Дил изҳори
Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз мустақиллигининг 33 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб олдик. Бугун ҳар бир гўшада байрам шукуҳи ҳукмрон. Бу айём ўзини шу Ватан фарзанди деб билган ҳар бир инсон учун қадрли, азиз ва мўътабар. Чунки у бизга ўзлигимиз, инсоний ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни бахш этди.
Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Президентимиз фармонларига мувофиқ турли соҳа вакиллари фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланди. Шундай фидойи юртдошларимиз қаторида уч нафар имом-хатиб “Имом Бухорий” ордени билан мукофотлангани барча диний соҳа вакилларини бениҳоя хурсанд қилди. Айтиш жоизки, яқин ўтмишда имом-хатибларга бу даражада эҳтиром кўрсатилмаган. Ушбу қувончли воқеа янги Ўзбекистонда ислом дини ва соҳа ходимларига қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Имом-хатиблар юксак мукофотларни 30 август куни Кўксарой қароргоҳида давлатимиз раҳбаридан қабул қилиб олди. Қуйида уларнинг дил сўзлари билан танишасиз.
Маърифий соҳада илмий асос яратилмоқда
— Бугун мен жуда ҳам шодман. Мана шундай улуғ мукофотни шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзидан қабул қилиб олиш менга юксак шараф бўлиш билан бирга, катта масъулият ҳам юклади. Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда инсон қадри ва унинг шаънини юксалтириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг самараларини бирма-бир санаб адоғига етиш мушкул.
Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий каби буюк алломаларимизнинг бебаҳо илмий мактабини ўрганиш ва тадқиқ этиш учун илмий-тадқиқот марказлари фаолияти кенг йўлга қўйилди.
Динимизни илмий жиҳатдан ўрганишни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда шу номдаги мадрасага асос солинди. Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Тошкентда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди. Уларда талабалар ва ёш тадқиқотчилар буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш баробарида замонавий илмларни ҳам ўзлаштириб, етук олим бўлиб камол топади. Шулар қаторида турли ҳудудларда ҳадис, калом, тасаввуф, фиқҳни ўрганишга ихтисослашган илмий мактаблар, хусусан, бизнинг вилоятимизда ҳам тасаввуф илми мактаби фаолияти йўлга қўйилгани диний-маърифий соҳада янги давр бошлаганидан дарак беради.
Қувонарлиси, мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бухоро Арк қўрғони яқинида Мир Араб олий мадрасасининг янги биноси барпо этилди ва фойдаланишга топширилди. 200 ўринга мўлжалланган олий мадрасада Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмлари, хорижий тиллар пухта ўргатилади. Бугунги кунда 100 нафардан ортиқ талаба замонавий жиҳозланган ўқув хоналари, кутубхона, фаоллар зали, талабалар ётоқхонаси ва спорт залида малакали устозлардан таълим олмоқда.
2021–2024 йилларда вилоятимиздаги 15 та масжиднинг янгитдан қуриб фойдаланишга топширилгани, 42 та масжидда эса йирик таъмирлаш ишлари олиб борилгани мамлакатимизда муборак динимизга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг исботидир.
Мустақиллик байрами арафасида шундай улуғ эътирофга сазовор бўлиш, менга чексиз ғурур бағишлади. Келажак авлодни янги Ўзбекистоннинг чинакам бунёдкори қилиб тарбиялаш, халқимизнинг маданий-маърифий, диний-ахлоқий дунёқарашини бойитиш йўлидаги фаолиятимда бу мукофот менга қанот бағишлайди, дея ишонч билан айта оламан.
Жобир домла ЭЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Бухоро вилоятидаги вакили,
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори
* * *
Аждодларимизнинг ўлмас мероси чуқур ўрганилмоқда
— Бугун жуда бахтиёрман. Энг улуғ, энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида давлатимизнинг энг юксак мукофотларидан бири “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланганимдан қувончим чексиз, сўз билан таърифлашга ожизман. Президентимиз ташаббуси билан таъсис этилган орденга биринчилардан бўлиб лойиқ кўрилганимдан, юксак мукофотни давлат раҳбарининг ўз қўлидан олганимдан бошим кўкка етди.
Турли соҳаларда эришилаётган барча ютуқлар ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, одилона сиёсат натижасидир. Ислом дини илмлари ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошларимизнинг улкан илмий меросини янада чуқур ўрганиш, табаррук зиёратгоҳ ва қадамжолар, кўҳна масжид ва мадрасаларни обод қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятимизда ўнлаб янги масжидлар қурилди, мавжудларида қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Мисол учун, бир вақтлар йўқ бўлиб кетиш арафасида турган Абул Муин Насафий зиёратгоҳини бугун бутун дунё сайёҳлари катта завқ ва ҳайрат билан томоша қилмоқда.
Мазкур мажмуада Абул Муин Насафий илмий меросига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий-амалий конференцияларда Туркия, Миср, Франция, Россия, Бангладеш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан юзлаб олим ва каломшунос мутахассислар иштирок этиб, юртимизда эътиқод эркинлигини таъминлашга қаратилаётган эътиборни юксак баҳолади. Шунингдек, Касби туманидаги Султон Мир Ҳайдар, Китоб туманидаги Хўжа Илм Кони ва Мавлоно Дарвеш Муҳаммад Вахшуворий, Қамаши туманидаги Лангар ота мажмуаларини реконструкция ва реставрация қилиш ишлари амалга оширилди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида муборак ҳаж амалини адо этишга муяссар бўлган ватандошларимиз сони бармоқ билан саноқли бўлган. Бугунги кунда виждон эркинлиги ва диний-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли уларнинг сони 15 мингдан ошди. Жорий йилда фақат Қашқадарё вилоятининг ўзидан 801 нафар фуқаро ҳаж амалларини бажариб келди.
Ҳаж мавсумида Президентимиз ҳожилар ҳолидан хабар олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан телефон орқали мулоқот қилгани нафақат ҳаж зиёратига борганларни, уларнинг оила аъзоларини, барча мўмин-мусулмонларимизни беҳад қувонтирди.
Бундай ғамхўрликдан руҳланган ҳожиларимиз, вилоятимиздаги барча жоме масжидлар имом-хатиблари ва уларнинг ноиблари “Янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” шиори остида хайрли амалларни бажаришмоқда.
Раҳматулло УСМОНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили,
вилоят бош имом-хатиби
* * *
Юксак маънавий-ахлоқий жамият барпо этиш йўлида
Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизда кўзга кўринган илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият вакиллари қаторида давлат мукофоти билан тақдирланганим менга чексиз фахру ифтихор бағишлади.
Яратганга беҳад шукрлар бўлсинки, юртимизда Истиқлол байроғи остида халқимизнинг юрт равнақи йўлидаги азалий истакларини рўёбга чиқа бошлади. Бу, албатта, ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти, энг аввало, инсон манфаатига қаратилган бўлиб, уларнинг негизида фаровон турмуш, илм-фан равнақи, юксак маънавий-ахлоқий, илмий-ижодий салоҳиятни янада юксалтириш ва ривожлантириш ётади.
Бугун шу мақсадда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар мақтовга лойиқ. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий меъморий мажмуаси юксак даражада ва маҳобатли шаклда бунёд этилмоқдаки, у бир неча асрлар давомида юртимиз ва дунё мўмин-мусулмонлари учун руҳий-маънавий озиқа оладиган муҳташам даргоҳга айланади. Шунингдек, келажак авлод учун бир неча юз йиллар зиё сочадиган, ёшларга илм-маърифат нурини таратадиган осори-атиқа бўлади.
Давлатимиз етакчиси раҳбарлигида бунёд этилаётган ва Учинчи Ренессанс пойдевори, дея таърифланаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳам буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаларини дунё ҳамжамиятига намоён этадиган, ислом маърифатини кенг тарқатадиган ва ёшларни улуғ алломаларга муносиб авлод қилиб тарбиялайдиган маърифат кошонаси бўлиб асрлар оша хизмат қилди, инша Аллоҳ.
Мана шу ўзгаришлар кўз ўнгимда рўй бераётгани ва ўзим ҳам унда иштирок этиб, улкан савобли ишларга сабабчи бўлаётганимдан фахрга тўламан. Бундан ўттиз йил олдин Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳрида янги қурилган жоме масжидининг имом-хатиби сифатида ўз фаолиятимни бошлаганман. Истиқлолнинг илк даврларида вилоятимизда бор йўғи 4 масжид бор эди. Улардаги шарт-шароитлар ҳақида сўз юритишнинг ҳожати ҳам йўқ. Бугун вилоятимизда 200 дан ортиқ масжид фаолият юритяпти. Уларнинг барчаси замон талабига мос тарзда таъмирланган, бинолари янгидан бунёд этилиб, намозхонлар учун барча шароитлар ҳозирланган.
Яна бир таъкидлаш жоиз бўлган воқеа имом-хатиб ва диний соҳа ходимларининг жамиятдаги ўрни мустаҳкамланди. Олдинлари фақат тўй-маъракалардагина кўриниш берадиган имомларимиз бугун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда, уни халққа етаказишда астойдил фидойилик кўрсатмоқда. Айниқса, ёшларимизни ёт ғоялар таъсиридан асраб-авайлаш, ҳанафий мазҳабига хос диний тушунчаларни тарғиб қилиш, диндошларимиз тўғри йўлда юриши учун олиб борилган маънавий-маърифий ишларда бевосита иштирок этаётганимдан беҳад хурсандман.
Камтарона меҳнатим юксак қадрланишидан, “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланганимдан беҳад миннатдорман. Аслида бу мукофот нафақат менинг, балки бутун Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган барча имом-хатиб ва ноибларнинг улкан меҳнати натижаси, деб ҳисоблайман.
Биз, дин пешволари бундай эътибор ва эҳтиром олдида қарздорликни мудом ҳис этамиз. Бунга жавобан юртимиз тинчлиги ва аҳоли фаровонлиги йўлида янада куч-ғайрат ва фидокорлик билан хизмат қиламиз. Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар бардавом бўлишини доимо Раббимиздан сўраймиз. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Менга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман...”, деб марҳамат қилган.
Алишер НАИМОВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари,
Қувасой шаҳар бош имом-хатиби
«Ушбу Марказнинг таъсири фақат Ўзбекистон билан чекланиб қолмайди. У Исломнинг ҳақиқий моҳиятини, унинг бағрикенглик, эзгулик ва маърифатга асосланган таълимотини бутун дунёга етказишга хизмат қилади», — деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига еттинчи бор ташриф буюрган малайзиялик шайх Абдуллоҳ Собҳи Мареи. Малайзиянинг «Ресту» жамғармаси ва Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) вакиллари Марказ экспозицияларида Ўзбекистон ҳудудининг уч минг йиллик тарихи, Усмон мусҳафи, буюк алломалар мероси ҳамда замонавий музей технологиялари уйғунлаштирилганини юқори баҳолади. Меҳмонларнинг фикрича, мажмуа ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига қўшган ҳиссасини халқаро аудиторияга етказишда муҳим ўрин тутади, хабар бермоқда iccu.uz.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Малайзиянинг «Ресту» жамғармаси вакиллари ҳамда мамлакат Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) билан боғлиқ илмий мутахассислар ташриф буюрди.
Меҳмонлар Марказнинг тарихий экспозициялари, Қуръон меросига бағишланган бўлимлари, буюк алломалар ҳаёти ва илмий кашфиётларини ёритувчи кўргазмалари ҳамда замонавий Ўзбекистон тараққиёти акс эттирилган экспозициялар билан танишди.
Ташриф давомида улар Ўзбекистон ҳудудида шаклланган кўп асрлик цивилизациялар, ислом илм-фани ва маърифий анъаналарининг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида фикр билдирди.
Еттинчи ташриф ва ҳар сафар янги таассурот
«Насирул Қуръон» академияси ижрочи директори шайх Абдуллоҳ Собҳи Мареи учун мазкур ташриф алоҳида аҳамиятга эга бўлди. У Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига еттинчи бор келаётганини айтиб, ҳар сафар экспозициялардан янги таассурот олишини таъкидлади.
«Бу ерга ҳар сафар келганимда, кўрганларимдан янада ҳайратга тушаман. Ислом цивилизациясининг тарихий мавқеини тиклаш ва унинг бой меросини қайта кашф этиш йўлида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Бу — давлат раҳбари ва ҳукуматнинг улкан саъй-ҳаракатлари самарасидир. Менимча, ушбу Марказнинг таъсири фақат Ўзбекистон билан чекланиб қолмайди. У Исломнинг ҳақиқий моҳиятини, унинг бағрикенглик, эзгулик ва маърифатга асосланган таълимотини бутун дунёга етказишга хизмат қилади. Зеро, Ислом — илм-фан, тамаддун, юксалиш ва тараққиёт динидир. Марказдаги ҳар бир бўлим, ҳар бир экспозиция алоҳида маъно ва тарихий сабоққа эга. Аммо Усмон мусҳафи менинг қалбимга айниқса яқин. Ушбу муқаддас мерос билан руҳий боғлиқликни ҳис қиламан. Унинг улуғворлиги, нафис хат услуби ва тарихий аҳамияти инсонда чуқур ҳаяжон уйғотади», — деди Абдуллоҳ Собҳи Мареи.
Меҳмон, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий ва Абу Али ибн Сино каби буюк алломаларга бағишланган экспозицияларни ҳам юқори баҳолади.
Унинг фикрича, бу алломалар мероси Ўзбекистоннинг жаҳон илм-фани, ислом тафаккури ва маданияти тарихидаги ўрнини намоён этади.
Замонавий Ўзбекистон тараққиётини акс эттирувчи бўлимлар эса меҳмонда мамлакатнинг тарихий мерос билан бир қаторда бугунги имкониятлари ҳақида ҳам яхлит тасаввур уйғотди.
Уч минг йиллик тарих замонавий технологиялар билан қандай уйғунлашган?
Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) вакили, айни пайтда Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида тадқиқот олиб бораётган Муҳаммад Узайр бин Изҳам ҳам ташриф давомида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
«Бу ерда кўрганларим мени чиндан ҳам ҳайратга солди. Уч минг йиллик тарих, санъат ва замонавий технологияларнинг ягона маконда бирлаштирилгани Марказнинг ўзига хослигини белгилайди. Бундай музейлар орқали халқнинг тарихини жаҳонга танитиш, шу билан бирга, Ислом цивилизацияси бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш учун кенг имкониятлар яратиш мумкин», — деди малайзиялик тадқиқотчи.
Муҳаммад Узайр бин Изҳам Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидаги фаолияти, Самарқанднинг тарихий обидалари ва илмий анъаналари Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини чуқурроқ англаш имконини берганини таъкидлади.
Хусусан, Шоҳи Зинда мажмуаси, Регистон ансамбли, тарихий мадрасалар ва меъморий ёдгорликлар унинг эътиборини тортган.
«Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида тадқиқот олиб борар эканман, Ўзбекистоннинг тарихий мероси нечоғлиқ бой эканига яна бир бор амин бўлдим. Шоҳи Зинда, Регистон ва бошқа тарихий обидалардаги мадрасалар, меъморий ечимлар ва асрлар давомида сақланиб келаётган илм муҳитида бу юртнинг буюк тарихи намоён бўлади. Ўзбекистон фақат Имом Бухорий ватани эмас. Бу замин Беруний, Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва кўплаб бошқа буюк алломаларни ҳам дунёга берган. Ана шу илмий мерос ва улуғ мутафаккирлар Ўзбекистоннинг ҳақиқий бойлигидир. Ислом цивилизацияси маркази эса бу бойликни дунёга танитишда муҳим ўрин тутади», — деди у.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати