Шу йил 4 август куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида дунёнинг 60 та давлати вакиллари иштирокида Ислом олами давлатларининг Ислом ишлари ва вақфлари вазирларининг “Мўътадиллик тамойилларини тарғиб қилиш ва қадриятларни мустаҳкамлашда Ислом ишлари ва вақфларининг ўрни” мавзусидаги IX халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Мазкур конференцияда Ўзбекистон делегацияси сифатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ва “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Исохон домла Абдуллаев иштирок этмоқда.
Ислом ишлари ва вақфлар вазирларининг жорий IX халқаро конференцияси Саудия Aрабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги томонидан ташкил этилмоқда.
Анжуманнинг кўплаб сессиялари мавзулари умуминсоний қадриятлар ва биргаликда яшаш қадриятлари, ислом ва мусулмонларга нисбатан нафратнинг намоён бўлиши муаммоси, экстремизм, радикализм ва терроризм кўринишларига қарши курашга оид фатволар бериш ва мусулмон уламолари малакасини оширишдан иборат.
Барча мунозараларнинг марказий мавзуси диний нутқни замон талабларига мос равишда янгилаш, жумладан, фатво бериш жараёнида замонавий ахборот воситалари ва маданий глобаллашув шароитида исломий ўзликни англашдан иборат.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.