Қўштепа туманида тадбир бўлиб ўтди. Юртимизни истиқлол шукуҳи қамраб олган пайтда «Ғуфрон» жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилгани шодлик устига шодлик бўлди.
Масжиднинг янги биноси очилиш маросимида Қуръони карим тиловати қилиниб, ватан ва эл-юрт фаровонлиги ҳақида дуо қилинди.
Тадбирда Фарғона вилояти Фарғона бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, туман ҳокимлиги, имом-хатиблар, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва саховатли инсонлар иштирок этди.
– Масжид қурилишига 2020 йил август ойида киришилган эди, – дейди «Ғуфрон» жомеси имом-хатиби Шукуруллоҳ Сайдалиев. – Ҳомийларни жалб қилган ҳолда кўп ўтмай гўзал масжид қад ростлади. Жомеда бир вақтнинг ўзида икки минг киши ибодатларни адо этиши мумкин. Туманимизнинг Қоражийда, Халқобод, Хўжақишлоқ ва Истиқбол маҳалларида яшовчи аҳоли ҳамда бошқа ташриф буюрувчи меҳмонлар учун барча шароитлари ҳозирланган муҳташам масжид барпо этилиб, мустақиллик байрами арафасида фойдалнишга топширилган катта туҳфа бўлди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига қувонч улашишга қаратилган саховат тадбири ўтказилди.
Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов тадбирда иштирок этиб, болажонларга самимий тилаклар билдирди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти филиали кўмагида 35 нафар боланинг ҳар бирига велосипед ва турли совғалар берилди. Шунингдек, тадбирда саховатпеша ҳомийлар томонидан байрамона дастурхон ёзилиб, болажонлар учун кўнгилочар ва байрамона дастур ташкил этилди.
Бундай хайрли ташаббуслар юртимизда инсон қадри, оила ва болалар манфаатларига юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.
Саховат тадбири болажонларга унутилмас қувонч бағишлаб, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати