Шу йил 30 июль куни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов Булоқбоши тумани “Қақир” жоме масжиди учун қурилаётган янги хонақоҳ биносига илк ғишт қўйиш маросимида қатнашди. Унда, шунингдек, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиби нуроний оқсоқоллар, муҳандис, қурувчива маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.
Дастлаб Мирзамақсуд домла Алимов қурилиш ҳашарига йиғилганларга бугунги кунда диний-маърифий соҳадаги улкан ўзгаришлар, масжид ва мадрасалар обод бўлаётгани ҳақида сўз юритиб, бундай масжидлар элимизга маърифат тарқатиш маскани бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда Қуръон тиловат қилиниб, масжид бунёдкорларига эзгу ниятлар билдирилди, халқимиз фаровонлиги ва масжид қурилишига ҳисса қўшаётганлар ҳаққига дуолар қилиниб, Мирзамақсуд домла масжид пойдевори учун илк ғиштни қўйиб берди.
Вакиллик матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати