Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросимда баралла янграган бу пурмаъно даъват қалбимиз қўридан, онгу шууриимиздан мустаҳкам ўрин олди.
Миллий истиқлол ҳар бир халқнинг нақадар бебаҳо неъмати эканини англаш, унинг тарихий аҳамиятини чуқур ҳис қилиш учун олим ё файласуф бўлиш шарт эмас, назаримда.
Қутлуғ кунда, шонли санада Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар боболар хотирасини ёдга олишимиз, ўз халқини тараққиёт сари бошлаган жадидлар, озодлик йўлида жон фидо этган аждодларимиз сизу бизга олтин мерос қилиб қолдирган қуйма фикрларни эслашимиз табиий, албатта.
Энг улуғ, энг азиз айёмимиздаги нутқида Президент Шавкат Мирзиёев ҳам айнан улардан иқтибос келтириб, барча ота-оналарга мурожаат қилгани юрагимизнинг туб-тубигача етиб борди: “Ўғил болани ўқитсак, бир киши саводли бўлади. Қиз болани ўқитсак, бутун оила, бутун жамият билимли бўлади!”
Дарҳақиқат, бугун жамиятда мавжуд муаммоларнинг ечими, каттаю кичик томонидан тез-тез ўртага қўйиладиган саволларнинг жавоби сифатли таълимга бориб тақалаётгани ҳеч кимга сир эмас. Тараққиёт эшикларига осилган ҳар қандай қулфни очадиган калитлар ҳам айнан таълим ва тарбиядир.
Сезиб турганингиздек, бугун қисқагина тарзда бўлса ҳам эт билан тирноқ – таълим-тарбия уйғунлигининг долзарб аҳамияти хусусида сўз юритмоқчимиз. Бошқача айтганда, таълим она тилини ўрганишдан бошланса, тарбия маънавият чашмасидан том маънода озиқлангандагина тўлақонли шаклланади.
Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, мактабларимизда аввало она тили ва адабиётни чуқур ўргатишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам шу фикрнинг тасдиғидир.
“Мустақилликни мустаҳкамлашда маънавий мустақиллик ҳам ғоят муҳим ўрин тутади. Унингсиз истиқлолнинг барқарорлигини таъминлашнинг имкони йўқ. Нима учун шундай? Чунки, бирор халқни йўқ қилиш учун ядровий қуроллардан, қудратли армия босқинидан ҳам кучлироқ омил бор. Бу ўша халқнинг халқлигини йўқ қилишдир. Бунга қандай эришилади? Албатта, унинг ўзлигини, маданиятини, тарихини, бир сўз билан айтганда, маънавиятини барбод қилиш билан эришилади”.
Ушбу фикрларни мен яқинда ЎзАда эълон қилинган, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Анвар Бобоев қаламига мансуб мақоладан олдим. Зеро, муаллиф миллий мустақиллик ва миллий тилни муҳофаза қилиш, маънавият ва маърифатнинг ҳаётдаги ўрни, маданиятлар тўқнашуви, қадриятларнинг ғаразли талқини хусусида жўяли, энг муҳими, таъсирчан фикрларни илгари сурган.
“Дўст ачитиб гапиради” деганларидек, такрор ва такрор айтишдан толмаслик керак: истиқлолнинг узвий бўғимларидан яна бири маънавий мустақилликдир. Маънавий мустақилликка эса маърифат, эзгулик, тинчликпарварлик, бағрикенглик каби қадриятлар орқали эришилади. Байрам баҳона мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларнинг бир қисмига тўхталишдан кўзланган мақсад ҳам шу фикрни изҳор этишдан иборат эди, дея мухтасар хулоса қилади.
Айниқса, мақолада ўтган асрнинг ўрталарида фаолият кўрсатган дунёга машҳур дипломат ва разведкачи Аллен Даллеснинг ўзга мамлакат аҳолисини хуфия тарзда маънан-ахлоқан бузишга қаратилган фикрлари билан танишган кишининг эти жимирлаб, янада ҳушёр тортади. Афсуски, шунга ўхшаш “ғоялар”дан бугунги кунда ҳам турли бузғунчи кучлар фойдаланишдан тўхтагани йўқ.
Модомики, давлатимиз раҳбари мустақиллик байрами тантаналарида яна бир бор барчамизнинг эътиборимизни айни шу масалага қаратгани диққатга сазовор: “Бугунги ниҳоятда мураккаб ва таҳликали давр олдимизга янги-янги синов ва муаммоларни кўндаланг қилиб қўймоқда. Лекин... тинчликни сақлаш фақат ҳарбийларимизнинг иши бўлиб қолмаслиги керак. Бу барчамизнинг, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлиши шарт. Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир”!
Куни кеча истиқлолнинг 33 йиллигини кўтаринки руҳда ўтказган халқимиз яна 25 кундан кейин таълим соҳасида фидойилик кўрсатаётган меҳрибон муаллим ва мураббийларимизнинг касб байрамини, 46 кундан сўнг Ўзбек тили байрамини нишонлаш тадоригини бошлади. Бу эса биз юқорида тилга олган маънавий мустақилликнинг бир устуни мактабу ўқитувчилар тимсолида сифатли таълим, иккинчи устуни маданияту маърифат тимсолида миллий тил муҳофазаси эканини яна ва яна ёдимизга солади.
Гавҳархон МУҚАДДАСОВА,
Солиқ қўмитаси раиси маслаҳатчиси.
ЎзА
Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.
1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.
2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.
Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.
Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.
Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати