#xushxabar #umra2024
Бугун, 10 сентябрь куни “Умра – 2024” мавсумининг навбатдаги босқич илк гуруҳ зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Мазкур рейсда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Фарғона, Бухоро вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 240 нафар умрачилар Жидда шаҳрига йўл олди.
Маълумот ўрнида, зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида 3 кун, Макка шаҳрида эса 8 кун бўлади.
Мавсум давомида 4 нафар тажрибали ишчи гуруҳи ва ҳар бир гуруҳга воиз имом-хатиблардан иборат гуруҳ раҳбарлари (элликбоши) ҳамда 2 нафар малакали шифокор ҳамюртларимизга хизмат кўрсатади.
Зиёратчилар Мадинада “Grand Shahba”, Макка шаҳрида эса “Al-Ayyam Elite” ва “Marmara Hotel” сингари замонавий меҳмонхоналарда истиқомат қилишади. Уларга 3 маҳал иссиқ овқат, ширинлик ва сархил мевалар тортиқ қилинади.
Умра ибодатини адо этувчилар 11 кун мобайнида Икки ҳарамда тоат-ибодат билан машғул бўлиш билан бирга Макка ва Мадина шаҳарларида муқаддас қадамжоларни ҳам зиёрат қилишади.
Аллоҳ таоло ҳамюртларимизнинг сафарларини муборак ва хайрли қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!
Мурожаат учун телефонлар:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ҳаж-умра маркази (https://t.me/hajumrauz)
+998-99-882-18-58;
+998-77-085-18-58.
@Hajumrauzbot
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ