“Истихора” сўзи луғатда “яхшилик сўраш” маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда, банданинг намоз ўқиш ёки дуо қилиш билан Аллоҳ наздида яхши саналган ишга йўллашини сўраши истихорадир. Уламолар истихора суннатлигига иттифоқ қилишган. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳар бир ишда, худди Қуръондан сура ўргатгандек истихора қилишни таълим берардилар”, дейилган . Унга кўра, истихора қилмоқчи бўлган одам икки ракат нафл намоздан кейин дуо қилади.
Қуйида истихора дуосини келтирамиз.
“Аллоҳумма инний астахийрука биъилмик, ва астақдирука биқудротик, ва асъалука мин фазликал ъазийм, фаиннака тақдиру ва лаа ақдир, ва таъламу ва лаа аълам, ва анта ъаллаамул ғуйувб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳаазал амро хойрул-лий фий дийний ва маъааший ва ъаақибати амрий вақдурҳу лий, ва ин кунта таъламу анна ҳаазал амро шаррул-лий фий дийний ва маъааший ва ъаақибати амрий фасрифҳу ъанний васрифний ъанҳ, вақдур лиял хойро ҳайсу каана сумма роззиний биҳ”.
Дуонинг маъноси: “Ё Аллоҳ, илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Зеро, Сен қодирсан, мен ожизман. Сен билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билувчисан. Ё Аллоҳ, агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни менга насиб эт. Агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, уни мендан ва мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қил ва мени ундан рози қил”.
Истихорада ушбу дуони ўқиш ҳам жоиз: “Аллоҳумма хир лий, вахтар лий”.
Дуонинг маъноси: “Аллоҳим, ишимни яхши қил. (Икки ишдан) яхшисини танлашимга мадад бер”.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бирон ишга киришмоқчи бўлсалар, “Аллоҳумма хир лий, вахтар лий”, деб дуо қилардилар .
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Анас, агар бирон ишни ният қилсанг, бас, Роббингга бу борада етти марта истихора қил. Кейин қалбингга устун келган нарсага қара. Зеро, яхшилик ўшандадир”, дедилар (Ибн Сунний “Амалул явми вал-лайла”да ривоят қилган. Ривоят санади заиф).
Истихора намози ёки дуоси етти мартагача ўқилади. Кейин Аллоҳ дуони ижобат қилиши сабр билан кутилади. Истихорадан кейин қалбнинг очилиши, ундан чигаллик ва иккиланишнинг кетиши истихоранинг қабул бўлгани аломатидир.
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли
Жоҳилликлари ва дин душманларига эргашганлари илмонийларни шу ботқоққа ботирганди. Уларни тушунса бўлади, аммо биз аҳли суннани маломат қилишга сиз салафийларни ким мажбур қилди?
Илмонийларга ўхшаб исломни теран тушунмасликми? Ё дин душманларининг найрангига ўйнашми?
Бу гапларим бир толиба қиз сўраган саволга жавоб эди. Қиз: Аҳли сунна вал жамоа кимлардан иборат?” деб сўраганида, ичимдан бир оҳ тортиб, барча толиба қизларга айтдим:
“Буёғига беркитиб ўтириш йўқ. Энди ҳақиқатни яшириб ўтириш кетмайди. Энди уларга хушмуомалада бўлиш ҳам йўқ. Муросалашиб ҳам ўтирмаймиз.
Аҳли суннага қуйидагилардан бошқа ҳеч ким кирмайди:
• Фиқҳ ва усулда тўрт мазҳабга эргашганлар, ҳар асрда янгитдан чиқиб турадиган масалаларда уларнинг фиқҳи ва усулига суянадиганлар.
• Ақида ва усули динда Имом Ашъарий ва Имом Мотуридийга эргашадиганлар.
• Тасаввуфда сунний тариқатларни тан оладиганлар.
Тарихда бу йўлда бўлмаганлар жуда оз бўлишгани учун, ё камолга етишмагани учун уларни қўшиб ўтирмадим. Бинобарин, тўлақонли ҳақ узра бўлишга саводул аъзам (яъни, умматнинг аксари) юрган йўл муносибдир. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганлар.
Қолганлар эса ўриндиқларида туриб олиб мусулмоларни ўлдиришяпти, масжидларни ундаги намозхонларга қўшиб портлатиб юборишаётганлардир. Олимларни ўлдираётганлар ҳам аҳли суннадан ташқаридагилар.
Ҳой уламолар! Ҳой даъватчилар! Эй ихлосли, оқил кишилар! Энди беркитиш йўқ. Одамларга ҳақиқатни баралла етказинг. Бутун оламга жар солинг. Дин душманларига ҳам уқтириб қўйинг. Аҳли сунна вал жамоа шулар (мотуридий, ашъарий, тўрт мазҳабга эргашувчилар)дир. Тарих ҳам шуларники, ислом ҳам.
Доктор Аҳмад Муҳаммад Фозил,
Истанбулдаги Султон Муҳаммад Фотиҳ жомеъаси,
исломий илмлар куллияси доктори
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли таржимаси
Манба: http://t.me/muhaddisuz