Жорий йилнинг 9 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси – UNFPA Ўзбекистондаги масъуллари ва Мисрнинг Ўзбекистондаги элчиси ҳамда Ал-Азҳар мажмуаси вакиллари иборат мартабали меҳмонлар билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов меҳмонларни ташриф билан қутлаш баробарида кейинги йилларда юртимизда барча йўналишлар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ижобий ўзгаришлар бўлаётгани, жумладан, фуқароларга Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш ишлари тизимли йўлга қўйилгани, янги диний таълим муассасалари очилаётгани, улардаги фан дастурлари сифат ва мазмун жиҳатдан такомиллаштирилаётгани, зиёратчиларимизни умрага чекланмаган ҳисобда юбориш йўлга қўйилгани, ҳаж сафари квотаси ҳам йилдан-йилга ошириб борилаётганини алоҳида қайд этди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг янги тараққиёт даврида барча ислоҳотлар инсон ва унинг қадрини юксалтиришга қаратилгани, диний-маърифий жабҳада ҳам кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани, мазкур учрашув ҳам ана шу йўналишда биргаликдаги яқин алоқалар натижаси эканини таъкидлади.
Ислом олий уламолар кенгаши бош котиби, профессор доктор Аббас Шўмон, Ал-Азҳар мажмуасининг Халқаро ислом аҳолишунослик ва тадқиқот Маркази директори профессор Жамолиддин Абдулсурур, Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Амира Фаҳми хоним, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси – UNFPA Ўзбекистондаги доимий вакили Нигина Абасзаде самимий қабул, хайрли тилак ва манфаатли суҳбат учун ташаккур айтишди.
Мартабали меҳмонлари ўз сўзи давомида янгиланаётган Ўзбекистонда ўзаро ҳамкорликдаги хайрли ишларни янада ривожлантиришга имконият ва шароитлар яратилаётгани, келгусида ҳамкорликдаги дастурларни амалга оширишда замонавий ахборот технология ва методлардан фойдаланиш зарурлиги, дастурларнинг кенг ёйилиши ва амалга ошишида диний соҳа вакилларининг аҳамияти ниҳоятда катталигини қайд этди.
Маълумот учун, мазкур мартабали меҳмонлар шу кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларига оид ислом таълимоти меъёрларини ўрганишнинг назарий-тадбиқий жиҳатлари” мавзусидаги халқаро ўқув семинарда иштирок этмоқда. 9 сентябрь куни мазкур анжуманнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов маъруза билан қатнашди. Ўқув семинар 12 сентябргача давом этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати