Шу йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мисрдаги Халқаро ислом аҳолишунослик ва тадқиқот маркази директори, профессор Жамолиддин Абдулсурур бошчилигидаги делегацияни қабул қилдилар.
Муфтий ҳазратлари мартабали меҳмонларни тaшриф билан қутлаб, кейинги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада бўлаётган катта ижобий ўзгаришларни сўзлаш баробарида Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти ҳақида маълумот бериб, Ислом олами давлатлари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилгани, хусусан, икки давлат ўртасида мазкур йўналишдаги яқин ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидладилар.
Ўз навбатида делегация раҳбари Жамолиддин Абдулсурур самимий қабул учун миннатдорлик билдириш асносида Ўзбекистонда барча жабҳада бўлаётган ўзгаришлар, жумладан, диний соҳадаги янгиликлардан беҳад хурсанд эканлигини баён этди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги яқин ҳамкорлик натижасида айни кунларда Тошкент шаҳрида ўтказилаётган Исломда аёллар ҳуқуқига бағишланган халқаро ўқув семинар юқори даражада ташкил этилгани, унда Диний идора вакиллари ҳам мавзу доирасида муҳим чиқишлар қилгани, келгусида ана шундай ҳамкорликдаги лойиҳалар давомий қилишга тайёрлигини билдирди.
Самимий учрашувда диний-маърифий соҳада ҳамкорликни янада кучайтириш, жумладан, ал-Азҳарда имом-хатиблар малакасини ошириш, Дорул Ифто ва Фатво маркази ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Андижон вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Шоирахон ҳожи онанинг умр йўлдошлари Одилжон отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Шоирахон ҳожи онага, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz