Бугун бузғунчи оқимлар томонидан нотўғри талқин қилинаётган иймон, тавҳид, фиқҳ, калом ва шу каби мавзулардаги тушунчаларни ватандошимиз Абу Хафс Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари орқали ёритиб бериш ўзига хос аҳамиятга эга. Ҳанафий-мотуридийлик таълимотининг асосий манбаси ҳисобланган ушбу асар, соф ислом ақидаси амаллари ва маърифий исломни ўрганишда муҳим қўлланма бўлиб келмоқда.
“Ақоид ан-Насафий” асари 18 аср бошларидан бошлаб европалик исломшунос олимларнинг тадқиқот объектига айланган.
Масалан, уларнинг таъкидлашича, “Мазкур асар мусулмон дунёсининг қисқа ва лўнда, айни вақтда энг ишонарли манбалардан биридир” деб эътироф этади.
Турк тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-ақоид” китоби билан ислом оламида шуҳрат қозонган.
Яна бир насафлик мутафаккир Абул Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” асари мазкур асар ёзилишига асосий манба вазифасини бажарган.
Шу жиҳатдан олганда, исломшунос тадқиқотчиларнинг фикрича Абу Хафс Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари: “Мотуридия таълимотига, шаклан эса, Абул Муин Насафийнинг “Табсират ул-адилла” асарига асосланган”, – дея таъкидлаганлар.
Татар исломшуносларнинг таъкидлашича, татар-мусулмон мадрасаларида энг оммабоп асар Тафтазонийнинг шарҳи билан келтирилган “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафий” асаридир.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Абу Хафс Насафийнинг “Ақоид” асарига ёзилган шарҳлардан энг машҳури ва оммабопи Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид” асаридир.
Ҳожи Ҳалифанинг “Кашф аз-зуннун” асарида айтилишича, “Ақоид ан-Насафий” асарига Тафтазоний билан бир вақтда 50га яқин муаллиф томонидан шарҳлар ҳошиялар, назмлар, тахрижлар ва тадқиқлар ёзилган.
Ёзилган тахрижлар орасида Жалолуддин Суютийнинг “Тахрижи” ва Мулло Али Қори Ҳанафийнинг “Фароид ал-қолаид ала аҳадис ал-ақоид” асари ҳам машҳур асарлардан бири сифатида бугунги кунгача эътироф этиб келинади.
Улар қатори Саъдуддин Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳ ал-Ақоид” асари ҳар томонлама энг мукаммал шарҳ сифатида эътироф этилади.
Бирор-бир ислом диёридаги билим даргоҳларини мисол қилиб олмайлик, уларнинг барчасида ақоид илмини ўрганиш борасида Тафтазоний томонидан ёзилган “Шарҳ ал-Ақоид”га мурожаат қилганликларини гувоҳи бўламиз.
Усмонийлар давлатида ҳам “Шарҳ ал-Ақоид” асари мадрасаларда расман дастур асосида ўқитилган ва бир неча марта усмонийлар давлати тилига таржима қилинган. Буларнинг барчаси, мазкур асарга нисбатан диний-ижтимоий тус берилганлигидан далолат беради. Шундан айтиш мумкинки, кўпчилик усмонийлар давлатидаги калом илми вакиллари ўзларининг илмий ишлари ва тадқиқотларида “Шарҳ ал-Ақоид”га яқиндан ёндошганлиги маълум бўлади.
Ҳозирда ҳам Тафтазонийнинг мазкур асари илмий жамоатчиликни асрлар давомида эътирофини қозониб келмоқда.
Замонавий истилоҳда қўлланилаётган “bestseller” даражадаги асар сифатида энг кўп чоп этилган китоблар қаторидан ўрин олган. Бу китоб қўлёзма нусхалари кўпгина Европа кутубхоналарида ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда. Ушбу асар асосан, Истанбул, Қоҳира ва Ҳиндистонда нашр этилган. Қозон татар мусулмонлари жамоасида ҳам ушбу асарга қизиқиш юқори бўлган ва тахминан 15 маротаба нашр этилган.
Асарнинг ёзилиши тарихи ва сабаблари тўғрисида айтиш мумкинки, Тафтазоний “Шарҳ ал-ақоид”нинг аввал бошида ақида илми тарихи ва унга бўлган жамиятдаги ижтимоий зарурат тўғрисида тўхталиб ўтади. Ислом дини пайдо бўлган даврда кишилик жамиятидаги муҳит мусаффо ва шаффоф бўлганлиги, ихтилофли ва баҳс-мунозарали воқеа-ҳодисаларнинг камлиги, ақидавий масалаларга пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг бевосита ўзлари томонидан ечим топилганлиги таъкидлаб ўтилади.
Асар давомида мутафаккир исломдан ажралиб чиққан муътазилийлар, жабарийлар, қадарийлар ва карромийлар каби ботил фирқаларнинг фикрларидан иқтибос келтириб уларни таҳлил қилади. Уларга нисбатан суннийлик (аҳли сунна ва вал жамоа эътиқодида) раддияларини бериб борган.
Саъдуддин Тафтазонийнинг калом илмига оид асарлари нафақат тарихда, балки бугунги кунда учраб турган адашган тоифаларнинг нотўғри ақидаларига раддия беришда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бош мутахассиси
“Шарҳу ақоиди Насафия” асарини ўзбек тилига илмий-изоҳли таржимаси ҳамда
унинг андроид ва мультимедиа дастурларини тайёрлаш бўйича лойиҳа аъзоси
Шу йил 31 июль куни Бухоро вилоятида фаолият юритаётган диний соҳа ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал танлови бўлиб ўтди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов, бир қатор ташкилотлар вакиллари ва танлов иштирокчилари қатнашди.
Очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокими Ботир Зарипов танлов иштирокчиларини самимий табриклаб, бу каби тадбирлар диний соҳа вакилларининг билим ва малакасини ошириш билан бирга, улар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Мусобақада “Ибн Сино”, “Бобойи Самоси”, “Абу Бакр Калабодий”, “Абдухолиқ Ғиждивоний”, “Пойкандий”, “Ренессанс”, “Пойи Калон”, “Чор Бакр”, “Моҳитабон”, “Саййид Амр Кулол”, “Хожа Ромитаний”, “Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий”, “Нақшбанд”, “Абу Ҳафс Кабир”, “Мир Араб” ва “Маҳмуд Таробий” жамоалари иштирок этди.
Беллашувда жамоаларга диний-маърифий, тарихий ва умумий билимларга оид саволлар берилди. Қизғин ва баҳсли муҳитда ўтган танловда иштирокчилар ўз билим савияси, мантиқий фикрлаши ва жамоавий ҳамкорлик қобилиятини намоён этди.
Якунда Бухоро вилояти ҳокимининг кубоги “Пойкандий” жамоасига топширилди. Совринни вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Азизбек Қаландаров тантанали равишда тақдим этди. Шунингдек, бошқа жамоалар ҳам эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати