Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари маълум.
13 август куни Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясини Парижда ўтадиган ХVII ёзги паралимпия ўйинларига кузатиш маросими бўлиб ўтди.
28 августдан 8 сентябрга қадар Франциянинг Париж шаҳрида ХVII ёзги Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади.
Унда Ҳусниддин Норбеков ва Моҳигул Ҳамдамова Ўзбекистон делегацияга байроқдорлик қилишади.
Бу галги ўйинларга 65 нафар ўзбекистонлик пара атлет 9 та спорт туридан (пара енгил атлетика, пара таеквондо, пара ўқ отиш, пара сузиш, пара каное, пара академик эшкак эшиш, пара дзюдо, пара пауерлифтинг ва пара велоспорт) жами 113 та лицензияни қўлга киритди. Бу Ўзбекистон Паралимпияси тарихида рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
Эътиборлиси, Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган 65 нафар пара атлетнинг 29 нафари, яъни 45 фоизи аёл спортчилар ҳисобланади.
Франция пойтахтидаги ўйинларда Ўзбекистон делегацияси пара велоспорт туридан дебют қилади. Икки нафар пара велоспортчимиз ХVII ёзги Паралимпия ўйинларида велопойганинг 8 та йўналишда ғолиблик учун баҳс олиб боради.
Пара енгил атлетика бўйича терма жамоамиз аъзоси Шаҳина Йигиталиева Ўзбекистон тарихида Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган энг ёш спортчи ҳисобланади. У 2008 йил 19 октябрда туғилган.
Маълумот учун, Париж Паралимпия ўйинларининг расмий очилиш маросими 28 август санасига белгиланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Биринчидан, тарқатилаётган ҳар бир маълумот ва ахборот инсонлар манфаатига хизмат қиладиган яхши сўз бўлиши лозим.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир" (Иброҳим сураси, 24-25 – оятлар).
Иккинчидан, турли фаҳш ва беҳаё маълумотларни, бўхтон, ёлғон ҳамда миш-миш хабарларни тарқатишдан эҳтиёт бўлиш шарт.
Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "...фаҳш ишлар тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир" (Нур сураси, 19-оят).
Учинчидан, тарқатилаётган ҳар қандай хабар ёки маълумот учун Қиёмат куни жавоб беришни ҳамда "Китобат ҳам хитобат кабидир (ёзиш – гапириш каби)", деган қоидани унутмаслик керак.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Бугунги кунда уларнинг оғизларига муҳр урамиз. Нима касб қилганларини Бизга қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур" (Ёсин сураси, 65-оят).
Имом Шофиъий айтадилар: "Вафот этмайдиган ёзувчи йўқ. Аммо унинг қўллари ёзган нарсалар неча йиллар ўтсада сақланиб қолади. Шундай экан, Қиёматда кўрганингизда хурсанд бўладиган нарсадан бошқа ҳеч нарса ёзманг!”.
Тўртинчидан, ҳар бир ахборотнинг ишончли эканини текшириб, кейин тарқатиш.
Аллоҳ таоло шунга буюради: "Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бешинчидан, муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш. Ўзгаларнинг меҳнатини кўчириб, ўзлаштириб олмаслик.
Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: "Менга бу сўзни фалончи айтган”, деб айтувчисини аниқ шаклда гапирган киши ҳақиқий марддир”, деганлар.
Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда айтадилар: "Жумла ёки сўзни нақл қилувчига нисбат бериш омонатдир”.
Олтинчидан, ҳар бир касб эгаси ўз мутахассислиги доирасида ахборот ёки маълумот тарқатиши лозим. Билими етмаган, мутахассислиги бўлмаган хабарни тарқатмаслик керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қачон иш ўз аҳлидан бошқага топширилса, қиёматни кутавер", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД