Агар турмуш ўртоқни танлашда ихтиёр аёл ниятининг софлиги ва қалбининг поклиги асосида бўлганда эди, Осиё онамиз Фиръавнга турмушга чиқмаган бўлар эди.
Агар яхши аёл танлаш эркакнинг донолиги билан бўлганда эди, Нуҳ ва Лут алайҳимассалом икки хоин аёлга уйланмаган бўларди.
Агар фарзанднинг салоҳияти ёки фасоди отанинг сабабидан бўлганда эди, Озардан Аллоҳнинг халили Иброҳим алайҳиссаломдек зот дунёга келмаган ва улуғ пайғамбарлардан бири бўлган зот (Нуҳ алайҳиссалом)нинг фарзанди кофирлар билан бирга ғарқ қилинмаган бўлар эди.
Лекин буларнинг бари баъзилар баъзилар ила синаш ва ким яхшироқ сабр қилишини билиш учун жорий бўлгандир...
Доктор Аҳмад Исо Маъсоравий
Бугун, 16 ноябрь куни “Янги Ўзбекистон” боғида “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида маънавий-маърифий тадбирлар ва кўчат экиш маросими бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раҳбарияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасадди вакиллари, имом-хатиблар, шунингдек, турли миллат ва диний конфессия етакчилари қатнашди.
Тадбир аввалида ташкил этилган “Бағрикенглик марши”да турли миллат ва дин вакиллари елкадош бўлиб, юртимиздаги тинчлик ҳамда ҳамжиҳатлик муҳитини ёрқин намоён этдилар. Шундан сўнг эл-юртимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилиб ўтганларнинг хотираси ёдга олиниб, уларнинг эзгу ишлари эсланди.
Маросим давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида боғ ҳудудига манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ушбу жараёнда Диний идоранинг Тошкент шаҳридаги вакили, пойтахт бош-имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Ислом динида ерни обод қилиш, дарахт экиш энг фазилатли амал ҳамда савоби узлуксиз бориб турадиган садақаи жория эканини таъкидлаб, бундай хайрли ишларнинг бардавом бўлишини сўраб эзгу дуолар қилди.
Ушбу ташаббус жамиятда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш баробарида табиатни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодга обод ватан қолдиришдек олий мақсадларга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати