Бугун, 9 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди.
Ушбу муносабат билан бугун юртимиздаги барча диний таълим муассасаларида Ватанимиз мустақиллигимизнинг 33 йиллиги ва 2024-2025-ўқув йили бошланиши муносабати билан “Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!” шиори остида тадбирлар бўлиб ўтди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Диний идора раиси ўринбосари, мазкур институт ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, шунингдек, диний соҳа вакиллари, ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.
Маросим Қуръони карим тиловати, хайрли дуолар ва давлат мадҳияси билан бошланди.
Учрашув аввалида Президент маслаҳатчиси Музаффар Камилов сўзга чиқиб, барчани Истиқлолимизнинг 33 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши билан қутлади. Шунингдек, у ўз сўзида мамлакатимизда Юртбошимиз бошчилигида барча соҳаларда бўлгани сингари диний-маърифий соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани, буни биргина диний таълим борасидаги қатор янгилик ва хушхабарлардан ҳам кўриш мумкинлигини баён этди.
Муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига катта эътибор берилаётгани, хусусан, жорий йилнинг ўзида диний соҳада малакали кадрларни тайёрлаш учун Тошкент ислом институтида магистратура босқичи очилгани ва унинг илк талабалари ушбу тадбирда қатнашаётгани, олий диний таълим муассасалари сони эса яна биттага кўпайиб, Сурхондарё вилоятида Имом Термизий номидаги ислом институти фаолият бошлагани ҳар бир мўмин-мусулмон ҳамюртимизни қувонтирганини алоҳида қайд этдилар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан кейинги вақтда диний таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, хусусан, профессор-ўқитувчиларнинг маошини ошириш, талабаларнинг шартнома пулларини имкон қадар оширмаслик, диний таълим муассасаларидаги ўқув дастурларини замон талабига қараб янгилаб борилаётгани, муддарис ва талабалар ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, динимиз ривожи, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қилиши лозимлигига урғу қаратдилар.
Маросим якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, мустақиллигимиз бардавом бўлиши ҳамда янги ўқув йили хайр-баракали ўтишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Бу каби байрам тадбирлари юртимиздаги барча олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида ҳам бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси