Наманган вилоятида Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан шу йил муборак ҳаж сафарига борган ҳожилар иштирокида "Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз!" шиори остида тарғибот усуллари бўйича ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов, Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари ҳамда ҳожи ота ва оналар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан мутасаддилар сўнги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритиб, ҳожиларимиз сони йил сайин ортиб бораётгани эътироф этилди. Бу йил Давлатимиз раҳбари ҳожилар ҳолидан хабар олиб, улар юртга қайтганларидан сўнг маънавият тарғиботчиси бўлиб, барчага ибрат бўлишларига умид билдиргани алоҳида қайд этилди.
Семинарда мазкур эзгу ташаббус доирасида бугунги кунда “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида имом-хатиблар ва ҳожилар томонидан ташкил этилаётган маънавият тарғибот тадирлари ҳақида сўз юритилди. Вилоятда шу кунга қадар амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, семинар давомида ҳожиларга кейинги фаолияти учун зарур бўлган “Янги Ўзбекистон фидойиси” қўлланмаси тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мазкур қўлланмада ҳожиларимиз учун муҳим тавсиялар, маслаҳатлар, оила ва маҳаллаларда кечаётган жараёнлар таҳлили ва диний-маърифий жабҳада кечаётган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар кенг ўрин олган. Шунингдек, ёшлар тарбияси, ажримлар, жиноятчилик, ёт ғоялардан фарзандларни асраш каби долзарб мавзудаги мақолалар ҳам тақдим этилган.
Семинарда мазкур қўлланма ҳожиларимизнинг яқин кўмакчиси бўлиши ва ундаги кўрсатмаларга амал қилиш жамиятимиз учун манфаатли бўлиши таъкидланди.
Тадбир якунида мутасаддилар йиғилган ҳожи ота ва оналарни қизиқтирган барча саволларига жавоб беришди ва келгуси фаолиятларига муваффақият тилашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Покистонлик машҳур олимлардан Шайх Муҳаммад Амин Софдар Окарвий айтади:
“Кунларнинг бирида талабалардан имтиҳон олиб турган вақтимда, уч киши мен билан кўришмоқчи эканликларини айтишди. Уларни хонамга таклиф қилдим, бир стол атрофида ўтирдик. Улар илмли кишилар бўлсаларда, муомалалари жуда кўпол эди.
Улардан бири: “Бир имомга тақлид қилиш зарурлиги ҳақида бирорта ҳадис келганми?” деди.
Мен: “Сизлар Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққанмисиз?” деб сўрадим.
Улардан бири: “Ҳа, албатта”, деб жавоб берди.
Мен: “Сиз етти қироатда ўқишни биласизми?” деб сўрадим.
У: “Йўқ, биз фақат битта қироатда ўқишни биламиз”, деди.
Мен: “Етти қироатдан фақатгина битта қироатни танлаш ҳақида бирор ҳадис келганми?” Битта қироатни танлаш ҳақида келган ҳадисни топиб беринг, биз сизга бир имомга тақлид қилиш ҳақидаги ҳадисни келтирамиз”, дедим.
У: “Нечта илоҳ бор?” деди.
Мен: “Битта”, дедим.
У: “Хўп, илоҳ битта экан, нега унда мазҳаб имомлари тўртта?” деб сўради.
Мен: “Илоҳ ягона, лекин 124 минг пайғамбарлар ўтган. Ўзи сизнинг савол беришингиздан мақсадингиз нима?” деб сўрадим.
Улар: “Тўрт мазҳаб имомларининг барчаси ҳам ҳақми?” деб сўрашди.
Мен: “Ҳа, алҳамдулиллаҳ. Тўрт имомларнинг ҳар бири ҳақ”, дедим.
Улар яна қайтариб: “Аниқ, тўрттала имом-а?” дедилар.
Мен: “Ҳа, ҳа тўрт имом”, дедим.
У: “Нега унда тўртта имомга тақлид қилмайсизлар?” деди.
Мен: “Ундай қилмаймиз”, дедим. “Сиз бугун жума намозини ўқидингизми?” деб сўрадим. Эртага яҳудийлар каби шаббат кунини ҳам нишонлайсизми? Ахир Мусо алайҳиссаломни ҳам ҳақ пайғамбар эканига иймон келтирасиз-ку, тўғрими ёки иймон келтирмайсизми?
Улар: “Ҳа, тўғри иймон келтирамиз. Барча пайғамбарларнинг ҳақ эканига иймон келтирамиз. Лекин биз битта пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашамиз”, дейишди.
Давоми бор...
Даврон НУРМУҲАММАД