2024 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказилиши режалаштирилган. Конференция материаллари алоҳида тўплам сифатида чоп этилиши белгиланган.
Шу муносабат билан конференция материаллари тўпламида ўз мақолаларини чоп эттириш истагида бўлган етук уламолар, иқтидорли имом-хатиблар, таълим муассасаларининг мударрис-ўқитувчилари, исломшунос олим ва тадқиқотчилар, соҳа вакиллари ва салоҳиятли талабаларни ўзларининг илмий мақолалари билан фаол иштирок этишга чақирамиз.
Тезис матнини расмийлаштириш талаблари:
1. Тезис матни MS Office дастурининг WORD 2010 муҳарририда, Times New Roman шрифти, 14 кегел катталиги, 1,5 интервалда бўлиши ва 4 бетдан ошмаслиги лозим.
2. Тезис матнлари таҳрир қилинган ҳолда А4 ҳажмдаги қоғозга, юқоридан ва пастдан 2,5 см., чапдан 3 см., ўнгдан 1,5 см. жой қолдириб, 1 нусхада топширилади. Тезисни тайёрлашда фойдаланилган адабиётлар ҳар бир саҳифа остида ҳавола (сноска) тарзида берилади.
3. Маърузачининг исми фамилияси, илмий даража ва унвони (ўнг юқори бурчак, курсивда, 10 кегель катталигидаги шрифт, 1 интервал), ташкилот ва шаҳар номи, мулоқот телефонлари жой коди билан (иккинчи қаторда) кўрсатилади. Сўнгра 1 интервал қолдириб, тезиснинг номи бош ҳарфлар билан ёзилади. Асосий матн 1,5 интервалли қаторларда ёзилади.
Талабгорлар тезисларини 2024 йил 20 сентябрга қадар Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ташкилий қўмитаси: Н.Саминова (телеграм номери: 99 327-23-08)га электрон нусхада юборишлари мумкин.
Конференция мавзуси, илмийлик ва нашр этиш талабларига жавоб бермайдиган тезислар чоп этилмайди.
Илмий тезис матнида келтирилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига муаллифлар жавобгардир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати