Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган хайрли ишларнинг амалдаги инъикосини янги очилаётган масжидлар, мадрасалар, “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари, умра квотаси олиб ташлангани, ҳаж квотаси оширилгани ва яна бошқа кўплаб ислоҳотлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Шунга монанд тарзда халқимизнинг ҳам маърифати юксалиб, савияси ошиб, муқаддас динимизнинг соф таълимотидан яхшигина хабардор бўлиб боряпти. Бу эса имом-хатибларимиздан ўз устида тинимсиз ишлаш, изланиш, кўп китоб мутолаа қилиш, замон билан ҳамнафас яшашни талаб этмоқда.
Табиийки, бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Йил имоми” кўрик-танлови имомларнинг билим савияси, тажрибалари янада ошишида, малакалари мустаҳкамланишида, улар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди мажлислар залида “Йил имоми –2024” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, таниқли имомлар, устозлар, ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда танловнинг туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган имомлар иштирок этди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов очиб бердилар.
Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра қуйидагилар «Йил имом–2024» танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиби деб топилди:
I ўрин: Бахтиёр домла Сатторов, Шайхонтоҳур тумани "Фирдавс" масжиди имом-хатиби;
II ўрин: Муҳиддин домла Нўъмонжонов, Олмазор тумани "Аҳмаджон қори" масжиди имом- хатиби;
Иккита учинчи ўрин:
Ўткир домла Ҳакимов, Яккасарой тумани "Усмон ибн Мазъун" масжиди имоми ҳамда Абулқосим домла Каримов Мирзо Улуғбек тумани "Мулла Қосим" масжиди имом-хатиби.
Тадбир сўнгида ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
«Йил имоми – 2024» кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ғолиби танловнинг республика босқичида қатнашади.
Фурсатдан фойдаланиб, биринчи ўринни қўлга киритган вакилимизни танловнинг республика босқичида муваффақият қозонишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати