Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносига Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият олиб бораётган юртимизнинг барча ҳудудларидан келган ёш иқтидорли, тарғиботчи имом-хатиблари ташриф буюрди. Бу ҳақда Марказ Матбуот хизмати хабар берди.
Меҳмонларга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан улуғ аждодларимизнинг ислом ва жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссалари, динлараро ва цивилизациалараро мулоқотни йўлга қўйишда марказнинг роли, музей экспозициялари ва кутубхона тўғрисида марказ катта илмий ходими, фалсафа доктори (PhD) И. Ибрагимов томонидан ахборот берилди.
Марказ музей экспозицияни янги мазмун билан бойитиш борасида олиб борилаётган ишлар, жумладан, жорий йил 3-4 июль кунлари “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” Республика олимлари форумининг ўтказилганлиги, 23-27 август кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) билан ҳамкорликда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида “Аждодларнинг буюк мероси – Учинчи уйғониш даври асоси” VIII халқаро конгресси ўтказилаётгани тўғрисида ташриф буюрувчиларга атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, меҳмонлар марказда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишишди.
Меҳмонлар томонидан Бугунги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ҳақиқатан ҳам Учинчи Ренессанс томон қадам ташланаётганидан дарак бериши эътироф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмат
27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.
Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.
Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.
Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.
Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.
Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати