Бугун, 29 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти магистратура йўналишига ва янги очилган Имом Термизий номидаги ислом институтига кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи бўлиб ўтмоқда.
Шу муносабат билан эрта тонгда Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Диний идора раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов ҳамда ўқитувчи ва абитуриентлар иштирокида тадбир ўтказилди.
Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди. Cўнгра сўзга чиққан нотиқлар юртимизда диний таълим соҳасида амалга оширилаётган кўламли ишлар, хусусан, олий таълимдан кейинги магистратура босқичи очилгани, олий диний таълим муассасалари сони яна биттага кўпайгани ва келгусидаги режалар борасида сўз юритди. Шунингдек, абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиб-қоидалари тушунтирилди.
Шундан сўнг Тошкент ислом институтининг магистратура босқичи ва Имом Термизий номидаги ислом институтига кириш учун ижодий имтиҳонлар бошланди.
Мазкур жараёнга Тошкент ислом институти, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Фатво марказининг тажрибали мутахассис ва устозлари жалб қилинган.
Маълумот ўрнида абитуриентлар эртага, 30 август куни соат 6:30 чет тили фанлари бўйича тест синовларини топширади. Имиҳонларга кириш 30 дақиқа олдин бошланади.
Баҳриддин Хушбоқов,
Фаррух Йўлдошев (сурат)
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
"Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир" (Оли Имрон сураси, 134-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ким жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни афв этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин" (Имом Ҳоким ривояти).
Бошқа ҳадисда Набий алайҳиссалом: "Қиёмат куни бир жарчи, одамларни афв қилганлар қани? "Роббингиз ҳузурига мукофотингизни олгани келинг", деб чақиради. Афв қилган ҳар бир мусулмон жаннатга киришга ҳақлидир", деганлар.