Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан янгидан қуриб битказилган масжиднинг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев ва Урганч тумани ҳокими Ғ.Султонов ва "Имом Фахриддин ар-Розий" ўрта махсус ислом билим юрти мудири Давронбек домла Абдуқодиров, шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, мутасаддилар, маҳалла аҳли жам бўлишди.
Қуръони карим оятлари ўқилиб, янги масжид халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят ва зиё маскани бўлиб кўп йиллар хизмат қилишини Аллоҳдан сўраб, бу хайрли ишда кўмакчи бўлган барча эзгу ниятли кишилар ҳақларига дуолар қилинди.
Замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган 1000 нафардан зиёд намозхонга мўлжалланган янги масжид намозхонлар ихтиёрига топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Хоразм вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Мадиналик ансория аёллардан Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:
يا رسولَ اللهِ علِّمْني كلماتٍ أَدْعو بهِنَّ
“Ё Аллоҳнинг Расули, менга шундай калималарни ўргатингки улар билан дуо қилай”, деди.
У зот алайҳиссалом:
قال: تُسبِّحينَ اللهَ عَشْرًا وتَحمَدينَه عَشْرًا وتُكبِّرينَه عَشْرًا ثُم سَلي حاجَتَكِ
“Ўн марта тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”), ўн марта таҳмийд (“Алҳамдулиллаҳ”) ва ўн марта такбир (“Аллоҳу акбар”) айтиб, сўнгра Аллоҳдан ҳожатингни сўрайсан, Шунда Аллоҳ таоло:
فإنَّه يقولُ: قد فعَلْتُ قد فعَلْتُ
“батаҳқиқ амалга оширдим”, “батаҳқиқ амалга оширдим”, деб айтади”, дедилар (Имом Термизий ва Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда саҳобия аёлларнинг илмга рағбати, дуо қилишдан олдин Аллоҳни зикр қилиш лозимлиги, дуонинг ижобат бўлиши каби бир қанча фойдалар мужассам.
Қолаверса, бошқа ҳадисларда бир марта “Алҳамдулиллаҳ” деб айтиш қиёмат куни амаллар тарозисини, “Субҳаналлоҳ” ва “Алҳамдулиллаҳ” дейишнинг савоби эса, ер ва осмон ўртасини тўлдириши баён этилган.
Даврон НУРМУҲАММАД