Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида саҳобалар у зотга мурожаат қилар ва билмаганларини сўраб олар эдилар.
У зотдан кейин кичик саҳобалар катта саҳобаларга мурожаат қилар ва билмаганларини сўраб олар эдилар. Улар ораларида ихтилоф содир бўлганда катта саҳобалар томонидан масалага ечим бериларди.
Тобеин ва табаа тобеинларда, яъни саҳобалардан кейинги даврларда Ислом аҳли етук уламоларга мурожаат қилар, билмаганларини улардан сўрашарди. Урва ибн Зубайр, Саид ибн Мусаййаб, Ато ибн Абу Рабоҳ, Муҳаммад ибн Сийрин, Ҳасан Басрий, Суфён Саврий, Абу Ҳанифа, Молик ибн Анас кабилар шулар жумласидан.
Демак, бугун ҳам бирор масалада ихтилоф пайдо бўлса, албатта, аҳли илмлар, юртимиз уламоларидан сўраш лозим. Аммо айрим ёшлар етук уламоларга эмас, балки устоз даражасига ҳам етмаган ёки илм ўқиса ҳам, ақидаси ўнгланмаган кимсаларга мурожаат этиб, алданиб қолишяпти.
Хавотирлиси, баъзи ғўр хотин-қизлар ҳам ўз юртларида асрлар давомида амал қилиб келинган мазҳабларни тарк этиб, мутаассиблик билан хориждаги “Содиқ Самарқандий”, “Абдуллоҳ Зуфар”, “Юсуф Даврон”, “Аҳлиддин Новқатий”, “Маҳмуд Абдулмўмин”, “Абу Муовия”, “Абу Салоҳ” каби номлар остига яширинган сохта даъватчиларга ишониб, ўз эътиқоди, жони, моли ва шаънини хатарга қўймоқдалар.
Бу нобакор кимсалар турли услублар билан аёлларни ҳам ўз домига тортишмоқда. Уларнинг аёллардан бўлган малайлари ҳам қизларни “овлашда” уста бўлиб кетишган. Ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтлари орқали дастлаб “Муаллими соний”дан дарс берамиз, деб қизларнинг ишончига киргач, ўзларининг рисолаларини ўқита бошлайдилар. Улар ғўр қизларни тузоққа илдиришда тап тортмай ёлғон гапиради, ғийбат-бўҳтонни қалаштиради, ҳатто сеҳр-жоду каби куфр амалларни қилишдан ҳам тоймайди. Ҳолбуки, “жиҳод” қиламан, деб хорижга боргач, бу қизларнинг аҳволи қандай аянчли бўлишини жуда яхши билишади.
Шундай экан, фарзанд тарбиясига, уларнинг юриш-туришига бефарқ бўлмайлик. Ким фарзандида салбий ўзгаришни сезса, шубҳали шахсларнинг маърузаларини тинглаётганига гувоҳ бўлса, фурсат борида расмий имом-домлалар олдига олиб бориб, ёш авлодга оқу қорани танитсин.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Рабби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар» (Зумар сураси, 9-оят).
Аллоҳ таоло илм аҳлларини улуғлаб, даражаларини юксалтириб, билмаганларимизни биладиган олимлардан сўрашга буюрган.
Ихтилоф қилиш динимизга зарар келтиради, фитна уйғотади, бизни заифлаштиради, қалбларимизни хира қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Агар ихтилофларни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Дарҳақиқат, тўрт мазҳаб эгалари, аҳли сунна вал жамоа йўлидагилар жуда кўпчиликни ташкил этади. Демак, биз кўпчилик томонидамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватларига биноан тўғри йўлда бардавом бўлишни Яратган Раббимиз барчага насиб этсин!
Жобир ЭЛОВ,
Бухоро вилояти
бош имом-хатиби
Субҳаналлоҳ – Аллоҳ таолога энг севимли калима. Абу Зарр розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган каломни айтайми? Аллоҳ таоло учун каломларнинг энг яхшиси “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”, деб айтишингдир”, дедилар”.
Субҳаналлоҳ – айтишга осон, тарозида оғир келувчи калима. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки калима борки, улар тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга маҳбубдир. Улар: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил аъзийм”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Субҳаналлоҳ – Жаннатда боғ бўлувчи калима. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Субҳаналлоҳ – энг афзал калима. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси калом афзал?” деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ фаришталари ёки бандалари айтишини ихтиёр қилган “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” калимасидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Субҳаналлоҳ – гуноҳларга каффорат бўлувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), ўттиз уч марта ҳамд (Алҳамдулиллаҳ), ўттиз уч марта такбир (Аллоҳу акбар) айтса, жами тўқсон тўққиз бўлади, юзта бўлишига: “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Субҳаналлоҳ – хатоларни кетказувчи калима. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб бир кунда юз марта айтса, хатолари денгиз кўпигича бўлса ҳам кечиб юборилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи аъдада холқиҳи ва ризо нафсиҳи ва зината аршиҳи ва мидада калиматиҳи”, деб айтардилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД