Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Унга саловот айтинг ва салом йўлланг” (Аҳзоб сураси, 56-оят).
Салавот Аллоҳдан бўлса, бандаларига раҳмат, мағфират ва неъматдир. Фаришталардан бўлса, истиғфорлари ва хизматлари билан иззат-икром кўрсатмоқдир, умматларидан бўлса, дуо ва эъзозлашдир. (Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий, Исмоил Ҳаққий Бурсавий, Элмалили, Қози Байзовий).
Ушбу ояти карима ҳукмига кўра, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш (Аллоҳ таолонинг амри сифатида) фарздир. Аммо саҳиҳ қавлга кўра, муборак номлари зикр қилинганда салавот келтириш вожибдир. (Элмалили, Ҳақ дини, Қуръон тили, 6-жилд, 33-саҳифа; Тафсири Ҳилол, 4-жуз, 624-саҳифа).
Бунда бир мажлисда номлари зикр қилинса ёки ҳар гал номлари айтилганда салавот айтиш вожиб (Тафсири Қозий Байзовий, 4-жилд, 299-саҳифа) бўлади, деганлар ҳам бор.
Баъзи муфассирлар: “Умрида бир марта салавот айтиш вожиб”, деганлар.
Бу ҳукмларнинг далили, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Олдида номим зикр қилинганида менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, деганларидир (Сунани Термизий, Дуолар китоби, 3545-ҳaдиc).
“Энг гўзал салавотлар” рисоласидан
Бир неча юз минг абитуриент орзиқиб кутган вақт келди. 14 июлдан тест имтиҳонлари бошланади. Абитуриентларга қуйидаги дуоларни ўқишни тавсия этамиз:
﴿رَبِّ اشْرَحْ لِي صَدْرِي وَيَسِّرْ لِي أَمْرِي وَاحْلُلْ عُقْدَةً مِنْ لِسَانِي يَفْقَهُوا قَوْلِي﴾
Ўқилиши: “Робби ишроҳ лий содрий ва йассир лий амрий, ваҳлул ъуқдатан мин лисаний, йафқоҳу қовлий”.
Маъноси: “Роббим, қалбимни кенг қил, ишимни осон қил, тилимдан тугунни ечиб юборгинки, сўзимни англашсин” (Тоҳа сураси, 25-оят).
﴿رَّبِّ زِدْنِي عِلْمًا﴾
Ўқилиши: “Робби зидний ъилман”.
Маъноси: “Роббим, илмимни зиёда қилгин” (Тоҳа сураси, 114-оят).
﴿سُبْحَانَكَ لاَ عِلْمَ لَنَا إِلاَّ مَا عَلَّمْتَنَا إِنَّكَ أَنتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ﴾
Ўқилиши: “Субҳанака лаа ъилма лана илла ма ъалламтана иннака антал-ъалиймул-ҳакийм”.
Маъноси: “Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли Зотсан” (Бақара сураси, 32-оят).
اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْتَوْدِعُكَ مَا قَرأتُ وَمَا حَفَظْتُ فردده عَليّ عِنْدَ حَاجَتِي إِلَيهِ
Ўқилиши: “Аллоҳумма, инний аставдиъука маа қороьту ва маа ҳафазту фардудҳу ъалаййа ъинда ҳаажатий илайҳи”.
Маъноси: “Аллоҳим! Ўқиган ва ёд олган нарсаларимни Ўзингга топширдим, эҳтиёжим тушганда уларни менга қайтаргин”.
اللهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ عِلْمًا نَافِعًا
Ўқилиши: “Аллоҳумма инний асалука ъилман нафиъан”.
Маъноси: “Аллоҳим сендан фойдали илмни сўрайман”.
اللَّهُمَّ لاَ سَهْلاً إِلّاَ مَا جَعَلّتَهٌ سَهْلاً وَأَنّتَ تَجّعَلَ الحَزَنَ إِذَا شِئتَ سَهْلاً
Ўқилиши: “Аллоҳумма, лаа саҳлан илла маа жаъалтаҳу саҳлан ва анта тажъалул ҳазна иза шиьта саҳлан”.
Маъноси: Аллоҳим, Сен осон қилган нарсагина осондир. Хоҳласанг, қийинни осон қилурсан.
Даврон НУРМУҲАММАД