Бугун, 11 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг танқидий-таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлис аввалида ҳар бир имом-хатиб дин ғами, халқ дарди ва юрт тақдири йўлида астойдил хизмат қилиши лозимлиги, дин пешвоси сифатида, аҳоли, айниқса, ёшларни тўғри йўлга бошлаши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, сўнгги йиллардаги неъматлар қадрига етиш ва берилган имкониятлардан унумли фойдаланишга катта урғу қаратилди.
Танқидий масалалар муҳокамасида айрим имом-домлалар зиммасидаги бирламчи вазифасига жиддий ёндашмаётгани, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашда етарли саъй-ҳаракат қилмаётгани ва ижро интизомидаги нуқсонлар қаттиқ танқид остига олинди. Шунингдек, белгиланган тартиб-қоидалар, меҳнат шартномалари талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя этмаётган имом-домлаларга чора кўрилгани айтилди.
2024 йилнинг ўтган саккиз ойида мана шундай хато-камчиликларни содир этган, дин пешвоси сифатида иш фаолиятига эътибор қаратмаган ва меҳнат мажбуриятларини етарли даражада бажармаган Тошкент шаҳридаги масжидларда фаолият юритган 8 нафар имом-хатиб, 10 нафар имом ноиби вазифасидан озод этилгани ҳамда 2 нафар имом-хатиб ва 2 нафар имом ноибига эса ҳайфсан интизомий чораси қўллангани маълум қилинди.
Муфтий ҳазратлари ҳар бир имом-хатиб дин ва меҳроб омонатини чуқур ҳис этиши, фаолиятини яхшилаб бориши, замон билан ҳамнафасликда доимий билим-малакаларини ошириши ва пешволик мақомига муносиб бўлишини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, барча имом-хатибларни ушбу мартабада шариат ходими сифатида ихлосу муҳаббат, тақво ва садоқат билан хизмат қилишларига даъват этдилар.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ва тажрибали имом-хатиблар муҳокама қилинган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Йиғилиш якунида берилган топшириқлар юзасидан режа ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш вазифалари юкланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ