Шу йилнинг 20-25 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Финландия мусулмонлари жамиятининг таклифига биноан ушбу мамлакатда бўлдилар.
Сафар давомида Финландия миллий динлараро ҳамкорлик форуми раҳбари, Финландиянинг Ўзбекистондаги элчиси (қароргоҳи Хельсинки шаҳрида), Татар мусулмонлари жамияти раҳбари ҳамда Финландия мусулмонлари жамияти бош имоми Рамил Ҳазрат Беляев сингари дин ва давлат арбоблари билан учрашувлар ташкил этилди.
Мулоқотларда илм-фан, таълим-тарбия, ижтимоий-маданий, илмий-тадқиқот ва диний-маърифий йўналишларда ҳамкорлик қилиш муҳокама қилинди.
Эътиборли жиҳати шуки, Финландия мусулмонлар жамиятига 1960 йилларда раҳбарлик қилган, йирик уламо Ҳабибур-Роҳман Шокир раҳимаҳуллоҳ 1957 — 1982 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлган Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари билан 1920 йилларда Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасида бирга таҳсил олган.
Шунингдек, Ҳабибур-Роҳман Шокир Тошкент шаҳрига бир неча бор келган, ўз навбатида Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари ҳам Хельсинки шаҳрига сафарлар уюштирган. Шу боис ҳам, икки мамлакат дин пешволарининг ҳамкорликлари узоқ тарихга бориб тақалишини алоҳида қайд этиш баробарида бугунги алоқалар ўтмишда боғланган ҳамкорликнинг узвий давоми эканини таъкидлаш мумкин.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, Диний идора фаолияти, мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун яратилган шарт-шароитлар, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва Ислом маърифатини кенг ёйиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.
Финландия томони мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши баробарида мусулмон уммати учун фойдали бўладигани икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш, анжуманлар ўтказиш ва ўзаро тажриба алмашишга тайёр эканини билдирди.
Муфтий ҳазратлари иштирокида Финландия ва Латвия давлатларида ўқиш ва ишлаш мақсадида бўлиб турган ватандошлар билан суҳбат ва савол-жавоблар ҳам ўтказилди. Учрашувларда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган инсон қадр-қимматини улуғлаш борасидаги ислоҳотлар, масжид-мадрасалар очилаётгани, Қуръони карим ва тажвид курслари фаолият юритаётгани, ҳаж-умра сафарларига кенг имконият берилаётгани ҳақида сўзлаб берилди. Шунингдек, ҳалол меҳнатнинг фойдалари, ўзаро меҳр-оқибатли бўлиш, силаи раҳмни узмаслик борасида манфаатли суҳбат қилинди.
Хельсинки шаҳридаги жоме масжидда Муфтий ҳазратлари жума мавъизасини ўқиб, жамоатга имомлик қилдилар. Ислом дини мўмин-мусулмонларни бир-бирлари билан дўст ва биродар бўлиб тинч-тотув, аҳл-иноқ, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришга чақириши кабиларга маърузада урғу қаратилди.
Сафар мазмунли, мулоқот ва учрашувлар эса самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Имом Абул Муъин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ "Табсиратул адилла" асарларида Хуросон ва Маворауннаҳр аҳолиси ҳанафийликни Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг етакчи шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, унинг шогирди Абу Сураймон Жузжоний, унинг дўсти Шайх Абу Бакр Аҳмад, Шайх Исҳоқ Собиҳ Жузжоний, Имом Абу Бакр Жузжоний, Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий Ансорий ва Имом Мотуридий силсиласи орқали ўрганган деб келтиради. Имом Насафийнинг таъкидлашларича бу олимлар илк даврдан бошлаб Мовароуннаҳрнинг барча ҳудудларида ҳамда Хуросоннинг Марв ва Балх шаҳарларида ҳанафийлик мазҳабини ёйишда жонбозлик кўрсатишган.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг эътиқодий қарашларини яхши ўзлаштиришдан ташқари минтақамизда ҳанафийлик тарқалишида муҳим ҳисса қўшганлар.
Косонсой туман "Бузрукҳўжа" жоме масжиди имом-хатиби
Содиқжон Абдураҳманов
Манба: @Softalimotlar