маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.
Маърифий учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов Ҳақ таоло бизга берган беҳисоб неъматларни қадрлаш баробарида унинг шукрини адо этиш, динимиз арконларига ва жамиятимиздаги тартиб-қоидаларга амал қилиш, мазҳабга эргашиш, ёт ғоя ва оқимлардан сақланиш каби бугунги кунда муҳим бўлган мавзуларда суҳбат қилиб берди.
Суҳбат давомида сўнгги йилларда юртимизда 100 та янги жоме масжид очилгани, Қуръони карим курсларида бир неча ўн минг фуқаро Каломуллоҳни мутолаа қилишни ўргангани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли ошгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги билдирилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди.
Иштирокчиларнинг мурожаат-таклифлари эшитилди, оилавий, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Мулоқотлар самимий ва юқори кайфиятда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўмон Султонлигининг Масқат шаҳридаги "Hilton Muscat Al Bandar" мажмуасида халқаро форум бўлиб ўтди. Шу йилнинг 15-16 ноябрь кунлари ўтказилган ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам иштирок этди.
Мазкур халқаро форум Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Геноциднинг олдини олиш ва ҳимоя қилиш масъулияти бўйича бошқармаси (UNOSAPG), Ўмон Султонлиги Вақф ва диний ишлар ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, "Дин ва анъанавий тинчликпарварлар тармоғи" (The Network for Religious and Traditional Peacemakers) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади камситиш ва зўравонликнинг олдини олиш, шунингдек, ўзаро мулоқот, бағрикенглик ва тинч-тотувликни кенг тарғиб қилишда амалий ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат бўлди.
Эътиборлиси, форумнинг асосий тадбирлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро бағрикенглик кунига (16 ноябрь) тўғри келгани ўзаро ҳурмат ва тинч-тотув яшаш қадриятларини мустаҳкамлаш учун муҳим майдон вазифасини ўтади.
Халқаро тадбирда дунёнинг турли давлатларидан келган таниқли уламолар, диний ва анъанавий етакчилар, ҳукумат вакиллари, БМТ ва бошқа йирик халқаро ташкилотлар мутасаддилари жам бўлди. Форум дастури доирасида муҳим сессиялар бўлиб ўтиб, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик механизмлари ҳамда бағрикенгликни илгари суришда диний етакчилар ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни каби мавзуларда юқори даражадаги муҳокамалар олиб борилди.
Шунингдек, халқаро тадбир доирасида юртимиз вакиллари дунёнинг қатор давлатларидан ташриф буюрган нуфузли уламолар, диний етакчилар ва соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказдилар. Самимий руҳда кечган мулоқотлар давомида диний-маърифий соҳани ривожлантириш, соф Ислом маърифатини кенг ёйиш ҳамда бугунги куннинг долзарб масалалари ечими бўйича ўзаро тажриба алмашилди.
Ўзбекистон вакилларининг бундай нуфузли халқаро анжуманлардаги иштироки юртимизда олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, динлараро бағрикенглик ва тинчликсеварлик тамойилларини жаҳон ҳамжамиятига етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати