Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ диний-маърифий соҳада фаол хизмат қилиб келаётган қуйидаги ходимлар “Шуҳрат” медали билан мукофотланди:
- Камбаров Аъзам Махамадали ўғли - Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ахборот-таҳлил ва тарғибот ишларини ташкил этиш бошқармаси мутахассиси;
- Марупов Илҳом Исломович - Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби;
- Меликузиев Джахангир Валижанович - Дин ишлари бўйича қўмитанинг Ахборот-таҳлил ва тарғибот ишларини ташкил этиш бошқармаси бош мутахассиси;
- Хидиров Мирзохид Ғайратович - Дин ишлари бўйича қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси Олмазор тумани бўйича бош мутахассиси.
Дин ишлари бўйича қўмита жамоаси давлат мукофоти билан тақдирланганларни самимий қутлайди! Янги Ўзбекистон тараққиёти ва истиқболи йўлидаги беминнат, шижоатли, масъулиятни ҳис қилган ҳолда амалга ошираётган барча ишларига зафарлар, бундан-да юксак натижа, самара ва мувафқақиятларга эришишларини тилайди!
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намоздан кейин имом «Оятал курсий»ни бошидан ўқиганда жамоат қолганини ичида давом эттирадими ёки бошидан бошлайдими? Зикрларни айтишдачи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намоздан кейин оятал курсий ва тасбеҳларни айтиш мустаҳаб амал саналиб, уларни имом ҳам, жамоат ҳам ўқишлари мандуб, яъни гўзал ва савобли иш ҳисобланади. Шунинг учун имом бошлаб берганидан кейин жамоатдагилар ҳам оятал курсийни бошидан ўқийдилар.
Шунингдек, тасбеҳларни 33 тадан айтадилар. Имом уларни овоз чиқариб бошлаб беришининг сабаби жамоатга айтиладиган зикрни эслатиш учундир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом фарз намозлардан кейин «Оятал курсий»ни ўқишнинг фазилати ҳақида бундай дейдилар: “Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятал курсийни ўқиса, кейинги намозгача Аллоҳ таолонинг зиммасида бўлади” (Имом Табароний ривоятлари).
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:
“Ким ҳар бир фарз намознинг ортидан Оятал курсийни ўқиса, уни жаннатга киришдан фақатгина ўлим тўсиб туради” (Имом Насоий ривояти).
Намоздан кейин тасбеҳларни айтиш борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади. Юзинчисида “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайьин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дейилган (Имом Муслим ривояти).
Шунга кўра имом домла “Субҳаналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейиши ўзи учун ҳисобга ўтади. Жамоатдаги намозхонлар 33 тадан ўзлари айтишлари керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.