Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Буюк Британия ҳукуматининг молиявий кўмагида Ал-Aзҳар университети (Миср) билан ҳамкорликда ташкил этган аёллар ҳуқуқларини Ислом дини нуқтайи назаридан ривожлантиришга оид семинар-тренинг долзарблиги билан аҳамиятлидир.
Дастур Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
UNFPAнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ва Тожикистондаги ваколатхона директори, доктор Нигина Абасзада семинар аввалида диний қарашларни гендер тенглиги ташаббусларига интеграция қилиш муҳимлигини таъкидлади.
– Ислом динида аёллар ҳуқуқларини тарғиб қилиш, аёллар ва қизларнинг ўз салоҳияти ва танловини рўёбга чиқариши учун муносиб ва эъзоз билан яшашлари учун адолатли муносабатда бўлиш, аёлларни ҳимоялаш азалдан мавжуд, – деди UNFPAнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ва Тожикистондаги ваколатхона директори, доктор Нигина Абасзада. – Эътиқод етакчилари ва ҳамжамиятларни жалб қилиш орқали биз ушбу қадриятлар аёллар ҳуқуқларини ҳимоялаш ва гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизда акс этишини таъминлаймиз. UNFPA Ўзбекистонни ушбу эзгу ишларда қўллаб-қувватлашга содиқдир. Мазкур семинар гендер тенглиги йўлидаги ишларимизда муҳим босқич бўлишига ишонамиз.
13 сентябрга қадар давом этадиган мазкур семинарда имом-хатиблар, отин-ойилар, маҳалла ва диний ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Ислом динида аёллар ҳуқуқлари соҳасида ўз тажрибалари билан ўртоқлашган исломшунослик соҳасидаги етакчи институт Ал-Азҳар университетининг нуфузли профессор-ўқитувчилари, жумладан, 60 нафаргача киши иштирок этмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати мутасаддилари ва Ал-Азҳар университети вакиллари иштирокидаги юқори даражадаги мулоқот қизғин руҳда ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Нурматова Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш масалаларига доимий ва жиддий эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Шу билан бирга аёлларнинг жамият ҳаётида тўлиқ иштирок этишига тўсқинлик қилувчи айрим камчиликларни ҳал этишда биргаликда иш олиб бориш муҳимлиги эътироф этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда аёл-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни ўйлантираётган муаммо ва камчиликларни тизимли ҳал этиш бўйича муттасил тарзда амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан жорий этилган «Аёллар дафтари» хотин-қизларнинг ижтимоий, иқтисодий муаммоларига барҳам беришда ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда маҳалла тизимига кенг татбиқ этилаётган «маҳалла еттилиги» хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш, турли имтиёз ва имкониятларнинг моҳиятини кенгроқ тушунтиришга хизмат қилмоқда.
Семинарда қайд этилганидек, аёлларга нисбатан турли зўравонликларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни асраш, ёшларни жиноятчиликдан огоҳ этиш, уларнинг тарбиясини тўғри ташкил этишда хотин-қизлар, маҳалла фаоллари, нуронийлар, диний уламолар, отин-ойилар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Мазкур тадбир диний етакчилар ва ҳамжамият вакилларига гендер тенглиги, аёллар ҳуқуқлари ва гендерга асосланган зўравонликнинг олдини олишни фаол тарғиб қилиш учун янада имкониятларни кенгайтириб берди. Самимий мулоқот давомида зўравонликнинг зарарли оқибатлари ҳақида хабардорликни ошириш, Ислом динидаги аёллар ҳуқуқлари, жумладан, оилани режалаштириш ва ижтимоий-иқтисодий имкониятларни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди ва диний таълимотларга гендерга сезгир ёндашувларни интеграциялаш ва жамоатчилик билан алоқа қилиш бўйича илғор тажриба алмашишни рағбатлантирди.
Семинар Ислом динида аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш ва бошқа ушбу мавзуга оид кенг кўламли муҳим мавзуларни қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди.
Катта уламолар Ислом кенгаши бош котиби, Ал-Aзҳар Буюк имомининг собиқ ўринбосари профессор, доктор Аббос Солимон аёллар ҳуқуқларини ҳимоялашда диний етакчиларнинг ролини таъкидлади.
– Ислом дини аёлларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини қўллаб-қувватлайди, бу ҳуқуқлар жамиятларимизда ҳимоя қилиниши ҳамда тарғиб этилишини таъминлаш диний етакчи сифатида бизнинг бурчимиздир, – деди мисрлик профессор Аббос Солимон. – Мазкур семинар бизга ушбу масъулиятни адо этишда ёрдам берадиган билим ва илғор тажрибаларни алмашиш учун ажойиб платформадир. Қуръони каримда аёлларнинг ҳуқуқлари учун эркаклар масъул экани белгиланган. Зеро, аёл фақат шодлик учун яралган.
– Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги уйғунлик тарихимиз, анъаналаримизда намоёндир, – деди Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Амира Фаҳми хоним. – Ал-Aзҳар университети ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик диний ва давлат институтларининг гендер муносабатларини тарғиб қилишда қандай ҳамкорлик қилиш мумкинлигига ёрқин мисол бўла олади. Миср бу муҳим ишни қўллаб-қувватлаётганидан ғурурланади ва биз бунинг Ўзбекистондаги ҳамжамиятларга ижобий таъсирини кўришни интиқлик билан кутамиз.
Буюк Британиянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Тимоти Смарт ўзининг видеомурожаатида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги Буюк Британия ҳукумати ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади.
Ўқув-семинарнинг илк кунида «Аҳоли тадқиқотлари бўйича Халқаро Ислом марказининг диний асосдаги ёндашувдан фойдаланишдаги аҳамияти», «Диний етакчиларнинг аёллар саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоялашдаги аҳамияти», «Исломда аёллар ҳуқуқлари» каби мавзуларда шўъба йиғилишлари бўлиб ўтди.
Назокат Усмонова, Алимурод Мамадаминов (сурат),
ЎзА мухбирлари
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Андижон вилояти туман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида таҳлилий йиғилиш ўтказдилар.
Муфтий ҳазратлари мамлакатимизда Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, янги жоме масжидларнинг барпо этилаётгани, кўплари қайта бунёд этилаётгани ва соҳага қаратилаётган юксак эътиборга алоҳида урғу қаратдилар. Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари имом-хатибларни мана шундай эътиборга ва ишончга муносиб бўлиб, давр ва мўмин-мусулмон халқимиз талабларига ҳамнафас ҳолда фаолият юритишга чақирдилар.
Мажлисда имом-хатибларни ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларнинг илмий салоҳиятларини юксалтиришга катта эътибор қаратилаётгани, хусусан, магистратура, докторантурада таҳсил олишлари ҳамда АҚШ, Англия, БАА каби давлатларда илмий сафар ва малака ошириш имкониятлари яратилаётгани мамнуният ила қайд этилди.
Шунингдек, вилоятдаги ярим йиллик иш фаолият таҳлил қилиниб, 41 мингдан ортиқ маърифий тадбир ўтказилгани, 4 800 нафар фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилгани, 5 600 та меҳнат мигранти оиласи билан мулоқот ташкил қилингани, эҳтиёжманд оилаларга 3,5 миллиард сўм ва мадрасаларга 809 миллион сўм хайрия ёрдамлари кўрсатилгани ижобий баҳоланди.
Йиғилишда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ҳамда "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" муносабати билан масжидларни ободонлаштириш, аҳоли орасида тарғибот ишларини кучайтириш, фуқаролар мурожаатларини ижобий ҳал этиш ва маънавий муҳит соғломлигини янада яхшилаш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Бундан ташқари, иш фаолиятни рақамлаштириш, muftiy.uz иловасидан самарали фойдаланиш, интернет маконида сифатли ва муаллифлик медиа-контентлари билан фаол иштирок этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Муфтий ҳазратлари нуқтлари ниҳоясида ҳар бир имом-хатиб ўзини шариат ходими ва миллат фидоийси сифатида теран англаши, ташаббускорлик ва касбга садоқат билан халқимизга хизмат қилишлари лозимлигини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати