Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифи давом этяпти. Навбатдаги манзил эса маданий мерос объектлари сони кўплиги билан алоҳида ажралиб турувчи Жидда шаҳридир. Делегация аъзолари Абдурауф Ҳасан Халил музейида бўлишди.
Айтиш жоизки, ҳақиқий санъатнинг илдизи маҳорат ва донишмандликка бориб тақалади. Шу боис ҳоҳ у ўтмишда, ҳоҳ замонавий ҳаётда бўлсин инсонга эстетик завқ бағишлайди. Унинг тасаввурини кенгайтиради ва борлиқни моҳиятан англашига рағбат беради. Мазкур музейга ташриф буюрганлар ҳам ана шундай инсон қўли билан яратилган санъат асарларининг шайдосига айланиши шубҳасиздир.
Абдурауф Ҳасан Халил кўп йиллар Саудия Арабистонида ташқи ишлар вазири ёрдамчиси сифатида фаолият юритган ва мамлакатнинг бошқа давлатлар билан дипломатик алоқаларини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшган. Фаолияти давомида тўплаган коллекциясини яхлит бир марказда кўришни истаган ва хусусий музей сифатида шакллантирган.
Абдурауф Халил музейи Халқаро Тайбат илм-фан ва билимлар шаҳрининг бир қисми бўлиб, Жиддада бўлиши шарт бўлган музейдир. Музей ҳақиқатан ҳам ўзига хос шаҳар. У 12 та бинодаги 300 та хонада исломдан олдинги ва ислом тарихини жонлантиради. Музей Саудия Арабистони мероси уйи, Ислом мероси уйи, халқаро мерос уйи ва жамоат меросини ўз ичига олади.
Мазкур музейда Марказий Осиё тарихи билан боғлик кўплаб экспонатлар ҳам бор. Масалан, мис идишга XIX асрда Тошкентда ишланган миниатюра, XIV аср Темурилар даврига оид Қуръон оятлари билан зеб берилган чойнак, милодий X асрда, Сомонийлар даврида ясалган керамик коса шулар жумласидан.
Делегация аъзолари ва музей ходимлари ўртасида кечган мулоқот жараёнида музейнинг ташкил этилиши, экспонатларни намойиш қилиш ва жараёнда замонавий технологиялардан фойдаланиш мавзулари муҳокама қилинди. Энг муҳими, экспонатда ёритилган мавзулардаги очиқлик, эркинлик ва исломдан бошқа маданиятларга нисбатан ҳурмат руҳидир.
— Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бу – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маданий-гуманитар соҳада амалга оширилаётган жуда катта мега лойиҳа. Шу боис, унинг экспозициясини янги мазмун билан бойитиш масаласида изланишлар олиб бориляпти, - дейди делагация аъзоси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов. — Давлат раҳбари топшириғига асосан, нафақат миллий ва халқаро олимлар, тарихчилар, мутахассис, экспертлар фикри, балки халқаро тажриба ҳам ўрганиляпти. Саудия Арабистонига қилган сафаримиз айрим ҳолларда дуч келинадиган нотўғри талқинларга барҳам бера олгани билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки, Подшоҳликдаги музейларда биринчидан исломдан аввалги давр ҳам ёритилган. Қолаверса, инсонларнинг, ҳусусан аёлларнинг сиймолари акс этган ҳунармандчилик ва мусаввирлик ишлари ҳам намойишга қўйилган.
Дарҳақиқат, музей экспозицияси чин маънода маданиятлараро чорраҳа вазифасини ўтаяпти ва дини, эътиқоди, миллатидан қатъи назар ташриф буюрувчиларга ҳайрат улашяпти. Энг муҳими, мазкур музей исломнинг бағрикенглик тамойилларини ўзида тўла акс эттирган. Намойишга қўйилган турли экспонатлар мисолида буни янада ёрқинроқ кўриш мумкин. Абдурауф Ҳасан Халил музейида турли цивилизацияларга оид бадиий ва археологик асарлар, жумладан, Хитой, Европа ва бошқа ислом оламига оид асарлар ҳам мавжуд. Музейда ҳайвонлар ва одамларнинг ҳақиқий ўлчамдаги кўплаб макетлари, портретлар ва маълум бир воқеликни акс эттирган суратлар мавжуд.
— Гарчи мамлакатларимиз ўртасида жуда узоқ масофа бор. Аммо музей экспозициясида, бу у қадар кўзга ташланмайди. Бугун музейда Темурийлар даврига оид Қуръон оятлари билан зебланган идишлар ва бошқа кўплаб экспонатларни кўриб, юртимиз тарихига бўлган ҳурмат ва эътиборни яна бир карра ҳис қилдик, - дейди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси директори Фирдавс Абдухолиқов. – Саудия Арабистонига бўлган сафар айтиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг диний-маърифий соҳаларда олиб бораётган сиёсати, саъй-ҳаркатлари намунасидир. Бу илм аҳлига илҳом бериб, шу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг янги босқичга чиқишига хизмат қиляпти.
Мазкур музейга қилинган ташриф давомида келгусида қилинадиган ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Делегация ўз ишини давом эттиряпти.
cisc.uz
Саудия Арабистонининг нуфузли ОАВда Ўзбекистоннинг маданий-гуманитар, туризм ва спорт соҳаларидаги халқаро ҳамкорлиги ҳамда мамлакатда бўлиб ўтадиган йирик тадбирларга бағишланган таҳлилий мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Саудия Арабистонининг “Amwaj” нашрида жорий йилнинг 24–29 август кунлари Тошкентда “Ислом цивилизацияси: янгича нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилиши кенг ёритилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтадиган ушбу йирик тадбирга етакчи хорижий журналистлар ва халқаро экспертлар тўпланиши қайд этилган. Форум дастури ялпи мажлислар, талабалар учун маҳорат дарслари, медиатурлар ва Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилишни ўз ичига олади ҳамда Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлашга бағишланади.
Шунингдек, нашрда Самарқандда Ўзбекистон Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган биринчи Ўзбекистон–Грузия туризм форуми ҳам ёритилган. Таъкидланишича, тадбир Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Грузияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси бўлди.
Томонлар қўшма сайёҳлик маҳсулотларини яратиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни кенгайтириш ва туризмнинг янги турларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилган. Грузиядан келаётган сайёҳлар оқимининг сезиларли даражада ошгани ва Ўзбекистон туризм соҳасининг умумий кўрсаткичлари юқори экани қайд этилган.
“Saudi Press Agency” ахборот агентлиги Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси ўртасидаги Англашув меморандумига доир ижро дастури имзолангани ҳақида хабар берди.
Ушбу ҳужжат мўътадиллик тамойилларини мустаҳкамлаш, экстремизмга қарши курашиш, воиз ва имомлар учун ўқув курсларини ташкил этиш, Қуръони Карим маъноларини ўрганиш ва ёйиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати