Шу йил 19 август куни пойтахтимизнинг “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги “Тилла Шайх” масжидида диний таълим муассасаларига кириш имтиҳонининг якуний босқичи бошланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, шунингдек, Диний идора Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, мудир ўринбосари Акбар Дўсматов, “Кўкалдош” мадрасаси мудири Маъмуржон Эркаев, "Хадичаи кубро" мадрасаси мудири Марям Абдуллаева ҳамда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланган маросимда сўзга чиққан нотиқлар юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишлар қаторида диний таълимга бўлган эътибор катта аҳамият касб этаётгани, бунга янги диний таълим муассасалари очилаётгани, мавжудларининг фаолияти доимий равишда такомиллашиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиб-қоидалари тушунтирилди.
Шундан сўнг абитуриентлар тест синовига тартиб билан киритилиб, имтиҳонлар бошланди. Мазкур жараён адолатли ўтиши учун соҳа мутахассислари билан бир қаторда турли ташкилот вакиллари жалб этилган.
Маълумот ўрнида мазкур охирги 6-ҳудудда Тошкент шаҳрида имтиҳон топширишни танлаган жами 2 524 нафар абитуриент бир неча кун давомида тест синовларида қатнашади. Уларнинг ота-онаси ва яқинларига имтиҳон жараёнини кузатиш ва кутиб туриш учун махсус шароитлар, яъни соя жойларда катта манитор, стол-стул, сув ва ширинликлар ҳозирланган.
Аллоҳ таоло имтиҳонларнинг барча абитуриентларга манфаатли бўлишини насиб айласин!
Баҳриддин Хушбоқов,
Даврон Турсунов (сурат)
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#xabar #haj2025 #statistika
Саудия Арабистони Подшоҳлиги статистика Бош бошқармаси ҳаж амалларини бажариш учун келган зиёратчилар сонини эълон қилди. Унга кўра:
Бу йил 1 миллион 673 минг 230 нафар киши ҳаж амалини адо этган. Шундан маҳаллий зиёратчилар сони 166 минг 654 нафар.
Ҳожиларнинг 877 841 нафари эркак, 795 389 нафари эса аёллардир.
Зиёратчиларнинг келиши йўллари:
Ҳаво йўллари орқали: 1 435 017 киши.
Қуруқлик чегара орқали: 66 465 киши.
Денгиз йўли орқали: 5 094 киши.
Эслатиб ўтамиз бу йил юртимиздан 15 минг нафар фуқаро ҳаж ибодатини адо этишга муяссар бўлди. Сўнгги 8 йил мобайнида 75 минг нафар киши ҳаж ибодатини қилишга муваффақ бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати