Агар турмуш ўртоқни танлашда ихтиёр аёл ниятининг софлиги ва қалбининг поклиги асосида бўлганда эди, Осиё онамиз Фиръавнга турмушга чиқмаган бўлар эди.
Агар яхши аёл танлаш эркакнинг донолиги билан бўлганда эди, Нуҳ ва Лут алайҳимассалом икки хоин аёлга уйланмаган бўларди.
Агар фарзанднинг салоҳияти ёки фасоди отанинг сабабидан бўлганда эди, Озардан Аллоҳнинг халили Иброҳим алайҳиссаломдек зот дунёга келмаган ва улуғ пайғамбарлардан бири бўлган зот (Нуҳ алайҳиссалом)нинг фарзанди кофирлар билан бирга ғарқ қилинмаган бўлар эди.
Лекин буларнинг бари баъзилар баъзилар ила синаш ва ким яхшироқ сабр қилишини билиш учун жорий бўлгандир...
Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий
Ҳар бир халқнинг тарихи, маданияти ва дунёқараши энг, аввало, унинг она тилида акс этади. Тил шунчаки муомала ва мулоқот воситаси эмас, балки авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бебаҳо маънавий хазина, миллий қадриятлар ва ўзликни мустаҳкамлаш воситасидир.
Юртимизда 21 октябрь – Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Бу қутлуғ сана фақат байрам санаси эмас, балки халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан тарихий кундир.
Ўзбек тили асрлар давомида аждодларимизнинг шарқона ҳикматлари, баҳодирлик эпослари ва мутафаккирларимизнинг илмий меросини ўзида жамлаб, халққа тақдим этиб келган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғатит турк» асаридан тортиб, Алишер Навоийнинг бетакрор «Хамса»сигача бўлган бой мерос тилимизнинг қанчалик теран ва қудратли эканини исботлайди.
Динимизда ҳам ҳар бир халқнинг тили, ирқи турличалиги Аллоҳнинг белгиларидан бири сифатида қадрланади. Қолаверса, тилга бўлган эҳтиром ва уни соф ҳолда сақлаш одоб, маънавият ва омонатга вафодорликнинг муҳим кўринишидир. Айниқса, тилимизда шаклланган иборалар халқимизга хос бўлган юксак ахлоқ ва шарқона қадриятларни яққол акс эттиради.
Демак, бугунги шиддатли глобаллашув замонида она тилимизни соф ҳолда сақлаб қолиш ва уни ардоқлаш муҳим масъулиятдир. Чунки тилни асраш – бу миллий ўзлигимизни, урф-одат ва қадриятларимизни келажак авлодга безавол етказишдир.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ватандошлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати