Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

Араб тилидаги контентни яхшилаш бўйича вебинар ўтказилди

06.09.2024   18726   3 min.
Араб тилидаги контентни яхшилаш бўйича вебинар ўтказилди

Подшоҳ Салмон номидаги араб тили глобал академияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) “Араб тилида сўзлашмайдиган ИҲТга аъзо давлатлар ахборот агентликларида арабча мазмунни ошириш” мавзусида вебинар ташкил этди.

Академия бош котиби доктор Абдуллоҳ бин Солиҳ Ал-Вашмий анжумандан турли медиа платформаларда араб тилидаги контентни бойитиш мақсади кўзланганини таъкидлади. Бу саъй-ҳаракат тегишли ходимларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг илмий ва касбий имкониятини оширишга ёрдам беради.

UNA-OIC бош директори Муҳаммад бин Абд Раббо Ал-Ямий арабча гапирилмайдиган юртлардаги ахборот агентликлари таркибида араб тили бўйича бўлимлар, рақамли платформаларда саҳифалар очишга интилиш ортаётганини эътироф этди. 

– Бундай ташаббус ишончли маълумот манбаси яратиш орқали маданий мулоқот кўпригини барпо этиш ва мустаҳкамлашга қаратилган, – деди у.

Вебинарда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Халқаро ахборот  таҳририяти бош муҳаррири ўринбосари Ўткир Алимов ва Таржима таҳририяти етакчи муҳаррири Фатҳиддин Самариддинов ҳам иштирок этди.

– Республикамиз ҳаётига оид ижтимоий-сиёсий ахборотларни тарқатувчи етакчи расмий ахборот агентлиги ҳисобланган ЎзА бугунги кунда ўз фаолиятини замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш йўлида изчил иш олиб бормоқда, – деди агентлигимиз араб тилидаги саҳифаси масъул ходими Ф.Самариддинов. – ЎзА давлат идоралари фаолияти, мамлакатимиз ва жаҳонда юз бераётган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни батафсил ёритиб келмоқда. Агентлигимиз 9 тилда, жумладан 2010 йилдан араб тилида ҳам тезкор, холис ахборот узатиб келади. Чунончи, Ўзбекистон сўнгги йилларда хорижий давлатлар билан дўстона муносабатни ривожлантириш борасида сезиларли натижага эришаётгани, мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида юртимизга нисбатан жиддий қизиқиш уйғотаётгани, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ошишига хизмат қилаётганидан биринчилардан бўлиб оммани хабардор қилади. Ўз навбатида, тузилмамиз жаҳоннинг етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорликни мунтазам ривожлантириш, мунтазам ахборот алмашишни йўлга қўйиш, дунёда рўй бераётган воқеалар тўғрисида аҳолини холис, ҳаққоний ахборот билан тезкор таъминлаш имкониятини изчил кенгайтирмоқда. Хусусан, араб тилидаги ахборотларимизда Кўрфаз давлатлари билан икки ва кўп томонлама алоқалар жадал ривожланаётгани яққол акс этмоқда.

Вебинарда “Араб тилида сўзлашмайдиган ИҲТга аъзо давлатлар ахборот агентликларида арабча мазмун муаммоси” ва “Подшоҳ Салмон номидаги араб тили глобал академиясининг араб тилида сўзлашмайдиган давлатлар ахборот агентликларида арабча мазмунни яхшилашга қараши” мавзулари муҳокама қилинди.

Сессияларда тилшуносликни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган механизм ва дастурлар, тегишли ахборот агентликлари дуч келаётган масалалар ҳам кўтарилди. Айни муаммоларни бартараф этишнинг мақбул йўллари, ечими кўриб чиқилди. Институционал тилшунослик бўйича ўқув дастурлари ва режалар ишлаб чиқиш, араб тилидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга ҳисса қўшадиган услубий ёндашувлар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Вебинар якунида тилни тарғиб қилишда ОАВ аҳамиятини инобатга олган ҳолда, хорижий ахборот агентликларида араб тилидаги контентни кўпайтириш бўйича тавсия берилди. Подшоҳ Салмон Глобал академияси ва UNA рақамли маконда араб тили мавжудлигини қўллаб-қувватлаш, араб тилида сўзлашмайдиган давлатларда айни масалага бағишланган форумлар ташкил этиш учун ҳамкорликни ривожлантиришга чақирилди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА

Араб тилидаги контентни яхшилаш бўйича вебинар ўтказилди Араб тилидаги контентни яхшилаш бўйича вебинар ўтказилди Араб тилидаги контентни яхшилаш бўйича вебинар ўтказилди
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Хўжамулки" маҳалласида ободлик ва меҳр-саховат

16.08.2026   37634   1 min.

Қумқўрғон туманидаги "Хўжамулки" маҳалласида "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида кенг жамоатчилик ва аҳоли вакиллари иштирокида қизғин ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бу ташаббус маҳалла ҳаётига янгича руҳ бахш этиб, ҳамжиҳатлик ва эзгулик муҳитини янада мустаҳкамламоқда.

Азалий қадриятларимиздан бири бўлган ҳашар анъанаси асосида маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, ўз ҳудудини янада обод, файзли ва кўркам масканга айлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Ҳар бир фуқаронинг қалбида Ватанга муҳаббат, маҳаллага эҳтиром туйғуси жўш уриб, улар бунёдкорлик ишларига фаол ҳисса қўшмоқдалар.

Хусусан, маҳалла ҳудудидаги муқаддас қадамжолардан бири – "Хўжамулки ота" қабристонида кенг кўламли тозалаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳашар иштирокчилари томонидан қабристон ҳудуди бегона ўтлар ва чиқиндилардан пухта тозаланиб, қабр устилари тартибга келтирилмоқда. Шунингдек, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш борасида зарур ишлар олиб борилиб, аждодлар хотирасига чуқур эҳтиром кўрсатилмоқда.

Бу каби эзгу ташаббуслар маҳаллада ободлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш билан бирга, аждодларимиз хотирасига бўлган ҳурматимизни намоён этади. Айни пайтда, ёш авлодга миллий қадриятларимизни сингдириш, уларни Ватанга муҳаббат ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эгадир. Бугунги ҳашар – келажак авлод учун намуна, эртанги кун учун мустаҳкам пойдевордир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Сурхондарё вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари