Шу йилнинг 29-30 июль кунлари Қоҳира шаҳрида “Шиддат билан ривожланиб бораётган дунёда фатво ва юксак ахлоқни шакллантириш” мавзуcидаги халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда 100 дан ортиқ давлатдан келган юқори мартабали давлат ва жамоат арбоблари, етук уламолар, диний етакчилар ва фатво идоралари вакиллари иштирок этди.
Мазкур нуфузли тадбирда Миср муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом таклифига биноан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков қатнашди.
Халқаро анжуманда дин уламолари томонидан чиқарилган фатволар кишилар ва жамиятларни тўғри йўлга йўналтириш ва юксак ахлоқни шакллантиришда муҳим ўрин тутиши, шиддат билан ривожланувчи дунёда ва технологиялар тараққий этиб бораётган даврда фатволар янги чақириқларга мослашиши ҳамда диннинг асосий тамойилларига асосланган бўлишига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу анжуманда турли мамлакатлардан келган олим ва соҳа мутахассислари мавзу юзасидан ўз маърузалари билан қатнашиш баробарида ўзаро фикр-мулоҳаза алмашдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан юртимизнинг турли ҳудудларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кенг кўламда давом этмоқда. Мазкур бош ғоя асосида масжидлар ва қабристонларда ҳам ҳашарлар ташкил этилиб, ҳудудлар тартибга келтирилмоқда.
Хусусан, масжидлар атрофи, қабристонлар ва уларга туташ ҳудудларда тозалаш, ободонлаштириш, дарахтларни парваришлаш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундай хайрли ишлар юртимиз ободлигига ҳисса қўшиш, муқаддас масканлар ва аждодлар хотирасини эъзозлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ягона Ватан — ягона халқ!
Янги ҳаёт ва янги келажак сари биргаликда!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати